October 18, 2018

Нега қоғоз дарсликларни бекор қилиш мумкин?

Амалдорлар мактаблардаги одатий дарсликларни шахсий ­электрон қурилмаларга алмаштиришни таклиф қилишмоқда

“РАҚАМЛИ мактаб” лойиҳаси доираси­да “Рақамли ахборот методик жам­лан­ма­ла­ри”га миллиардлаб маблағ сарфлаш ре­жа­лаштирилмоқда. Лекин бундай чи­қимлар қан­чалик ўзини оқлайди, Ахир, кўп­лаб ҳу­дудларда мактаблар ва ўқи­тув­чилар­нинг ­етишмаслиги муаммоси ҳалигача ўз ечимини топгани йўқ-ку?! Бу ерда тушунарсиз жараёнлар жуда кўп. Масалан, қатор қишлоқ мактаб­ларида ҳалигача интернет тармоғининг ўзи йўқ бўлса, кимдир эса қандай қилиб бўлса ҳам барча ўқиш ва маълумот олиш жараёнини электронлаштиришни амалга оширмоқчи. Биз қоғоз дарсликлардан воз кечамиз, деб баралла эълон қилишдан олдин, авваламбор, келажак авлод ўқитувчиларини билимли қилиб тайёрлаш ва мактаб базасини яратиш керак.

Педагогларни қайта тайёрлаш учун эса одатда бизда умуман маблағ ажратилмайди. Гўёки бу ўз-ўзидан содир бўлади, деб ҳисоблашади. Аслида бунинг учун жиддий маблағ сарфланиши керак. Ҳар қандай ташаббускорлик кичикроқ синовни талаб қилади. Агар сиз бутун мамлакатни маълумот орқали янги иш шаклига ўтказмоқчи бўлсангиз, аввало, сиз буни кичикроқ ша­ҳарнинг алоҳида ҳудудида синовдан ўтказинг. Қан­дай натижа келиб чиқишини кўринг. Ҳали тайёр бўлмаган фуқаронинг миясига янгиликни жойлаштириш — бу ақлсизликдир. Хатарли томони шундаки, бир қанча пул сарфланади, натижа эса камтарона. Ёки умуман натижа бўлмаслиги ҳам мумкин.

Биз тарихни яхши эслаймиз. Бир вақтлари таниқли нашриёт электрон дарсликларга ўтишни ваъда берганди. Ва бунинг ўрнига эса аллақачон тайёрланган дарсликларни рақамлаштирди ва интернетга жойлаштирилди. Аслида эса сифатига кўра мутлақо ўзгача йўналишдаги мукаммал электрон қўлланмаларнинг яратилиши кўзда тутилганди. Дунёда шу каби рақамлаштириш мавжуд бўлиб, аммо улар бирон-бир жойни ўз ичига қамраб олмаган. Мен ҳеч қайси бир давлатнинг тўлиқлигича электронлаштирилган дарсликларга ўтганлигини кўрмадим. Ҳаттоки, ўша давлатлар бизнинг давлатга қараганда ўта компьютерлаштирилган бўлса-да, бундай ишга қўл уришмаган. Шунинг учун биз ҳам шошилмаганимиз маъқулдир!

Бунинг яна бошқа жиҳати ҳам бор. Бугунги кун боласи шундоқ ҳам куннинг катта қисмини гаджетларни қучоқлаб ўтказади. Шундай экан, баъзида бу қадар кўп маълумотлар ичидан ўз йўлини топиб олишида ёрдам берадиган тирик инсон билан мулоқот қилиши унга фойдалидир? Бир неча ўн йиллар олдин америкалик буюк психолог Скиннер: “Компьютернинг ўрнини босиши мумкин бўлган ўқитувчигина бунга арзирлидир”, деган эди. Ҳа, агар педагог оддийгина маъруза ўқиш орқали чекланса, унда тўғрироғи, унинг ўрнини ҳар қандай видеоролик ёки маълумот бериш шакли билан алмаштириш мумкин. Лекин у болани ёлғон маълумот билан рост маълумотни фарқлашига, уни англай олишига йўналтирса, унда бошқа гап. Тирик педагог билан мулоқот қилишни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Биз жонли мулоқот учун жуда кам вақт ажратмаяпмизмикан? Ҳозир буни ўйлаб кўришимизнинг айни вақтига ўхшайди.

Елена ЛЕНСКАЯ,

Москва ижтимоий ва иқтисодий фанлар олий мактабининг таълим соҳасидаги менежмент факультети декани,

“Аргументы и факты” газетасининг 2018 йил 28 июнь сонидан

Мархамат АЛИХОДЖАЕВА таржимаси.