Янгиликлар / Новости
April 23, 2023

Жиззахда очиқ мулоқот

Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусида педагог ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Жиззах шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари иштирокида ўтказилган Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 27 мартдаги “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. 

Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли 23-сонли умумтаълим мактаби фаоллар залида ўтган ушбу очиқ мулоқотда Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акром Шукуров, судьялар Собир Набиев, Луиза Халитова, шаҳардаги умумтаълим мактаблари ўқитувчи ҳамда ўқувчиларининг ота-оналари иштирок этди. 

Кун тартибидаги “Янги Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзуси юзасидан судьялар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситалари, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириши, давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиши, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги баён қилинди. 

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 мартдаги “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 148-2-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилганлиги, яъни “Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши баён қилинди. 

Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига суд соҳаси мутахассисларидан батафсил жавоблар олди.