November 16, 2022

Собиқ Адлия вазири ўз лавозимидан озод этилди.

Русланбек Давлетов: Адлия вазирлиги тизимидаги касбий фаолиятим ниҳоясига етмоқда!

Беш йил давомида меҳнатсевар, шижоатли, ватанпарвар ва билимли ҳамкасблар билан юртимиз равнақи, халқимизни рози қилиш йўлида биргаликда ишладик, бир-биримиздан кўп нарса ўргандик.

Бу давр мобайнида фойдали лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилар эканмиз, кўп натижалар бўлди, қийинчиликларга ҳам дуч келдик, амалга ошмаган айрим ғояларимиз ва лойиҳаларимиз ҳам йўқ эмас. Албатта, бу табиий.

Ҳурматли ҳамкасблар! Адлия вазирлиги жамиятимизнинг ривожланишида жуда муҳим ўрин тутувчи бўғиндир: замонавий қонунчилик, фуқаролар ҳуқуқлари, давлат бошқарувининг такомиллашуви, бюрократияга қарши кураш, бир кунда 100 минглаб аҳолига 250 дан ортиқ хизматлар кўрсатиш – барчаси аҳамиятли.

Шундай экан ушбу вазирлик фаолияти ҳар доим жамоатчилик назоратининг диққат марказида бўлиши, ходимлар эса ўзларини ислоҳ қилиб, жамият учун енгилликлар яратиш йўлида янада самаралироқ ишлаши керак.

Шу фурсатда барчангизга, жумладан креатив, жўшқин ҳамда серқирра қобилиятга эга билимли ёшлар ва хотин-қизларимизга, биргаликдаги фаолият учун миннатдорчилик билдираман.

Тиниб-тинчимас журналистлар, кенг жамоатчиликнинг конструктив ёндашуви ва танқиди бизни ҳушёр тортишга ундаганини тан олишимиз керак. Бу ҳар бир жамият ривожи учун энг зарур мулоқот.

Ҳар қадамда объектив бўлишга максимал даражада ҳаракат қилдик, қаттиқ кадр сиёсати юритдик, меритократия принципларини кадрлар танлашда фаол қўлладик. Ўйлайманки, ўтган йиллар давомида шаклланган қадриятлар бундан кейин ҳам Адлия вазирлигида давом этади ва янада ривожланади. Чунки янги раҳбар ҳам, аминманки, ушбу принципларга содиқ ишлайдиган тажрибали ва билимли инсон.

Давлат раҳбари томонидан катта ишонч билдирилиб, ўз меҳнат фаолиятимни маслаҳатчи лавозимида давом эттиришга киришар эканман, бу жуда катта масъулият ва жавобгарлик эканини чуқур ҳис қилиб турибман.

Буюк Ўзбекистон халқи учун давлат тузилмаларида хизмат қилиш мен учун энг катта бахтдир.

Кейинги фаолиятимда ҳам қадриятларимизга сидқидилдан меҳнат қилиб, барча ватанини севувчи ватандошларимиз билан самарали ҳамкорликда ишлашга умид қиламан.

Ҳаммага толе ёр бўлсин! Юртимиз тинч ва ривожланишимиз барқарор бўлсин! Янги вазирга омадлар тилаймиз!