Ўзбекистон Республикаси Давлат герби 29 ёшда.
2-июль Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун.
Давлат герби 1992 йил 2 июльда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги 616-XII-сонли Қонунига асосан тасдиқланган.
Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тароватли водий узра нур сочаётган қуёш тасвирланган. Бу серқуёш юртимизга, ундаги обод манзилларга ишора. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар – мангулик тимсоли бўлса, гербнинг сўл томонидаги буғдой бошоқлари халқимизнинг ризқ-рўзи бутунлигидан, ўнг томонидаги қийғос очилган ғўза ифодаланган чамбар юртимиз одамларининг оппоқ орзулари, эзгу ниятларидан далолатдир. Гербнинг юқори қисмида элу юртимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унинг ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз халқимизнинг дину диёнатига хос муборак тимсоллардир.
Гербимиз марказида қанотларини ёзиб, парвозга шайланиб турган Ҳумо қуши тасвири бор. Манбаларда қайд этилишича, халқимиз Ҳумони азалдан давлат қуши сифатида тасаввур қилиб келган. Заминимизда неча минг йиллар илгари пайдо бўлган афсоналарда Ҳумо қуши бахт, омад, ҳиммат, олижаноблик тимсоли сифатида тасвирланган. Гербнинг пастки қисмидаги давлатимиз байроғини ифодаловчи чамбар тасмага “Ўзбекистон” сўзи битилган.
Тамғамиздаги барча рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, эзгулик, бахт-саодат, тўкинлик, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ўзида намоён этади. Гербимиз ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаи, ёшларимизни ватанпарварлик, аждодларимиз анъаналарига содиқ фарзандлар этиб тарбиялаш йўлидаги муҳим воситадир.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек, Давлат герби Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Конституциявий суд, Олий хўжалик суди, вазирликлар, ҳокимликлар, қўмиталар, ташкилотлар, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари бинолари, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг биноларида ўрнатилган.
Давлат герби тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, миллий валютамизда, қимматли қоғозлар ва облигацияларда, фуқаролик паспортларида, чегараларимизда ўрнатиладиган сарҳад устунларида ҳамда қонунда белгиланган бошқа жойларда акс эттирилади.
Мамлакатимиз давлат рамзлари, шу жумладан, Давлат герби қонун билан муҳофаза қилинади. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган ўзга шахслар давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлатимиз рамзлари – Байроқ, Герб, Мадҳия халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этган. Уларни эъзозлаш ўзининг, ўз мамлакатининг қадр-қимматини билган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
Бухоро НҚИЗ Матбуот хизмати.