October 18, 2018

Мактабларда ўтилаётган ҳуқуқий дарсликлар талаб даражасидами?

Шу нуқтаи назардан Адлия вазирлиги томонидан умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида жорий этилган ҳуқуқий фанларнинг ўқув режаси, ўқув дастурлари ҳамда дарслик сифатида қўлланилаётган 8-синф учун “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи ­асослари”, 9-синф учун “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, 10-синф учун “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ва шу номдаги дарсликнинг 11-синф ўқувчилари учун умумий мазмуни таҳлилий ўрганиб чиқилди.

Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги қарорига муво­фиқ умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари учун умум­таълим фанларидан ўқув-методик маж­муаларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қўйиладиган дидактик, илмий-методик ва педагогик-психоло­гик талаб­лар асосида дарсликларнинг ҳуқуқий билим ва тушунчаларни қамраб олганлик даражаси, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсадга му­вофиқлиги таҳлил қилинди.

Умумий жиҳатдан мазкур дарслик­лар мактаб ўқувчиси учун маъқул графикада, интерфаол педагогик технологияларни қўллаган ҳолда мавзуга оид расмлар билан ишлаб чиқилган. Шу билан бирга дарсликларда давлат ва ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий тушунча ва атамаларга оид маълумотлар мураккаб тилда ёзилган бўлиб, ўқувчининг психофизиологик хусусияти, ўзлаштириш ёши ҳисобга олинмаганлиги маълум бўлди.

Дидактик талаблар бўйича дарсликда ўқувчининг ўқув материалларини тўлиқ ўзлаштириши, ўқув фанининг мазмун-моҳиятини тушунтириши ҳамда янги тушунчалар, атамалар, қоидалар ва таърифларни луғат кўринишида берилиши, турли иллюстрациялар: хариталар, чизмалар, схемалар, жадваллар, диаграммалар, фотосуратлар ва бошқа масалалар бўлиши белгиланган. Мазкур талабларга кўра дарсликларда қуйидаги камчиликлар аниқланди.

Хусусан, 8-синф учун мўлжалланган дарсликнинг 4-мавзуси “Давлат функ­циялари”га бағишланган. Бизга маълумки, давлат функцияси мураккаб ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, мактаб ўқувчиси учун ўз­лаштириш қийин ҳисобланади. Шунингдек, давлат функциясини ёритишда давлатнинг вазифаси ва давлатнинг мақ­сади каби тушунчаларни ҳам ўргатиш ло­зим. Дарсликда эса ушбу масалалар тў­лиқ қамраб олинмаган.

Қолаверса, унинг 25-мавзуси “Ички ишлар ва адлия вазирлиги. Нотариал­ ­идоралар ва адвокатура” масаласига ба­ғишланган бўлиб, унда “Олий юридик маълумотли ва белгиланган тартибда ад­вокатлик фаолияти билан шу­ғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсатнома)ни олган Ўзбекистон Рес­публикаси фуқароси Ўзбекистон Респуб­ликасида ад­во­катлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Адвокатлик рухсатномасини олиш учун малака комиссияси имтиҳонини топшириш шарт” (144-бет) тушунчаси берилган. У расмий юридик қо­ида бўлиб, мактаб ўқувчиси учун тушунарсиз ҳисобланади.

9-синф дарслигида айрим қонун ҳуж­жатларининг номи ва уларнинг мазмуни нотўғри баён этилган. Жумладан:

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат гимни тўғ­ри­сида”ги Қонун қабул қилинди, деб ёзил­ган (22-бет), аслида эса “Ўзбекистон Рес­публикасининг Давлат мадҳияси тўғ­рисида”ги Қонун”, деб юритилиши керак.

“Инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳу­қуқ ва эркинликлари” номли 8-параграфда “Яшаш ҳуқуқи” сарлавҳаси ос­тида “2008 йил 1 январдан Ўзбекистон Респуб­ликасида жиноий жазо сифатида ўлим жазоси бекор қилинсин ва унинг ўрнига умрбод қамоқ ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси киритилсин” (56-бет) каби расмий оҳангдаги жумлалар келтирилган. Аслида эса, “Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги ПФ-3641-сон Фармонига кўра, Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди...” деб ёзилиши лозим эди.

Шунингдек, 10-синф дарслиги 4-бў­лим “Фуқаролик ҳуқуқи асослари” қисми оддий, содда ва тушунарли тилда баён этилмаган. Хусусан, мазкур бўлимда ёритилган “13-параграф. Битимлар ва вакиллик”, “14-параграф. Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар”, “17-параграф. Ишлаб чиқарувчи томонидан товар сифатига бериладиган кафолат” каби мавзулар мураккаб ва серқирра ҳуқуқий маълумотлар бўлиб, ўқувчи томонидан ўзлаштириш қийин бўлади, деб ўйлаймиз.

Мазкур хато ва камчиликларнинг дарс­ликларда акс этиши ўқувчиларда ҳу­қуқ ҳақидаги нотўғри тасаввур ва билимларнинг шаклланишига олиб келади.

Илмий-методик талаблар бўйича дарс­­­ликларда берилган мавзулар мазму­нан яхлит бўлиши, ўзбек адабий тил қои­да­ларига мувофиқ оддий ва содда, тушунарли ҳамда равон тилда баён қилиниши, маълумотлар мантиқий кетма-кетликда ва изчилликда ёритилиши, ўқувчиларни фикрлашга, ёзишга ва бошқа сифатларини шакллантиришга қаратилган бўлиши лозим. Шуларга ­асосан дарсликларда қуйидаги камчиликларга йўл қўйилган:

биринчидан, 8-синф дарслиги 21-­­­­­мав-­­­зу­даги “Ўзбекистон Республикаси­нинг қо­нун манбалари” қисмида хато­ ва эс­­кирган маълумотлар акс этган (120-­­­бет). Хусусан, “Қонун вақт бўйича қу­йи­да­ги тартибда кучга киради ёки расман эълон қилинганидан ўн кун ўтгач;...”. Бу эски тартиб бўлиб, 2012 йилдан бекор қилинган.

Иккинчидан, 9-синф дарслигида айрим мавзулар ўзбек адабий тил қоида­ларига риоя этилмаган ҳолда: “Барча давлат органлари ўз актларининг” (9-бет), “демок­ратия ва ижтимоий адолат идеалларини тан олиш” (18-бет), “норматив-ҳуқуқий акт” (20-бет) каби жумлалар қўлланилган. Шунингдек, айрим мавзулардаги “Ҳуқуқий идеализм ва ҳуқуқий нигилизм” (14-бет), “мажоритар” ва “пропорционал” (157-бет) атамаларининг мазмун-моҳияти ўқувчи учун очиб берилмаган.

Учинчидан, 10-синф дарслигининг “Ўз­­­­­бекистон Республикаси — халқаро ҳуқуқ субъекти” масаласига бағишланган 1-бўлимнинг умумий мазмунига тўғри келмайдиган маълумотлар ёритилган. Улар, “1-параграф. Ҳуқуқ — шахс ва давлат муносабатларининг мустаҳкам асоси”, “3-параграф. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва вазифалари”, “4-параграф. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги”, “5-параграф. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш механизми” мавзулари ўқув фанининг мазмунан яхлитлигини таъминламаган. Ҳуқуқий маълумотларни ёритишда мантиқий кет­ма-кетликка ва изчилликка амал қи­линмаслиги натижасида ўқувчиларда ҳуқуқий тушунчанинг хато шаклланиши ҳамда уларда ҳуқуқий саводсизликнинг ортишига сабаб бўлади.

Шу билан бирга 10-синф дарслигининг 19-бетида ўқувчига берилган топ­шириқ бугунги кун талабидан келиб чиқиб сиёсий, ҳуқуқий ва мантиқий но­тўғри тузилган, деб ҳисоблаймиз. Яъни,­ “Бетиним вужудга келаётган ҳарбий тўқнашувларга ўз муносабатингизни бил­диринг. Сизнинг-ча, давлатлар ўр­та­сида доимо катта ва кичик урушлар бўлишига сабаб нима?”. Мактаб ўқувчиси учун бундай топшириқларнинг берилиши ҳамда XXI асрда давлатлар ўртасида катта ва кичик урушларнинг бўлиши ҳар қандай халқаро ва миллий ҳуқуқ нормаларига зиддир.

Шунингдек, дарсликнинг 45-бетида бе­рилган 1-топшириқда “Ўзингиз яшаётган маҳалла қўмиталари фаолияти билан танишиб, улар иши ҳақида хабар тайёрланг. Улар нима билан шу­ғулланади? Жамият ҳаётида улар қан­дай ўрин тутади?” бунда “маҳалла қў­митаси”, деган тушунча амалдаги қо­­нун ҳужжатларида (Ўзбекистон Рес­пуб­­ликасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун) мавжуд эмаслиги эътиборга олин­маган.

Тўртинчидан, 11-синф дарслигида ўқув­­чилар учун тушунарсиз ва мураккаб, катта ёшдаги фуқаролар ҳам тушуниши қийин маълумотлар берилган. Яъни, “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳу­қуқ ва эркинликларига қарши жиноят­лар”, “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қар­ши жиноятлар”, “Тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар”, “Бошқарув тартибига қарши жиноятлар”, “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар” каби мавзуларнинг ўқувчи томонидан ўзлаштирилиши оғир кечади. Бундай ҳуқуқий маълумотлар олий юридик таълим тизимида ҳам 2, 3-курс талабалари учун юриспруденция бўйича таянч билим ва кўникмага эга бўлгандан кейингина алоҳида фан сифатида ўтилади.

Шунингдек, 11-синф дарслигининг 18-­параграфида “Молия ҳуқуқи Ўз­бе­­кис­тон Республикаси қонун ҳуж­жат­ла­рининг тегишли соҳаси сифатида қайд этилади”, (95-бет) деган ғализ, мавҳум ва асоссиз таъриф берилган. Мазкур таърифда ҳуқуқ тизими билан қонунчилик тизими ўзаро аралашиб, бир-биридан фарқланмаган тушунча ҳосил бўлган.

Дарсликларнинг таҳлили давомида ҳуқуқий адабиётларни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:

1. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ўти­ла­диган ҳуқуқий фанларга оид адабиётларнинг мазмунини такомиллаштириш, аниқланган мавжуд камчиликларни бар­тараф этиш ва сифатли янги авлод адабиётларини яратишга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий фанларга оид янги авлод дарсликларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар (“йўл харитаси”) дастури”ни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш лозим.

2. Нуфузли хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ҳуқуқий фанларнинг ўқув режаси, ўқув дастурлари ҳамда ҳуқуқий таълимга оид ўқувчиларнинг тай­ёргарлик даражасига қўйиладиган маълум талабларни халқаро стандартлар асо­сида қайта кўриб чиқиш лозим.

Бунда “юриспруденция” бўйича Тош­кент давлат юридик университети ­ба­­завий давлат олий таълим муассасаси бў­лганлиги сабабли таълим тизимининг барча босқичида ҳуқуқий фанларнинг ўқув-методик таъминотини муво­фиқ­лаш­тириш ҳуқуқини бериш мақ­садга му­во­фиқ.

3. Таҳлил этилган дарсликлар тан­қи­дий нуқтаи назардан қайта таҳрир этилиб, профессионал муаллиф (педагог, ҳуқуқшунос, филолог, психолог ва рассом-дизайнер)лар таркибини тузган ҳол­да янги дарслик яратиш ва соҳа мутахассисларининг ижобий тақризлари асосида нашр этиш чораларини кўриш керак.

4. Дарсликда маълум бир қонун ҳуж­жатларига асосан ҳуқуқий маълумотларни шарҳ кўринишида баён этиш таж­рибасидан воз кечиш зарур. Сабаби, шиддат билан ривожланаётган дав­лат ва ҳуқуқ масалалари амалдаги қонунчиликка ўзгартириш, қўшимчалар киритилишига ёки бекор бўлишига олиб келмоқда. Дарслик мазмунининг маълум бир қонун ҳужжатига айнан боғлаб, шарҳ кўринишида ёритилиши дарсликнинг келажакда аҳамиятини йўқотади.

Бунинг ўрнига ҳуқуқий дарсликларни содда ва равон тилда, кундалик ҳаётда кўп учрайдиган давлат ва ҳуқуққа оид вазиятларни турли иллюстрациялар, замонавий интерфаол педагогик технологияларни қўллаган ҳолда ўқувчи учун тушунарли тарзда ишлаб чиқиш лозим.

5. Ўқувчи-ёшларга ҳуқуқий таълим бериш, миллий ҳуқуқ тизими тўғрисидаги тасаввурларни уйғотиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида ҳуқуқий фанлар ҳуқуқшунос мутахассислар то­монидан ўқитилиши лозим. Шу билан бирга олий таълимда “ҳуқуқшунос-педагог” мутахассислиги бўйича педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Бунда иш берувчининг ташаббуси ва айрим меҳнатга оид имтиёзларни қўллаган ҳолда мактаблардаги ҳуқуқ фа­ни ўқитувчиларини Тошкент давлат юрдик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказидаги олий маълумотга эга шахсларни ­юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсида ҳам ўқитиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.

6. Ҳуқуқшунос ҳамда педа­гог олимлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий таъ­лимда бир хил ёндашувни таъминлаш мақсадида “Ҳуқуқий фанларни ўқи­тиш­нинг замонавий усул ва воситалари бў­йича услубий қўлланма” ишлаб чиқиш зарур.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жамиятдаги ҳуқуқий саводхонлик, аҳо­лининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар жиҳатдан таълим тизимидаги ҳуқуқий фанлар кўлами ва уларни сифатли ҳуқуқий дарсликлар билан таъминланганлик даражаси билан боғлиқдир. Мазкур масалани ижобий ҳал этиш учун эса ваколатли ҳамда манфаатдор давлат органларининг ҳамкорликдаги тизимли ва комплекс ёндашуви талаб этилади.

Лола КАРИМОВА,

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош маслаҳатчиси,

Ойбек САЙИДУМАРОВ,

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта маслаҳатчиси