October 17, 2018

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида “Advice.uz” Ягона ахборот порталини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бепул маслаҳат портали яратилмоқда

УШБУ портал фуқароларга тадбиркорлик, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя бўйича турли масалаларда бепул маслаҳат беради.

Мазкур лойиҳани муваффақиятли ишга тушириш мақ­садида Ўзбекистон делегациясининг Лондон шаҳрига амалий ташрифи ташкил этилди. Ташриф давомида аҳолига маслаҳат бериш бўйича Буюк Британиянинг энг яхши амалиёти ўрганилди, “Citizens Advice” тармоғидаги ташкилот ва департаментлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. 1939 йилдан буён фаолият юритаётган мазкур тармоқ Бирлашган Қиролликдаги 316 та мустақил хайрия ташкилотини ўзида бирлаштиради. Ҳозирги кунда у фуқароларга телефон, электрон алоқа, интернет тармоғи, Webchat хизмати ва Citizens Advice жамоатчилик сайти орқали бепул ахборот ва маслаҳатлар бериб келмоқда. Ўзбекистонда ушбу тармоқнинг муқобил шаклини яратиш режалаштирилмоқда.

Мамлакатимиз Адлия вазирлиги мутахассислари британиялик ҳамкасбларини “Advice.uz” Ягона ахборот портали” лойиҳаси билан таништирди.

Ўз навбатида, Фуқаролар маслаҳатлари бюроси миллий уюшмаси (National Association of Citizens Advice Bureux — NACAB) вакиллари ҳам делегация аъзоларига уюшма фаолиятини юксак баҳолагани учун миннатдорчилик изҳор қилди ва “Advice.uz” лойиҳасини амалга оширишда ахборот ва эксперт кўмаги кўрсатиш орқали ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, “Advice.uz” порталини яратишда британиялик вакиллар иштирокига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британия пойтахтига нав­батдаги ташрифи давомида бу борада тегишли ҳужжат имзоланиши режалаштирилмоқда.

Роман БОНДАРЧУК,

ЎзА мухбири