August 29, 2022

ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (9)

Сеҳргарлик (3)

Иккинчи: Сеҳрнинг моҳияти ва турлари (1)

Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий маънолари билан танишиб олганимиздан сўнг, энди сеҳрнинг моҳияти ҳақида тўхталамиз.

Имом Қуртубий айтади: «Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳаби шуки, сеҳр собит ва унинг ҳақиқати бор. Бунга «аҳлул-ҳалли вал-ақд» (яъни, сўзлари мўътабар бўлган улуғ имомлар) бўлмиш, улар билан ижмоъ ҳосил бўладиган олимлар ижмоъ-иттифоқ қилганлар. Уларнинг иттифоқлари олдида мухолифларга эътибор йўқдир» (Тафсирул Қуртубий: 2/46).

Имом Нававий айтади: «Баъзи асҳобларимиз – яъни шофиийлар – сеҳрни ҳақиқати йўқ ва хаёлий нарса, дейишади. Тўғри гап шуки, сеҳрнинг ҳақиқати бор, бу ҳақда жумҳурнинг фикри қатъий, уламолар оммаси шу фикрда, Қуръон ва саҳиҳ, машҳур Суннат ҳам шунга далолат қилади» (Нававий: «Равзатут-толибийн: 9/346).

Сеҳр хаёлий нарса, унинг ҳақиқати йўқ, деб айтувчилар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини далил қиладилар:

«(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳа: 66).

«У (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаганларида одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар» (Аъроф: 116).

Улар ушбу оятларни далил қилиб, сеҳргарлар нарсаларнинг ҳақиқатини ўзгартиришга, масалан тошни олтинга, қоғозни пулга айлантиришга ҳеч қачон қодир бўлмайдилар, агар бунга қодир бўлишганида, энг бой одамларга айланишган бўлар ва одамларнинг пулларини ботил йўл билан ейиш учун бундай ҳийлалар қилиб ўтиришга эҳтиёжлари бўлмас эди, дейдилар.

Бундан ташқари, улар, агар сеҳргарлар бунга қодир бўлишса эди, ҳақ ботил билан, сеҳр мўъжиза билан аралашиб кетган бўларди, дейдилар.

Жумҳур аҳли илмлар ҳам сеҳрнинг ҳақиқати борлигига ва унинг хаёлий нарса эмаслигига Китоб ва саҳиҳ суннатдан далиллар олиб келадилар. Жумладан:

«Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай¬тонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.— Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар.— Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди» (Бақара: 102).

Ҳақ таборака ва таоло ушбу Қуръон оятларида шайтонлар одамларга сеҳр ўргатишини ва одамлар улардан сеҳр ўрганишларини айтади.

Агар сеҳр ҳақиқатан бор бўлмаса, улар одамларга нимани ўргатишади?!

Қуръон оятлари очиқ баён қилишича, сеҳргар ўз сеҳри билан эр-хотин ўртасини ажратиб ташлайди.

Улар Аллоҳ таолонинг: «Тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан… паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (Фалақ: 4) оятини ҳам далил қиладилар.

Тугунларга дам солувчи аёллар сеҳр қилиб, унга дам урадиган сеҳргар хотинлардир.

(Давоми бор)