April 20, 2020

​РАСУЛУЛЛОҲ СЕВГИСИ ВА УНИНГ АЛОМАТЛАРИ (15)

Иккинчи аломат: Аллоҳнинг расули учун жон ва молу-дунёни фидо этиш (3)

3. Ўн бир ансор ва Талҳа розияллоҳу анҳумларнинг Аллоҳнинг расули учун жонларини фидо қилишлари

Уҳуд жангида баъзи камончилар хато қилиб, ўз мавқеъларини тарк этдилар. Маккалик Қурайш қабиласига мансуб ва Холид ибн Валид қўмондонлиги остидаги бир бўлинма, мусулмонларнинг орқасидан бостириб келди. Бунинг оқибатида мусулмонлар сафида парокандалик вужудга келди. Шундай бир ҳолат вужудга келдики, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида ўн икки киши қолди. Мушриклар улар томон яқинлашдилар.

Хўш, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган бу улуғ инсонлар, суйганлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишда қандай матонат кўрсатдилар? Буни билиш учун имом Насоий раҳимаҳуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилган ушбу ривоятни ўқийлик:

"Уҳуд куни одамлар ортга чекинганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки ансор билан бир чеккада қолдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу улар билан бирга эди. Мушриклар уларни қуршаб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қараб: "Булардан бизни ким ҳимоя қилади?!"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу: "Мен!"- дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен қимирлама!"- деб буйруқ бердилар. Буни эшитган ансорлардан бири; "Мен, эй Аллоҳнинг расули"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен чиқ!"- дедилар. У ансор ўлгунига қадар жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг яна қуршаб олаётганларини кўриб: "Бизни булардан ким ҳимоя қилади?!"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу яна: "Мен!"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жойингдан қимирлама!"- деб буйруқ бердилар. Шунда ансорлардан бири: "Мен"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен чиқ!"- дедилар. У ҳам ўлдирилгунига қадар жанг қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги сўзларни такрорлар ва мушрикларнинг қаршисига бир ансор чиқиб, аввалги ансорлар каби матонат билан ўлгунига қадар жанг қилар эди. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Талҳа розияллоҳу анҳу бирга ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Буларнинг қаршисига ким чиқади?"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу: "Мен!"- деди. У ўн бир ансор каби жанг қилди. Ниҳоят, қўли яраланди ва бармоқлари кесилганида: "Оҳ!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар "Бисмиллаҳ!" деб айтсайдинг, фаришталар сени юқорига кўтарар, одамлар сенга қараб қолишар эди"- дедилар. шундан сўнг, Аллоҳ таоло мушрикларни қайтарди" ("Саҳиҳу Сунанин-Насоий": 2951; 2/661. Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ деди: "Ҳадис "Бармоқлари кесилди" дейилиши билан ҳасандир. Ундан аввалги ривоятнинг ҳасан бўлиш эҳтимоли бордир. Ҳадис имом Муслимнинг шартига кўрадир (Аввалги манбаъ: 2/661). Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида: "Ровийлари ишончлидир"- деди (Сияру аъламун-нубалаа": 1 / 27).

Аллоҳу Акбар! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган ўн бир киши, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Оламлар Роббиси ва ўзларининг ҳабиблари йўлида жонларини фидо қилдилар. Ўн иккинчи шахс – Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни мудофаа қилиши осон бўлмади. У ўн бир ансор каби жанг қилди. Бунинг оқибатида қўли яраланди. Чунки у, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни қўли билан ҳимоя қилар эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра: "Қайс: "Мен Уҳуд куни Талҳанинг пайғамбаримизни ҳимоя қилган ярадор қўлини кўрдим"- деди" (Имом Бухорий: 4063; 7 / 359).

Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг Роббиси номига қасам ичиб айтаманки, Буюк Аллоҳнинг энг суйгани ва яратилган барча махлуқларнинг энг улуғини мудофаа қилиш учун ярадор бўлган бу қўл қандай бахтли ва қандай пок-а!! Бу қўлнинг эгаси қанадай бахтиёр-а!!

Улуғ пайғамбарни мудофаа қилар экан қўлгина эмас, балки, тананинг ҳамма ери жароҳат олган эди. Чунки, Талҳа розияллоҳу анҳунинг баданида етмишга яқин жароҳат бор эди. Имом Абу Довуд Таёлисий раҳимаҳуллоҳ онамиз Оиша розияллоҳу анҳонинг Абу Бакр розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятини келтирди: "... Сўнгра, чуқурлардан бирида ётган Талҳанинг ёнига бордик. Унинг баданида найза, (камон) ўқи ва қилич зарбаларидан етмиш атрофида ёки етмишдан ортиқ ёҳуд етмишга яқин жароҳат кўрдик" ("Минҳатул-Маъбуд фий тартиби Муснадит-Таёлисий Аби Довуд": 2346; 2/99. Қаранг: "Фатҳул-Борий": 7/82-83).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Уҳуд кунини эсласа йиғлар ва: "У кун – Талҳанинг куни эди!"- дер эди. (Қаранг: "Минҳатул-Маъбуд": 2/99).

Аллоҳ таоло Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Бакр ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган барчадан рози бўлсин!