November 8, 2020

СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ГАРОВИ

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда одил судловни ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида изчил қадам ташланмоқда. Натижада фуқароларнинг судма суд эшик қоқиб боришлари ёки суд идораси ёнида сарғайиб туришларига чек қўйилди.

Биз бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори суд органлари фаолиятини рақамлаштириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берганлигини мисол қилиб кўрсатсак янглишмаган бўламиз.

Хусусан, ушбу қарорга асосан, судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб, кейинги босқичларда амалга оширилиши лозим бўлган қуйидаги бир қатор устувор вазифа белгилаб берилди:

– судлар фаолиятида «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Мазкур тизим орқали барча давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда тақдим этилади ва бу билан судларда қоғоз шаклида иш юритишдан босқичма-босқич воз кечилади. Шунингдек, мазкур тизим афзалликлари орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконияти яратилади;

- барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномалари ва суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг розилиги билан, аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда, қайд этиб борилади ва суд мажлиси баённомалари ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантирилади;

- апелляция ва кассация инстанция судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланади;

- суд қарорлари тарафларга электрон тарзда, уларнинг илтимосномалари бўйича эса, қоғоз шаклида тақдим этилади;

- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида, 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади;

- мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратилади;

- суд ишлари давлат архивига электрон шаклда тақдим этилади;

- суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида суд мажлиси иштирокчилари SMS хабари орқали бепул хабардор этилади;

- суд ахборот тизимлари 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, Президент Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирнинг Тадбиркорлик мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари билан уланади.

Албатта, ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси судлар фаолиятининг замон талаблари даражасида янада очиқ ҳамда шаффоф бўлишини таъминлабгина қолмай, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш тартиби осонлашиб, уларнинг қалбида шу кунларда хаётдан рози бўлиб яшаш хиссини жўш урдиради.

Жиноят ишлари бўйича

Гулистон шаҳар суди

судья ёрдамчиси

Н.А.Уразов