July 27, 2022

Чинозлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот

Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судида Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро суди раиси, туманлараро суд судьялари ҳамкорлигида Олий суд раисининг жорий йил21 июлдаги 11-21-22-сонли топшириқ хати ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳудудидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашув ўтказилди. Унда ҳудудда фаолият олиб бораётган  14 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари масъуллар томонида тингланди. Жумладан, иштирокчилардан бири ойлик ҳисоботлар ўрнига чорак ва йиллик ҳисоботлар топшириш амалиётини қўллаш, шунингдек, харидорларга кўрсатилган хизматлар учун бериладиган чек (патта) бўйича қўлланиладиган молиявий санкциялар ва маъмурий жавобгарлик белгиланганлигини таъкидлаб, ушбу ҳуқуқбузарлик бўйича молиявий санкция қўллаш амалиётини бекор қилишни таклиф қилган бўлса, яна бир тадбиркор Э.Неъматжонов солиқ ҳисоботлари бўйича банк ҳисоб рақамларини тўхтатиб туриш амалиётини солиқ идораси орқали амалга ошириш, судга ариза киритиш тартибини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Тадбир давомида сўзга чиққан жиноят ишлари бўйича Чиноз туман суди раиси И.Мамараимов иштирокчиларга тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонунчиликда киритилаётган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида маълумот берди. Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклиф ва фикр мулоҳазалар ёзиб олиниб, мутассади идораларга етказиладиган бўлди. Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар олишди.