ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (5)
Аллоҳга ширк келтириш (5)
Учинчи: Ширкнинг турлари (1)
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ширк икки турга – катта ва кичик ширкка бўлинади.
Катта ширкдан тавба қилинмаса, уни Аллоҳ таоло асло кечирмайди.
Катта ширк – Аллоҳ таолодан бошқани Унга тенг кўриш ва уни худди Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриш ва ундан худди Аллоҳдан қўрққандек қўрқишдир. Бу тенглаштириш ширкидир. Аллоҳ таоло дўзахда мушрикларнинг ўз олиҳаларига қиладиган хитобини келтиргани каби: «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар!) барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда очиқ залолатда бўлган эканмиз» (Шуъаро: 97-98).
Ҳа, бу тенглаштириш муҳаббат, улуғлаш ва ибодатда бўлганди!
Қолаверса, улар ўша олиҳаларини ўзлари учун қонунлар чиқариб берадиган парвардигорлар қилиб олишган, уларнинг қонунларини ва фикрларини Аллоҳнинг қонунларидан кўра кўпроқ улуғлаб, амал қилишганди!
Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?», деб сўраганида у зот: «Эй Абу Ҳурайра, сизнинг ҳадисга бўлган иштиёқингизни кўрганлигим учун сиздан аввал бирор киши бу ҳадис ҳақида мендан сўрамайди, деб ўйлаган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир», деб жавоб берганлар (Бухорий: №99).
Яъни, бу ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг шафоатларига эришишнинг энг катта сабаби Аллоҳ азза ва жаллага тавҳидни холис қилиш эканини баён қилиб бердилар.
Анави ёлғон ва сохта олиҳалар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мутлақо шафоатчи бўлолмайдлар.
Аллоҳ таоло айтади: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).
Аллоҳ таоло айтади: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).
Аллоҳ таолони фақат тавҳидга далолат қилувчи сўз ва ишларгина рози қилади.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар» (Исро: 56).
Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да саҳиҳ санаган, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кичик ширкка шундай таъриф берганлар:
«Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар у зот. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар», деб айтади», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Табароний «Ал-кабир»да ривоят қилган ва Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№1505) саҳиҳ санаган).
Риё луғатда «кўрмоқ» маъносидаги «ар-руъя» сўзидан олинган.
Шариат истилоҳида эса банда амалларини ёлғиз Аллоҳ азза ва жаланинг розилигини кўзламасдан қилишидир. Риёнинг ҳадди – Аллоҳ таолога ибодат бўлган амал билан бандаларни ирода қилишдир.
Риё амалларни бекорга чиқаради. Чунки, Аллоҳ таоло амаллар ичидан фақат холис ва тўғри бўлганини қабул қилади.
Холис – у билан фақат Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги қасд қилинган амалдир.
Тўғри амал эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлган амалдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).