June 29, 2022

ЖИНОЯТ САБАБЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги 565-сонли “Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида жиноят содир этган шахс бўйича унинг яшаш жойидаги маҳаллада суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ички ишлар органларига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ўтказилади деб белгилаб қўйилган.


“Боғдон” маҳалласида яшовчи 1984 йилда туғилган В.Қ. туман марказидаги “Фориш деҳқон бозори” ҳудудидаги савдо дўконларидан пул ва турли озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб, тадбиркорларни чув тушириб келади. Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида В.Қ. содир этган жиноят тезда фош этилиб, жиноят ишлари бўйича Фориш туман судининг ҳукми билан узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди.


“Боғдон” маҳалласида ушбу жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда “Боғдон” маҳалласи мутасаддилари, аҳолиси ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди раиси Салим Ботиров, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Музаффар Шодмоновлар сўзга чиқишиб, жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, бундан буён маҳалла ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида батафсил сўз юритдилар. Бу борада тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳалла ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан келишиб олинди.

Салим Ботиров,

жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди раиси