ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (7)
Маълумки, аввалги суҳбатимиздан бошлаб Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.
«Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан бугунги суҳбатимиз сеҳр ва сеҳргарлик мавзусида бўлади.
Сеҳр – унда ҳақиқат хурофотга, илм кўзбоғловчиликка, сабаб ва омиллар ғараз ва мақсадларга аралашиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетган қизиқ бир оламдир.
У – содда дилларни ўзига маҳлиё қилиб оладиган, гўл ва содда кишиларни оҳанграбодек тортадиган зоҳири гўзал ва жозибадор, бироқ ботини ақлли кишилар ундан жирканадиган, мунаввар қалб ва соғлом табиат эгалари ундан юз ўгирадиган ифлос ва бадбўй оламдир!!
Сеҳр тарихи зим-зиё зулмат тарихидир!!
У – инсу жин шайтонлари Аллоҳнинг бандаларини шу билан адаштирадиган ва шу туфайли куфр, ширк ва залолат жиноятига тортадиган шайтоний алдовдир!![1].
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бизнинг тараққиёт асримизга келиб, сеҳр ва сеҳргарларга нисбатан қарашлар хатарнок тус олди.
Башарият қуп-қуруқ моддий ҳаётдек улкан балога гирифтор этилиши ортидан қалблар тошдек қотиб кетди! Жуда кўп инсонларнинг руҳларида оқиб турган эзгулик чашмалари қуриб қолди!
Руҳий-маънавий муаммо ва тугунлар асрнинг белги-аломатига айланди.
Кўнгил роҳати ва қалб хотиржамлигини йўқотган жуда кўп кишилар сеҳргар ва кўзбоғловчиларга мурожаат этадиган бўлдилар!
Ечимига руҳиятшунос олимлар ва социология илми устозлари ожизлик қилган муаммоларига ечимни улар ҳузуридан қидирадиган бўлдилар! Ва бу ишлари билан гўё кун тиғидан қочиб, ўзларини олов ичига ургандек бўлдилар![2]
Ушбу мавзунинг муҳимлигини ҳисобга олиб, Аллоҳнинг изни билан иккита суҳбатни шу мавзуга бағишлаш ниятидамиз. Суҳбат мавзуси қуйидаги моддалардан иборат бўлади:
1. Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий таърифи.
2. Сеҳрнинг моҳияти ва турлари.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни сеҳрлашганми?
4. Сеҳрнинг ҳукми ва сеҳргарнинг жазоси.
Диққат-эътибор билан ўқишингизни умид қиламан. Зеро мавзу, айтиб ўтганимиздек, ўзига хос аҳамиятли мавзулардан саналади.
____________________________________________________________
[1] Умар ал-Ашқар: «Сеҳр ва кўзбўямачилик олами», 7, 8 саҳифалар.