October 17, 2018

“Инсон ва қонун” ҳуқуқшуносларнинг асосий нашри

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,

Тошкент давлат юридик университети профессори,

юридик фанлар доктори:

— ҲУКУМАТ миқ­ёсида бугун бар­­ча жабҳада аҳо­ли­ фа­ровонли­ги­ни оши­­риш мақ­сади­да кенг кў­­лам­ли исло­ҳот­лар олиб борилаяп­ти. Жа­­мият ҳаё­ти­ни та­раққий этти­риш учун, аввало, одамларнинг би­­ли­ми юқори, хусусан, ҳуқуқий ма­да­нияти юксак бўлмоғи лозим. Ай­ниқ­са, бу борада давлат идораларида ва бошқа ташкилотларда фаолият юритадиган кадрларнинг салоҳиятини кўтариш, тафаккурини бойитиш муҳимлигини алоҳида тилга олиш керак. Албатта, ҳар бир таълим муассасасида билим олувчиларга маълум доирада таълим-тарбия берилади. Ҳаёт ҳақидаги асосий тушунчаларни, ­яшаш моҳияти, жамиятга ва давлатга керакли шахс бўлиш ҳиссини эса, назаримда, ҳар бир инсон кўпроқ мутолаа орқали англайди. Китобдан ва матбуотдан тафаккур учун энг муҳим озуқани ­олади. Шу маънода ўқитувчи ва талабалар матбуот нашрларини ҳамиша кузатиб боришлари лозим, деб ҳисоблайман. “Инсон ва қонун” газетаси биз ҳуқуқшуносларнинг асо­­сий нашримиз, десам адашмайман. Унда бевосита бизнинг фаолия­тимизга тегишли, қарашларимизга мос келадиган материаллар чоп этилади. Кейинги пайтларда эса газета моҳияти нуқтаи назаридан халқ ҳаётига, унинг муаммоларига анча яқинлашди. Бошқа томондан ушбу нашрда ёш мутахассисларимизга ҳу­қуқий билим берадиган мақолалар мунтазам чоп этилади. Талабалар юридик қўл­ланмалардан назарияни пухта эгаллайди. Аммо таълим жараёнида ҳамиша таҳлил муҳим ўрин тутади. Ўрганган билимини таҳлил эта олган талабагина яхши мутахассис бўлиб етишади. Газетада ҳар бир мақолага ана шундай таҳлилий ёндашув борлигини алоҳида қадр­лайман ва талабаларга шу жиҳати учун ҳам “Инсон ва қонун”ни мунтазам мутолаа қилишларини тавсия этаман.

Педагог ҳамиша ҳақ. Унинг фик­рини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳар ҳолда биз шундай фикрлаймиз. ­Аммо замон шу даражада тараққий этдики ва биз фахр билан айтишимиз мумкин-ки, бугунги талабалар анча илғор фикрлайди. Кўпчилигининг би­лим даражаси ҳавас қилса арзигулик. Улар ўқитувчи билан бемалол фикр алмашади, баҳслаша олади. Бундай талабалар қаршисида ­эса ўқитувчи ҳеч вақт мулзам бўл­маслиги керак. Яъни, ўз фанининг чуқур билимдони бўлибгина қолмай, тажриба ҳамда атрофдан хабардорлик нуқтаи назаридан ҳам улардан олдинда бўлиши керак. Юртимиз­да содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, маъмурий-бош­қарув со­ҳасида ўтказилаётган ис­­­ло­ҳотлар, ҳокимиятнинг турли инс­титутлари, хусусан, ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи ва суд органлари фаолиятлари кенг ёритилиб, фуқароларга етказишда “Инсон ва қонун” газетаси ҳуқуқ оламида айни дамда етакчилик қилаяпти. Университетимизнинг барча педагоглари ва талабаларини “Инсон ва қонун”га обуна бўлишга чорлайман!