ЗЎРАВОНЛИК ВА ТАЗЙИҚЛАРГА УЧРАБ ҚОЛМАНГ!
Маълумки, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар бош мақсад сифатида мустаҳкамланган.
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳам босқичма-босқич ва маълум изчилликда амалга оширилмоқда.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жамиятни демократлаштириш ва модернизациялаш, сиёсий ҳаётни, қонунчилик ва ижтимоий соҳани изчил янгилашда ғоят муҳимдир.
Ушбу ислоҳотлар хусусан, аёллар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, аёлларга жамиятда ўз ўрнини топиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳамда тазйиқ ўтказиш каби салбий иллатларнинг учраб туриши ачинарли ҳолат сифатида баҳоланмоғи лозим.
Бу борада жамиятда аёлларнинг ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида гендер тенглигига амал қилиш бўйича мамлакатимизда муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш каби иллатларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этади.
Таҳлилларга назар ташласак, 2020 йилда оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 17 шахсга нисбатан 14 та жиноят ишлари кўрилган бўлиб, шундан 12 шахсга нисбатан 11 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 5 шахсга нисбатан 3 та иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг(ЖК) 661-моддасига асосан ярашув асосида тугатилган.
Айблов ҳукми чиқарилган 12 шахснинг 1 нафарига жарима, 5 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 2 нафарига озодликни чеклаш, 4 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Ушбу даврда оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича 2 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 57-моддаси қўлланилган.
2021 йил 1-чоракда оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 6 шахсга нисбатан 6 та жиноят ишлари кўрилган бўлиб, шундан 4 шахсга нисбатан 4 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 2 шахсга нисбатан 2 та иш Ўзбекистон Республикаси ЖК 661-моддасига асосан ярашув асосида тугатилган.
Айблов ҳукми чиқарилган 4 шахснинг 3 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1 нафарига озодликни чеклаш жазолари тайинланган.
Ушбу даврлар мобайнида оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ишлар бўйича оқлов ҳукми чиқарилган, реабилитация асосида тугатилган ишлар мавжуд эмас.
Оилавий низолар негизида содир этилаётган жиноятларнинг аксарият қисми доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда турмуш ўртоғи билан ўртасидаги юз бераётган жанжаллар оқибатида ҳақорат қилиш, тан жароҳати еказиш каби жиноятларнинг содир этилишига, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга ружу қўйган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги чораларни қўлланилмоқда ҳамда бу турдаги жиноятлардан жабр кўраётган аёлларга маҳалла томонидан ҳимоя ордерлари берилишига олиб келмоқда. Бироқ, бу каби оилавий муносабатларда юз бераётган жиноятларни олдини олиш юзасидан судлар томонидан спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларни мажбурий даволаш учун юборилган ёки ИИБ ходимлари томонидан ушбу даволаш муассасасига жойлаштириб келинган шахсларнинг бу муассасалар томонидан уларни даволаш ва соғлом турмуш тарзига қайтиш чоралари кўрилмасдан жазодан озод қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шу сабабли, наркология муассасаларида кузатилаётган бундай ҳолатларга йўл қўйилишини бартараф этиш, спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйган шахсларнинг соғлом турмуш тарзига қайтишига кўмаклашиш ва наркологиядан даволаш чорасини кўриш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгилаш, аёлларга берилган ҳимоя ордерлари бундай ҳолатда ўз таъсир кучига эга бўлмасдан қолаётганига эътибор қаратиш, бу каби жиноятларни олдини олишда ва унга қарши курашда самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Ушбу тоифадаги жиноятларнинг олдини олиш бўйича жойлардаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида ҳудудлардаги нотинч оилалардаги оилавий низоларнинг келиб чиқишини, яъни ишсизлик, оиладаги моддий етишмовчиликлар ва бошқа омилларни ўрганиб, бўлимда улар билан алоҳида ишлайдиган оилавий психолог тайинлаб, уларни фаол турмуш тарзига қайтариш бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш лозим бўлади.
Шухрат Худаяров, Жиззах вилоят суди судьяси