June 25, 2022

ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (4)

Аллоҳга ширк келтириш (4)

Иккинчи: Ширкнинг пайдо бўлиши

(Давоми)

Сўнгра, Нуҳ алайҳиссалом қавмидан кейин Од қавми келди. Улар ҳам Аллоҳдан бошқа бут-санамларга сиғинишди. Аллоҳ таоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У уларни тавҳидга чақирди. Аллоҳ таоло айтади: «Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 50). Улар кибр билан унинг даъватини рад қилишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни шамол воситасида ҳалок қилди.

Кейин Самуд қавми келди. Аллоҳ таоло уларга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди ва у уларни тавҳидга чақирди. Улар уни ёлғончига чиқаришиб, унга қарши уруш қилишгач, Аллоҳ таоло уларни гулдурос шоқвин орқали ҳалок қилди.

Кейин Иброҳим алайҳиссалом қавми келди. Улар бутларга, қуёш, ой ва юлдузларга сиғинишарди. Аллоҳ уларга Ўз халили Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Иброҳимдан сўнг фақат унинг зурриётидан пайғамбарлар чиқарди. Пайғамбарлар асосан унинг ўғли Исҳоқ зурриётидан келди. Аммо, яна бир ўғли Исмоил зурриётидан Аллоҳ таоло фақат бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилди ва у зотни барча пайғамбарлар саййиди қилди.

Кейинчалик ширк Бану Исроил ичида тарқалди. Уларнинг аввалги даврдагилари Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар ҳаром қилган бузоқ тимсолига сиғинишди, кейингилари эса Узайрга сиғинишди ва уни Аллоҳнинг ўғли қилиб олишди.

Кейинчалик насронийлар Ийсо ибн Марямга сиғинишди.

Кейин ширк араблар орасида тарқалди ва араб жазирасига Амр ибн Омир ал-Хузоий қўли билан кириб келди.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амр ибн Омир ал-Хузоийни жаҳаннамда ичакларини судраб юрганини кўрдим, у биринчи бўлиб туяларни соиба қилган (яъни бут-санамларга ажратиб чиқарган) киши эди».

Аҳмад лафзида: «Ва Иброҳимнинг динини ўзгартирган киши эди». (Бухорий: №3521, Муслим: №2856).

Кейин бутлар кўпайиб, араб жазирасини то Каъбанинг атрофларигача қоплаб олди. «Ал-ҳиля» ва «Сияру аъламин-нубала»да саҳиҳ санад билан Абу Ражо ал-Уторудийдан ривоят қилишларича, у шундай дейди: «Биз жоҳилият даврида тошларга сиғинардик. Агар бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик».

Аллоҳ таоло уларга ва бутун башариятга раҳмат қилиб, муваҳҳидлар имоми ва пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди.

Унинг Ўзи бу ҳақда шундай марҳамат қилади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва уларни ўз қўллари билан ёқишган ва алангасида ёнишга интилишаётган бу жаҳаннамдан қутқариш мақсадида келдилар. Улар ичида у зотнинг даъватларидан юз ўгирган ва кофирлик ҳолида қолган ва қуйидаги гапларни айтганлар бўлди:

«(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»

И з о ҳ. Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб «Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин», дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган ҳазрат: «У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўлурсизлар», дейдилар. Шунда мушриклар шодланишиб: «У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз», дейишганида пайғамбар алайҳис-салом айтадилар: «У сўз — ла илаҳа иллаллоҳдир - яъни Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларидан чиқиб кетишаркан:

Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос» (Сод: 5-7).

Ушбу кофир гуруҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари бошига фитналар, озорлар, азоб-уқубатлар ёғдиришга, даъват йўлига тўсиқ ва тўғоноқлар қўйишга жон-жаҳди билан уринди.

Лекин, буларнинг ҳаммаси иймон ҳаловатини тотган мўминларга сабр, салобат ва иймондан бошқа нарсани зиёда қилолмади, ҳатто Аллоҳнинг нусрати келиб, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар.

Уммат анча давргача муваҳҳиддлар имоми ва бутун инсониятнинг устози соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кийдириб қўйган тавҳид либосида юрди. Кейин аста-аста уни фитналар чулғай бошлади ва уммат секин-аста тавҳид ҳақиқатидан узоқлаша бошлади.
Ширк яна янгидан бош кўтарди, унинг суратлари, кўринишлари, шакллари кўпайди, ўзини мусулмон санайдиган жуда кўпчилик одамлар ширк ботқоғига ботиб кетдилар.
Ширк бугунги кунда ўша дастлабки пайтлардаги мушриклар қилганидек, тошлардан ўз қўллари билан ясаб олган бутларига сиғиниш суратидагина сақланиб қолган эмас. Балки, ҳозирда ширкнинг кўринишлари кўпайиб, эътиқодда бўлсин, ибодатда бўлсин, қонунчиликда бўлсин, Аллоҳни қўйиб, бошқаларга сиғиниш авж олган.

Булар ҳақида бирма-бир сўз юритишга вақтимиз етмайди. Бироқ, шу нарсани билиш кифояки, бугун биргина Ҳиндистонда 200 000 000 (икки юз миллион)дан ортиқ сиғиниладиган сигир мавжуд!!

Назрлар ва қурбонликлар олиб келинадиган сон-саноқсиз маҳобатли ибодатхоналар мавжуд. Лекин, энг қизиғи, бу улкан ибодатхоналарда қайси олиҳаларга сиғинишларини биласизми?! Сичқонларга!! Ҳа.. Сичқонларга сиғинадилар!!

Бу эса биз муваҳҳидлар зиммасига Аллоҳ азза ва жалла олдида жуда катта масъулиятлар юклайди.

Хўш, биз нима иш қилиб қўйдик?!

Қай даражада куч сарфладик?!

Маълумки, одамларга ҳукмларни чиқариб қўйиш билан кифояланиб, уларни Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилишга ҳаракат қилмаслик умматнинг воқелигини ўзгартира олмайди.