June 14, 2022

Сайёр учрашув-фуқаролар мурожаатларига ечим топишда муҳим омил

Энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларнинг суд тизимига оид муаммоларини тинглаш ва тегишли ҳуқуқий тушунтириш бериш мақсадида Тошкент вилоят судлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад фуқароларни сарсон қилмасдан уларнинг муаммоларини жойида тинглаш ва ўрганишдир.

Куни кеча Тошкент вилоят маъмурий суди судьялари томонидан Оҳангарон шаҳрида очиқ мулоқот шаклидаги сайёр учрашув ташкил этилди. Унда шаҳардаги “Умид”, “Шодлик”, “Янгилик”, “Гулистон”, “Мустақиллик”, “Бахт”, “Хонобод”, “Бирлик”, “Навбаҳор”, “Янгиобод” МФЙларидан суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаат билан келган хотин қизлар иштирок этди. Унда дастлаб сўзга чиққан Тошкент вилояти маъмурий суди судьяси Г.Раҳимова хотин-қизларнинг оилавий шароитини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий ёрдам беришда “Аёллар дафтари" орқали тизимли равишда ишлар йўлга қўйилгани, уларни 9 та тоифага ажратиш ва тегишли йўналишда имтиёзлар берилиши, айниқса, ҳуқуқий ёрдамга муҳтожларни аниқлаб, уларга турли масалаларда прокуратура, адлия ва ички ишлар бўлимлари ҳамкорлигида масалага ечим топишда яқиндан кўмак берилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Нурафшон туманлараро маъмурий суди раиси Б.Нормаматов эса ўз сўзида муаммоли фуқароларнинг мурожаатларини ёзма тарзда сабаби билан ўтказаётган мутасадди ташкилотлар томонидан қабул вақтларида ҳам қайд этилаётгани, унинг ижроси учун масъуллар бириктирилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Мазкур масала юзасидан Нурафшон туманлараро маъмурий суди судьяси М.Тошпўлатов сўз олиб, “Аёллар дафтари" даги 8-тоифа, яъни ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёллар ва уларга берилган ҳуқуқий маслаҳатлар ҳақида маълумот берди. Учрашув якунида маърузачилар хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатларига бирма бир қулоқ тутишди. Уларнинг ерга эгалик ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, мерос масаласи, алимент ундириш тартиблари каби савол ва мурожаатларига масъуллар томонидан асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.