June 5, 2020

МАРДИ МАЙДОНЛАР УЧУН

Мамлакатимизда Мудофаа салоҳиятини янада ошириш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Юрт ўғлонларининг ҳар жиҳатдан соғлом ва бақувват бўлишлари ватан сарҳадларининг осойишталигини таъминлашда қудратли қалқон бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнларда ҳарбий қисмларнинг фаолияти биринчи ўринда туради.

Қашқадарё вилоят Муборак туманидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда ҳам бу борада самарали ишлар йўлга қўйилган. Мазкур ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, бир вақтнинг ўзида ҳарбий хизматчи амалий ва назарий машғулот ўташ имкони мавжуд ўқув биноси, ётоқхона, замонавий спорт мажмуаси, ошхона барпо этилган.

Президентимиз илгари сурган 5та муҳим ташаббус асосида мазкур ҳарбий қисмда ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўқув биноларидаги компьютер хоналари, электрон кутубхонада ҳарбийларнинг замонавий билим ва илғор кўникмаларни эгаллаши, ўз устида мунтазам ишлаши учун имкон яратади.

Қисмдаги алоқа синфида ҳарбий хизматчиларга алоқа тайёргарлигидан машғулотлар олиб борилади. Ўқув синфи янги алоқа воситалари билан таъминланган бўлиб, улардан амалиётда кенг фойдаланилади. Замонавий алоқа воситалари орқали эса ҳарбийларнинг кўникмалари янада ошириб борилади.

Ҳарбийлар спорт залида машғулотларни бажариш орқали ўзларининг жисмоний тайёргарлигини янада мутаҳкамлайди.

Қисмда ҳарбий хизматчиларнинг дам олиш шароитини яхшилаш, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Ҳарбийлар отиш тайёргарлиги машғулотини ўрганиш синфида замонавий техника ва қурол-аслаҳалардан отиш услубларини назарий жиҳатдан ўрганиб боришади.

Жанговар машиналар паркида эса ўқув жойлари раҳбарлари томонидан жанговар техникаларнинг турлари, улардан тўғри фойдаланиш тартиби тушунтириб борилади. Бу жараёнларни мустаҳкам эгаллаган ҳар бир ҳарбий хизматчи дала-ўқув майдонларида жанговар техникалардан отиш машғулотларини яхши ўзлаштира олади.

Бугун осойишталигимиз посбонлари маънавий етук, жисмонан бақувват ва жанговар тайёргарлиги юксак даражада бўлмоғи, улар Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигини доимо ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилишга астойдил ҳаракат қилиши лозим. Мард, жасур ўғлонлардан эса келажак эгалари ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини ўрганишади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати

Facebook | Instagram | Telegram | Youtube | Sport