February 20, 2020

Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари (7)

Учинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйиш аломатлари (3)

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиши сабабли ансор-мадиналикларнинг севиниши

Ансор киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юртларига ҳижрат қилгани ва у зотни кутиб олиш хабарини шавқ билан эшитдилар. Сунан-ҳадис ва сийрат китоблари уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш шавқлари ва улар ҳузурига келишлари сабабли севинчларини тасвир этган ифодаларни бизга қадар етказди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Урва ибн Зубайр разияллоҳу анҳудан Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Мадинанинг ташқарисидаги Ҳаррада қандай кутганларини нақл қилмоқда. Унинг ривоятида шу жумлалар бор:

"Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанликларини эшитган эдилар. Шунинг учун ҳам улар, ҳар куни Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовурмагунича у ердан жилмас эдилар. Кунларнинг бирида узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтдилар. Улар уйларига кириб бўлишгач, бир яҳудий яҳуд қалъаларидан бирининг устига нимагадир қараш учун чиқди ва олисдан саробларда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай келаётган оппоқ кийимдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ҳамроҳини кўрди-да: "Эй араблар, сиз кутган соҳибингиз келмоқда!",- деб бор овози билан ҳайқиришдан ўзини тута олмади.

Мусулмонлар зудлик билан қуролларини қўлга олдилар ва Ҳарранинг ортида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бирга ўнг тарафга қараб йўл олдилар ва Амр ибн Авф қабиласида қўноқладилар" (Имом Бухорий: 3906; 7 / 239).

Аллоҳу Акбар! Мадиналиклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш учун нақадар шавқли ва самимий эдилар! Ҳар куни эрталаб Ҳаррага чиқишар ва чошгоҳ ҳарорати қовургандагина уйларига қайтар эдилар!

Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида: "чошгоҳ иссиқлари куйдирганидагина уйларига қайтар эдилар" жумласи ("ат-Табақотул-кубро", 1 / 233), Ҳокимнинг ривоятида эса: "Пешин иссиғи безовта қилмагунича кутиб турар эдилар" жумласи бор ("ал-Мустадрак", 3 / 11).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорлар тарафидан Мадинада қуйидагича кутиб олинганини ҳам ривоят қилди. Анас разияллоҳу анҳу деди: " Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарранинг ён тарафида қўноқладилар. Сўнгра, ансорларга келганлари ҳақида хабар юбордилар. Хабарни эшитган ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, салом бердилар ва: "Ҳар икковингиз омонликда ва итоат қилинган ҳолда уловларингизга мининглар!"- дедилар.

Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу уловларига миндилар. Қуролланган одамлар уларни орқа томонларидан ўраб олдилар. Мадина аҳли "Набиюллоҳ (Аллоҳнинг пайғамбари) келдилар! Набиюллоҳ келдилар!" дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга чиқдилар ва Абу Айюб разияллоҳу анҳу хонадонининг яқинига етганларида тўҳтадилар" (Имом Бухорий: 3911; 7 / 250).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятга қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳуни кутиб олиш учун беш юзга яқин мадиналик чиққан эди. Уларнинг ёнига етиб келган ансорлар: "Икковингиз ҳам омонлик ва итоат қилинган ҳолингизда юрингиз!"- дедилар ("ал-Фатҳур-Роббаний ли тартиби Муснадил-имам Аҳмад ибн Ҳанбал": 155; 20 / 291. Ушбу ҳадисни имом Бухорий ҳам "ат-Тарихус-сағир"да ривоят қилди. Қаранг: "Фатҳул-Борий", 7 / 250. Шайх Аҳмад Банно имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис саҳиҳ эканини баён қилди. Қаранг: "Булуғул-амоний", 20 / 292).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳуни мадиналиклар қандай кутиб олганларини Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг тилидан қуйидагича ривоят қилди: " Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ва мен) йўлда давом этдик ва Мадинага етиб келдик. Одамлар Расулуллоҳни кутиб олиш учун йўл ёқаси ва томлар устига чиққан эдилар. Чўрилар ва болалар югуришиб: "Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ келдилар" Муҳаммад келдилар!"- деб қичқирар эдилар. Мадина аҳлининг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз уйда меҳмон қилиш учун бир-бири билан талашар эди... ("ал-Муснад": 3; 1 / 155. Шайх Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини айтди).

Анас разияллоҳу анҳу ушбу муборак кунда кўрганларини қуйидагича эслади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Мадинага кириб келганларидек бошқа нурафшон ва гўзал кунни ҳеч ҳам кўрмадим" (Имом Аҳмад ривояти. "ал-Фатҳур-Роббаний": 152; 20 / 290).

Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг келиши муносабати билан кўрган севинчларини қуйидагича баён қилди: "Мадиналикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли севинганларидек, бошқа бир нарса сабабли севинганларини ҳеч ҳам кўрмадим" (Имом Бухорий: 3925; 7 / 260).