БАЛЛИ ЙИГИТЛАР
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида “Балли йигитлар” кўрик-танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 август кунида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ “30 июнь - Ёшлар куни” этиб белгиланганлигини инобатга олиб, ёшлар ойлиги доирасида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ишларини олиб бориш мақсадида ташкил хэтилган ушбу танловда, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Миришкор туман кенгаши раиси Б.Нуриддинов, ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, майор А.Даулетмуратов ҳамда хизмат бошлиғи, капитан Б.Расулджановлар иштирок этишди.
Кўрик-танловда иштирокчилар “Ошпазлик маҳорати”, “Ўзбекистон тарихи билимдони”, “АК-74дан 12 ва 13 меъёрлар”ни бажариш ҳамда “Ёшлар келажак бунёдкори” ва “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” шиори остида диктант ёзиш шартлари бўйича ўзаро куч синашдилар
Баҳс ва мунозарали тарзда ўтказилган кўрик-танловда иштирокчилар ҳакамлар томонидан муносиб баҳолаб борилди.
Танловнинг якуний натижасига кўра, 1-ўринни оддий аскар Х.Умаров, 2-ўринни оддий аскар О.Тожиахмедов ва 3-ўринни оддий аскар А.Муталиповлар қўлга киритишди. Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан китоб ва дипломлар билан тақдирланишди.