ЕТТИ ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲЛАР СИЛСИЛАСИ (10)
Иккинчи: Сеҳрнинг моҳияти ва турлари (2)
Жумҳур уламолар, «Агар сеҳрнинг ҳақиқати бўлмаганида, Аллоҳ таоло ундан паноҳ сўрашга буюрмаган бўларди, демак, ундан паноҳ сўрашга буюрганлиги сеҳрнинг воқеъда таъсири борлигига далил бўлади», дейдилар.
Ибнул Қаййим айтади: «Касаллик, оғирлик (юк босиш), ақлдан озиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, қон кетиш каби асоратлар келтириб чиқарадиган сеҳр бор нарсадир, уни ҳамма одамлар билади».
Уларнинг энг катта далиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганлик воқеасидир. Қуйироқда бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз, иншооллоҳ.
Ушбу хилоф ҳақида сўз юритарканмиз, бир нарсани яхши билиб олишимиз лозим. Яъни, сеҳрнинг ҳаммаси ҳақиқат, деб айтувчилар ушбу масалада тўғриликдан четланиб кетганлар.
Шу билан бирга, сеҳрнинг ҳаммаси хаёлий ва ҳақиқати бўлмаган нарса, дейдиганлар ҳам тўғриликдан четланиб кетганлар.
Таҳқиқ шуки, сеҳрнинг бир неча тури мавжуд бўлиб, улардан баъзиси ҳақиқат, баъзиси эса хаёлийдир.
Ҳақиқий сеҳр – сеҳргар уни амалга оширишда жин ва шайтонларга суянадиган, юлдузлар ва уларнинг ўринларига сиғинадиган сеҳрдир.
Сеҳргарнинг куфри қанчалик зиёдалашса, жин ва шайтонлар унга шунчалик кўп итоат қилишади.
Воқеликда ҳақиқати мавжуд бўлмаган хаёлий сеҳр эса кўз бойлашга қурилган алдов бўлиб, унинг таъсирида кўзларга бир нарса ўз ҳақиқатидан бошқача бўлиб кўринади.
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади:
Фиръавн сеҳргарларининг сеҳри шу турдаги сеҳр эди. Қуръоний оятлар унинг хаёлий нарса ва кўз бойлоғичлик бўлганини очиқ баён қилиб келган. Аллоҳ таоло айтади: «(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳа: 66).
Аллоҳ таоло айтади: «У (Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаганларида одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар» (Аъроф: 116).
Чунки, сеҳрнинг одамлар кўзларини бўяб қўйганлиги уларнинг кўзлари ҳақиқатда бўлмаган нарсани кўргандек бўлганига далолат қилади.
Шундан хулоса қиламизки, сеҳр ҳақиқий ва хаёлийга бўлинади.
Шу ерда бир савол ўртага чиқади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқатан сеҳр қилинганми?
Бухорий, Муслим, Аҳмад, Ибн Можа, Насоий, Байҳақий ва бошқалар бир неча йўллардан ва бир неча саҳобалар орқали бу ҳақда ҳадис келтирганлар. Биз қуйида келтирадиган ҳадис «Саҳиҳул Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган:
«Бану Зурайқ қабиласидан Лабид ибн Аъсом деган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишларини қилгандек хаёл қила бошладилар. У зот бир куни – ёки бир кеча – менинг олдимда эдилар, дуо қилдилар, дуо қилдилар, сўнг: «Эй Оиша, сездингизми, Аллоҳ менга у ҳақида фатво сўраган ишимда фатво берди?», дедилар.
Мен: «У нима эди, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадим.
Айтдилар: «Ҳузуримга икки киши келиб, бири бош томонимга, иккинчиси оёқ томонимга ўтирди. Сўнг бири иккинчисидан: «Бу одамнинг дарди нима?», деб сўради. «Сеҳрланган», деди униси. «Унга ким сеҳр қилган?», деди. «Яҳудий Лабид ибн Аъсом», деди. «Нима билан қилган?», деди. «Тароқ, тўкилган соч-соқол толаси ва эркак хурмонинг гули турадиган қобиғдан қилинган идиш билан», деди. «У нарса қаерда?», деди. «Зу Арвон қудуғида», деди».
(Баъзи ровийлар «Зарвон» қудуғида» деб ривоят қилганлар. Зарвон Бану Зурайқдаги қудуқ эди). Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир гуруҳ кишилар ўша қудуққа бориб, унга қарадилар, унинг устида хурмо дарахти бор экан. Кейин Оиша розияллоҳу анҳо олдига қайтиб келиб: «Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви ивитилган ҳинага ўхшаб кетибди, у ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, уни чиқариб ташладингизми?», деб сўрадим.
«Йўқ. Аммо менга Аллоҳ офият ва шифо берди. Одамларга ундан бирор ёмонлик қўзиб қўймай, дедим», дедилар. Сўнгра буюрдилар, уни кўмиб ташланди» (Бухорий: №5766, Муслим: №2189, Аҳмад, Насоий, Байҳақий ва бошқалар).