Янгиликлар / Новости
October 9, 2022

Маърифат соатида Усмон Азимнинг ҳаёти ва ижоди


Тошкент вилоят судида бўлиб ўтган навбатдаги маърифат соати шоир, носир ва драматург Усмон Азимнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди. Унда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Н.Зайниева шу мавзуда маъруза қилди. Усмон Азим 1950 йил Сурхондарёнинг Бойсун туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент Давлат университети журналистика факултетини тугатган.

Даставвал журналист сифатида турли газета-журналлар ва нашриётларда ҳамда республика радиосида ишлаган. Усмон Азим ўзбек шеъриятининг уфқини кенгайтириб, насрий шеърлардан бармоқ вазнигача бўлган турли вазнларда ижод қилади. Кейинчалик, шоир ижодида воқеликни фалсафий-истиоравий образлар орқали идрок ва тасвир этиш махррати кучайиб борди. 80-йиллар ижодида кўзга ташланган бахшиёна руҳ шеъриятда янги бир йўналиш яратилишига туртки бўлди. 90-йилларга келиб, унинг ижодида кескин ўзгариш юз берди ва шеърларида суфиёна кайфият акс этди. Усмон Азим «Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли фильм учун сюжет», «Баҳодир ва Малика» сингари радиопьесалар ҳам ёзган. Айни шу тажрибадан фойдаланиб, 90-йилларда драматургия билан жиддий шуғулланди ва «Бир қадам йўл», «Кундузсиз кечалар», «Бозор», «Алпомишнинг қайтиши», «Жазава», «Бахт қуши» каби пьесаларини ёзди.

Уларнинг аксари Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Усмон Азим, кинодраматургияда ҳам қалам тебратиб, «Алишер Навоий» киноқиссаси, «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Ўзбекистон халқ шоири унвони, шунингдек, йилнинг энг яхши шеърий асарлари номинацияси бўйича «Офарин» мукофоти, Грузиянинг «В.Маяковский» номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Усмон Азим яратган ўнлаб тўпламларга кирган шеърлар, достонлар ёрқин туйғуларга бойлиги, жўшқин ва жозибадорлиги, шиддаткор ва даъваткорлиги, гоҳ ғамгин, гоҳ беғубор эркаловчи оҳанглари билан китобхон қалбидан чуқур жой олган. Шеърлари француз, немис, инглиз, поляк, эстон, грузин, литва, турк ва бошқа тилларга таржима қилинган. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилиб ижро этилади. Ҳозирги кунда ҳам адиб, асосан ижод билан машғул. Маърифат соатида шоир ҳаёти ва ижодига дахлдор видеоролик намойиши судьялар ва суд ходимларида катта таассурот қолдирди.