October 17, 2018

ҲАР БИР ФУҚАРО УЧУН ЗАРУР

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ томонидан аҳолининг ҳуқуқий билимини баҳолаш ва рағбатлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, шунингдек, қо­нун ҳужжатларининг мазмун-мо­­ҳияти ва аҳамиятини аҳолига ет­ка­зиш бўйича ишлар самарадор­лигини ошириш мақсадида рес­публика бўйлаб “Ҳуқуқий билимлар куни” номи остида флешмоб кўринишидаги тадбирлар ўт­ка­зил­ди.

#huquqiybilimlarkuni ҳештеги остида ўтган флешмоб Қорақал­по­ғистон Республикаси ва вилоятлар ҳамда улардаги туманлар марказларида ташкил этилди.

Тошкент шаҳри ҳудудида эса бир вақтнинг ўзида 6 та жойда: Мирзо Улуғбек туманидаги “Эко бозор” савдо мажмуаси, Чилонзор туманидаги “Ғафур Ғулом” истироҳат боғи, Шайхонтоҳур туманидаги “Анҳор Локомотив” боғи, Яккасарой туманидаги “Next” савдо мажмуаси, Юнусобод туманидаги “Олой” бозори ҳамда “Mega PLANET” савдо мажмуаси марказий майдонларида бўлиб ўтди.

Флешмобда иштирок этган кўплаб фуқароларга тадбир доирасида ҳудудий адлия органлари ва адлия бўлимлари ходимлари ҳамда нотариуслар ва адвокатлар томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мухбирларимиз томонидан ушбу жараён қандай кечганлигига оид репортажлар тайёрланди.ъ

Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон

Республикаси халқ артисти:

— Фақат биргина йўл — қонун ва адолат йўлигина инсонни адаш­тирмайди. Бугунги тадбир ана шу ақидани ҳар бир юртдошимизнинг онгу шуурига сингдириш учун­ ўт­казилаяпти. Адлия ходимла­рининг ни­яти жуда ҳам улуғ, мақ­садлари катта. Барака топишсин. Қонун ҳи­моясида бўлишинг учун сен уни би­лишинг, ўзинг унга бағир очишинг керак. Шундагина ҳаётда ҳеч нарсадан чўчимай яшайсан, ишингда унум бўлади. Бу каби тадбирлар бориб-бориб янада улкан сайилларга айланишига ишонаман. Адлия ходимлари энг тўғри йўлни танлашибди.

Нигора АҲМАДБОЕВА,

Олмазор тумани:

— Очиғи, ҳуқуқий маслаҳатга катта эҳтиёжим бор эди. Келин бўлиб тушган уйимда 21 йилдан буён пропискада тураман. Лекин айрим сабабларга кўра турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз. Икки нафар фарзандимиз бор. Мени шу уйга кириб яшашим мумкинми, деган савол ўйлантирарди. Бугун “Ҳуқуқий билимлар куни”да адвокатдан бепул ҳуқуқий маслаҳат олдим. У менга ушбу масалада судга мурожаат қилишим зарурлигини тушунтирди. Айтмоқчиманки, биз ­аёллар табиатан бироз тор­тинчоқроқ бўламиз. Мен каби айрим аёллар ҳаётида дуч келган муаммоларга ечим топиш учун қайси идорага боришни ҳам билмайди. Бундай тадбирлар ҳу­қуқ ­идоралари ходимларини халқ билан яқинлаштиради, деб ўй­лай­ман.

Азиза Турсунбоева,

Тошкент тиббиёт академияси

3-босқич талабаси:

— Флешмоб жуда кўтаринки руҳда ўтаяпти. Бизга Адлия вазир­лиги томонидан чоп этилган “Ҳа­ётий муҳим масалалар бўйича ҳу­қуқий қўлланма” совға қилинди. Тўғ­риси, яна бир навбатдаги зерикарли тарғиботдирда бу ҳам, деб ўйладим. Лекин китобчани ва­рақ­лаб бу китоб нафақат менда, балки барча юртдошларимизнинг уйида китоб жавонида туриши кераклигини тушундим.

Асила Фармонова,

энг ёш иштирокчи, 6 ёш:

— Дадам ҳар бир бола ҳу­қуқ­ларини ёшлигиданоқ ўрга­ни­ши керак, деб мени шу ерга олиб келди. Ҳуқуқий тестларни ишлаб, юз фоизлик натижани қўлга киритдим. Менга Адлия вазирлигидан совға беришди. Концертлар ўтказилаяпти. Тадбир жуда қизиқарли ўтаяпти.

Зокир Очилдиев,

сўз устаси:

— Ҳуқуқий билимлар нафақат қизиқчиларга ёки актёрларга, бирон тор доира вакилларига эмас, балки юраги уриб турган ҳар бир инсонга зарур. Чунки қўрқоқлик, ўз қобиғига ўралиб қолиш, ноҳақликка учраганда ҳам гапиролмаслик, қўлидан келадиган бирон ишни қандай бажаришни билмаслик, буларнинг барчаси ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги оқиба­тида келиб чиқади. Ҳуқуқини билган инсон довюрак бўлади. “Тарихни билмай туриб келажак қуриб бўлмайди”, дейишади. Мен шунга қўшимча қилиб айтган бўлардим: “Ҳуқуқни билмай туриб ҳеч нарса қилиб бўлмайди”.

Усмон Арзиев,

Навоий вилояти:

— Мени Тошкент шаҳридан уй сотиб олинганда фуқаронинг пропискага қўйилиши билан боғлиқ масала жуда қизиқтирарди. Бу масалада нотариусга мурожаат қилиш учун борганман. Аммо бу ерда навбат кутиб-кутиб қайтиб кетганман. Бугун нотариуснинг ўзи бизга ҳуқуқий маслаҳат бериш учун келибди. Нотариус менга Тошкент шаҳридан уй олиш тартибини тушунтирди ва бунинг қонуний асослари билан таништирди. Шу билан бирга уй сотиб олаётганимда шартнома шартларини диққат билан ўрганиб чиқишим кераклигини айтди. Қани эди бундай тадбирлар тез-тез ўтказилса. Одамларга енгиллик бўларми-ди?

Зулфия Муродмусаева

Юнусобод тумани, 72 ёш:

— Ҳуқуқий саволлар жуда кўп. Аммо уларга жавоб топиш учун ҳуқуқ­шунос­ларнинг ёнига боришга юрак дов бермасди. Чунки уларни жуда димоғдор, деб ўйлардим. Шу билан бирга ортиқча чиқим ҳам чўнтакни тешиб ўтарди. Лекин бугунги тадбирдан кейин фикрим ўзгарди. Ҳуқуқшунослар ҳам одамларга яқинлашишга, уларнинг дардини тинг­лашга бел боғлабди. Хўжакўрсинга эмас,­ аксинча, халққа енгиллик бўлиши учун амалий ҳаракатлар қилиняпти. Буни бугун ўз кўзимиз билан кўрдик, гувоҳи бўлдик.

— Фуқаролар томонидан энг кўп сў­ралган ҳуқуқий тушунтиришлар мерос ҳамда васиятнмоларни расмийлаш­ти­риш, Тошкент шаҳрида доимий рўй­хатда туриб уй-жой олиш, вақтинча про­пискада туриб ишга жойлашиш масаласи, уй олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш, нотариал идораларида кўрсатиладиган хизматлар учун давлат божлари хусусида бўлди, — дейди Олмазор туман давлат нотариал идораси нотариуси ёрдамчиси Азиза Ҳабиб. — Демак, ушбу йўналишларда тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак экан, деган хулосага келдик.

Тадбир давомида фуқароларга Адлия вазирлиги томонидан минимал талаблар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳоли билиши лозим бўлган уй-жой, оила, солиқ, банк, тадбиркорлик, ер, меҳнат ва таълим қонунчилигига оид, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги асосий ҳуқуқий масала ҳамда тушунчаларни ўзида жамлаган

20 000 дан ортиқ “Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланма” ҳамда ҳуқуқий флаерлар бепул тарқатилди.

Шунингдек, фуқароларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни рағ­батлантириш учун тадбирлар доирасида танлов-тестлар, викториналар, ҳу­қуқий тарғиботга доир бошқа акциялар ва турли танловлар ташкил этилди.

Хусусан, фуқаролар томонидан етмиш мингдан ортиқ ҳуқуқий тестлар ишланиб, фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири