ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (2)
Биринчи: Ширкнинг хатари
Севикли дўстларим! Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳдир.
Шунинг учун ҳам барча пайғамбарлар ҳамма нарсадан аввал биринчи ўринда тавҳидга чақирганлар ва ҳамма нарсадан олдин биринчи ўринда ширкдан қайтарганлар, Аллоҳ таоло бошқа бирон гуноҳга ширкка беражак азобича азоб бериши билан огоҳлантирмаган.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Ҳатто, Аллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ бандалари бўлмиш, халқлари орасидан танлаб олган пайғамбарларига шундай хитоб қилди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Моида: 88).
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби, халили, пайғамбарларининг саййиди ва имоми бўлган, муваҳҳидлар йўлбошчиси ва муҳаққиқлар намунаси бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай хитоб қилди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: “Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!”» (Зумар: 65, 66).
Шунинг учун ҳам «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилган ҳолда ўлса, дўзахга киради», деганлар (Бухорий: №1238).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен айтаманки, ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради».
«Саҳиҳ Муслим»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки нарса (икки нарсани) вожиб қилувчидир», дедилар. Бир киши: «Улар нималар, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай ўлса, жаннатга киради, ким Аллоҳга бир нарсани ширк келтириб ўлса, дўзахга киради» дедилар (Муслим: №93).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен (уловда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига мингашиб кетаётган эдим, ўртамизда эгарнинг суянчиғидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
У зот: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.
Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.
Бироз юргач, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.
Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.
Бироз юргач, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар. Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.
«Аллоҳнинг бандалар зиммасидаги ҳаққи нималигини биласизми?», дедилар.
«Аллоҳ ва расули билувчироқ», деб жавоб бердим.
«Аллоҳнинг бандалар зиммасидаги ҳаққи Унга ибодат қилишлари ва бирон нарсани шерик қилмасликлари», дедилар.
Кейин бироз юргач: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.
Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.
«Бандалар агар шундай қилсалар, уларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари нималигини биласизми?», дедилар.
«Аллоҳ ва расули билувчироқ», деб жавоб бердим.
«Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари У уларни азобламаслигидир», дедилар (Бухорий: №7373, Муслим: №30, Термизий: №2646).
«Саҳиҳайн»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Раббим томонидан бир элчи келиб, умматим ичидан ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, унинг жаннатга киришини хабар берди – ёки хушхабар берди – », дедилар. Мен: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳамми?!» деб сўрадим. «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам!», деб жавоб бердилар (Бухорий: 3/88, 89, Муслим: №94, Термизий: №2646).
«Саҳиҳайн»да Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинган, у отасидан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Толибнинг олдида Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ҳам бор эди.
«Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
«Эй Абу Толиб, Абдул Муттолиб миллатидан юз ўгирасанми?!», дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (иймонни) таклиф қилишда, у иккиси эса уни қайтаришда давом этавердилар. Ҳатто, Абу Толибнинг уларга айтган охирги сўзи «Балки, мен Абдул Муттолиб миллати – динидаман», деган сўзи бўлди, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишдан бош тортди.
«Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:
«На Пайғамбар ва на мўминлар – агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам – уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасос: 56). (Бухорий: №3883, Муслим: №24).
Ширкнинг ғоят хатарли гуноҳ эканига далолат қилувчи оят ва ҳадислар жуда кўп, уларнинг ҳаммасини олиб келишга вақтимиз етмайди.