September 14, 2022

Фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижга чиқиш учун қандай ҳужжат олишини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бўлмаган шахсларининг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги” Низом қабул қилинган бўлиб, ушбу низом талабларига кўра, Республикамиз худудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижга чиқиш учун Фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати (Travel document)ни расмийлаштирган ҳолда хорижга чиқиш тартиби белгиланган.

Фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати - Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижда шахсини тасдиқловчи, ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш ҳужжати фуқаролиги бўлмаган шахсларга доимий паспорт рўйҳатида турган жойлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларида ўрнатилган тартибда берилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига буюртнома жўнатилгандан кейин ўн иш куни мобайнида, чет элда - ўн беш иш куни мобайнида, белгиланган тартибда маълумотларни йиғиш пунктида берилади.

Ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда янги паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганлик тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида берилади.

Ҳаракатланиш ҳужжатини беришда республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоиз миқдорида давлат божи ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ва алмаштириш учун ўзи доимий рўйхатда турадиган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

·        белгиланган шаклдаги ариза;

·        илгари берилган ҳаракатланиш ҳужжати;

·        фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида истиқомат учун берилган яшаш гувоҳномаси;

·        туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун);

·        давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Ҳаракатланиш ҳужжати амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай маълумотларни йиғиш пунктига мажбурий тартибда топширилади.

Ҳаракатланиш ҳужжати фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади ҳамда жаҳоннинг исталган мамлакатига чиқиш учун ҳақиқийдир.

Қарши тумани ИИБ МваФРБ бошлиғи

Сувонов Беҳзод Шомуродович