Жиззахда судьяларга семинар-тренинг ўтказилди
Жорий йилнинг 19 июнь куни Жиззах шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида Жиззах вилоят судлари судьялари ва суд ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди ягона “Адолат” электрон судлов ахборот тизими комплексида ишлаш ҳамда суд тизимидаги интерактив хизматларидан фойлананиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан тренинг машғулотлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро Тараққиёт агентлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастурига мувофиқ юртимизда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик алоқаларини мустахкамлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ягона “Адолат” электрон судлов ахборот тизимида ишлаш ҳамда суд соҳасидаги интерактив хизматларидан фойдаланишни кенгроқ тушунтириш, унинг афзаллик томонлари борасида фикр алмашиш мақсадида ташкил этилган тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари судья ва суд ходимлари, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастури вакиллари иштирок этишди.
Энг аввало йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди “Адолат” электрон судлов ахборот тизими ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 2020 йилнинг 3 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлашатириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятида “Адолат” ахборот тизимлари комплексини жорий этиш белгиланган.
Ушбу тизимни жорий этиш учун судьялар тизим ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари лозим.
Судлар фаолиятига жорий қилинган ахборот технологияларини фуқароларга қанчалик фойдаси бор? Мисол учун фуқароларимиз суддан маълумот олишда жуда кўп қийинчиликларга дуч келган, ўз вақтида фуқаролар билан суднинг ўртасида фақат қоғоз шаклидаги маълумот алмашуви мавжуд бўлган, табиий-ки бундай ҳолатларда вақт сарфланади, юборилган ҳужжатлар ўз вақтида эгасига етиб бормаганлиги ва бошқа эътирозларга сабаб бўлган. Демак, бугунги кунда ҳар бир жисмоний ва юридик шахс вакили суд мажлисига ташриф буюрмасдан туриб ўз низоларини масофадан туриб, онлайн тарфда ҳал қилиш имкониятини яратиб бериш. – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи Баҳром Очилов, - Бу нима дегани? Судларга электрон тарзда мурожаат қилиш бугунги кунда мавжуд, суд мажлиславри тайинланганлик ҳақидаги маълумотларини ҳам онлайн тарзда олиш имконияти бор, шунингдек, суд мажлисларида тарафлар мобил видео конференц алоқа режимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб суд мажлисларида иштирок этиш имконияти яратиб берилган.
Қарорга кўра, “Адолат” ахборот тизимлари комплекси, унинг таркибига кирувчи ахборот тизимлари, судларда даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш, жараённи онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирган равишда шакллантириш, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашишни янада кенгайтириш ҳамда бошқа бир қатор имкониятларни тақдим этади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жойизки, ушбу қулайликларни сифатли, тез ва самарали амалга ошириш учун барча судья ва суд ходимлари замонавий талабларга жавоб берадиган юқори сифатли компьютерлар билан жиҳозланган.
Бинобарин, суд тизимига ахборот коммуникация тизимини жорий этиш судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, аҳолининг судларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Жиззах вилоят судининг Ахборот хизмати