May 22, 2022

ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (1)

Аллоҳга ширк келтириш (1)

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд…

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугундан бошлаб, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласига кирувчи бир неча суҳбатларимизни бошлаймиз. Уларда Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб борамиз:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ — رضى الله عنه — عَنِ النَّبِىِّ — صلى الله عليه وسلم — قَالَ «اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ» . قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ ، وَمَا هُنَّ قَالَ «الشِّرْكُ بِاللَّهِ ، وَالسِّحْرُ ، وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِى حَرَّمَ اللَّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ ، وَأَكْلُ الرِّبَا ، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ ، وَالتَّوَلِّى يَوْمَ الزَّحْفِ ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلاَتِ». متفق عليه

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

Ҳалок қилувчи гуноҳлар деб номланишига сабаб – улар ўз эгасини ҳалокат сари етаклайди, Аллоҳ сақласин.

Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Ҳалок қилувчи гуноҳлар кабира гуноҳлардир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини гуноҳлар ичида энг каттаси бўлган ширкдан бошладилар.

Шундай экан, бизнинг бугунги суҳбатимиз «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан биринчиси – «Аллоҳга ширк келтириш» мавзусида бўлади.

Суҳбатимизни одатимизга кўра, бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

1. Ширкнинг хатари.

2. Ширкнинг пайдо бўлиши.

3. Ширкнинг турлари.

4. Тавҳиднинг фазли.

Диққат-эътибор билан ўқишингизни умид қиламан. Зеро, мавзу ғоят муҳим мавзулардан саналади.

(Давоми бор)