October 18, 2018

Қадимги қонунномалар ҳам коррупция иллатини қоралайди

КЎП асрлик тарихга эга мамлакатимиз жиноят қонунчилиги ўзи­нинг чуқур тарихий илдизларига эга.

Хусусан, сақланиб қолган маълумотларга кўра, Қадимги Қанғ давлатида “Турк қонунномаси” амал­­да бўлиб, у ибодатхонада сақ­ланган. Жазо бериш вақтида қонуннома қўлга олиниб, шунга асо­сан жазо та­йинланган.

Шариатга мувофиқ, Ҳанафий, Мо­ликий, Шофиъий, Ханбалий маз­­ҳаб (мактаб)лари суннийликнинг асо­си ҳисобланса-да, Ўрта Оси­ёда яшовчи халқлар асосан Ҳанафий маз­ҳабига таянган ҳолда шариат ҳу­қуқи тизимини ҳаётга татбиқ этган. Ша­риат дегани ислом давлатларида барча мусулмон халқлари учун риоя этилиши мажбурий бўлган диний, ҳуқуқий ва ахлоқий қонун-қоидалар йи­ғин­дисини ўз ичига олади.

Жумладан, шариатда корруп­ция ва порахўрлик қаттиқ қора­ланган.

“Пора” араб тилида “ришва”, деб аталиб, шаръий истилоҳда, ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага айтилади. Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳаққи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳокимнинг ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам ҳокимга пул бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Ҳоким ўша ишни қилса, ҳақдорнинг ҳақи поймол бўлиб, ноҳақдан биров фойдасига ҳукм қилган бўлади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўз­ламоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алай­ҳи вассаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар”.

Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамизу, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳол­­буки, ушбу ҳадиси шарифда пора берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки пора, деб номланган иқ­ти­содий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир.

Шунингдек, шариатда судьялар­га алоҳида эътибор берилган. Уларнинг фаолиятида коррупциянинг олдини олиш хусусида шундай дейилади: ­“Агар адил қози фисқ йўлига кирса, масалан, пора олса, зино қилса ё хамр ичса — ҳоким уни ишдан четлатур.

Бир киши қозиликка пора билан эришса, шариат бўйича у қози ҳи­собланмас, агар ҳукм қилса, ҳукми ўтмас (яъни бундай ҳукм бошқа қози томонидан бекор қилинган).

Қози ҳеч кимдан ҳадя олмас, ўзи ­учун махсус ташкил қилинган зиё­фатга бормас, магар кўпчилик чақирилган бўлса, борур”.

Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан, дав­лат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган: “Мам­лакат хазиначилари бўлмиш молия вазирлари, молия ишларида хиёнат қилсалар ва (бойликнинг бир қисмини) ўзлаштириб олган бўлсалар, (текшириб кў­рилсин). Агар ўзлаштириб олган пул маблағи ўзига тегишли ҳақ миқдоридан ошмаса, мазкур маблағ унга инъом ўрнида қолдирилсин. Агар ўзлаштириб олган маблағи маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маоши ҳисобидан ушлаб қолинсин. Агар маошидан уч баробар кўп маблағ олган бўлса, ҳаммаси (салтанат хазинасига) тортиқ сифатида олинсин”.

Амир Темур давлатида амалдор­лар ишини тартибга солиш мақ­­садида вақти-вақти билан сў­роқ,­ тек­шириш, тафтиш, тергов ўт­казиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бу­зуқлик каби қилмишлар оғир гу­ноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пир­му­ҳам­мад ва Ҳалил Султонлар юқо­рида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилганлар.

Ўзбекистонда ҳуқуқ тизими шакл­­ланишининг навбатдаги бос­қи­чи унинг ҳудудида жойлашган давлатлар Россия империяси томонидан ис­­­тило қилинган давр билан боғлиқ. Бу босқич мазкур ҳудудда коррупциянинг ижтимоий-ҳуқуқий моҳияти ўзгаришига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинган даврда Туркистон генерал-губернаторлигида русийзабон аҳоли учун фуқаролик ишлари бўйича судлар, ўзбеклар ва тожиклар учун қози судлари, қир­ғизлар, қорақалпоқлар ва турк­манлар учун бий судлари мавжуд бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари асо­сан юристлар бўлган, қози ла­возимига тегишли маълумотга эга, ислом ҳуқуқини яхши биладиган уламолар, бий лавозимига одат ҳуқуқи билимдонлари тайинланган.

Тарихни ўрганиш шундан далолат берадики, жамият тарақ­қиё­тининг бар­­ча босқич­ларидан инсониятга коррупция ҳамроҳлик қилиб келади, у айни бир вақтда цивилизациянинг ҳам аломати, ҳам касофати бўлган.

Саломат НИЁЗОВА,

Тошкент давлат юридик

университети доценти,

юридик фанлар номзоди