August 24, 2022

ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (8)

Сеҳргарлик (2)

Биринчи: Сеҳрнинг луғавий ва истилоҳий таърифи

«Сеҳр» (السحر) сўзи араб тилида ҳар қандай сабаби махфий нарсага ишлатилади.

Абу Убайд айтганидек, сеҳрнинг асли бир нарсани ўз ҳақиқатидан бошқага буриб юборишдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!» (Муъминун: 89). Яъни, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!

Буриб юбориш кўзга нисбатан бўлиши, яъни кўзбойлоқчилик бўлиши мумкин, у ҳолда кўз нарсаларни ўз ҳақиқатидан бошқача кўрадиган бўлади.

Ёки у қалбга нисбатан бўлиши, яъни муҳаббатни нафратга, ёки аксинча, нафратни муҳаббатга айлантириб қўйиши мумкин.

Ёки буриб юбориш ҳалол сўз билан бўлиши ҳам мумкин, буни баён, яъни сўздаги маҳорат деб аташ мумкин.

«Саҳиҳул Бухорий»да ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Албатта, баёнда (яъни сўзлашда) ҳам сеҳр бор» (Бухорий: №5767, Муватто: 2/986, Абу Довуд: №5007, Термизий: №2029, Муслим: №869).

Сеҳрнинг уламолар истилоҳидаги таърифи:

Ал-Фахрур-Розий тафсирида айтади: «Билингки, сеҳр лафзи шариат урфида ҳар қандай сабаби махфий ва ўз ҳақиқатидан бошқача хаёл қилинадиган ва алдов йўлида кетадиган нарсаларга хосдир».

Имом Жассос ва бошқалар ҳам сеҳрни шундай таърифлаганлар. Улар фикрича, сеҳрнинг ҳақиқати йўқ, у йўқ нарсани хаёлда бор қилиб кўрсатишдир.

Имом Ибн Қудома «Ал-муғний» китобида сеҳрга шундай таъриф беради: «Сеҳр – тугун (боғлаш), жоду ва у (яъни сеҳргар) айтадиган ва ёзадиган сўз ё қиладиган амалки, у сеҳр қилинган кишининг баданига ё қалбига ё ақлига билвосита таъсир қилади. Сеҳр ҳақиқатан бор нарсадир. Баъзи сеҳрлар ўлимга олиб келади, баъзиси касал қилиб қўяди, баъзиси эрни аёлидан (яъни жинсий алоқадан) тўсиб қўяди, баъзиси эр-хотинни ажратиб юборади ё бирига иккинчисини ёмон кўрсатиб қўяди ё икки киши ўртасида севги-муҳаббат пайдо қилади…».

Шу ўринда биз сеҳр, каромат ва мўъжиза ўртасини фарқлаб олишимиз керак бўлади.

Сеҳр сеҳргар билан шайтон ўртасидаги ўзаро келишув бўлиб, бу келишувга кўра, сеҳргар шайтонга куфр, ширк ва ҳаром ишларни қилади, бунинг муқобилида шайтон унга ўзи истаган сеҳр ишларида ёрдам ва мадад беради. Сеҳргарнинг Аллоҳга куфри ва шайтонга ибодати нақадар кучайса, шайтон ҳам унга шу қадар кўпроқ итоатли бўлади.

Каромат эса фақат валийларда бўлади.

Мўъжиза эса фақат пайғамбарларда бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтганидек, улар ичида муштарак нарса шуки, ҳаммасида ҳам ғайриоддий иш содир бўлади.

(Давоми бор)