Оддий пармаловчиликдан юқори мартабага эришган раҳбар - Тўлқин Омонов
Узоқ асрлик ўтмиши ва тарихга эга - қадимий Бешкентдан ҳам элнинг назарига тушган кўплаб улуғлар етишиб чиққан. Эл эъзози ва эътиборига сазовор бўлган ана шундайлардан бири Тўлқин Омоновдир.
Бешкентнинг асл фарзанди бўлган Тўлқин Омонов ҳақида гап кетганда, уни билган, бирга ишлаган, таниган сафдошлари, шогирдлари самимий, дилкаш, кези келганда, талабчан ва қаттиққўл ва оилапарвар инсон сифатида эслашади.
Тўлқин аканинг меҳнат фаолиятини яхши хотирлайман. Илк бор 1979 йилда таҳририятда иш бошлаган кезларимда туманнинг биринчи раҳбари марҳум Иброҳим Очилов катта бир йиғилишда Бешкентдан етишиб чиққан кадрлар ҳақида фикр юритиб, Тўлқин аканинг номини алоҳида тилга олдилар.
- Мана, Тўлқинжон шифохонани таъмирлаб бераяпти, Бешкентга газ олиб келаяпти. Боғчаларга, мактабларга газ ўтказаяпти. Ободончилик ишларига катта ёрдам қилаяпти. Ишсиз ёшларни ишга жойлаштираяпти, - дея унинг меҳнатларини эътироф этган эди.
Оддий пармаловчиликдан иш бошлаб, республика миқёсидаги раҳбар вазифасига қадар босиб ўтган ҳаёт йўллари шарафли.
Тўлқин Омонович ҳаётида ниҳоятда зиддиятли кечган СССР Халқ депутатлигига сайланиш жараёнларини, мустақилликнинг илк йилларида Ғузор район партия қўмитасининг биринчи котиби бўлган дамларида муаммолар гирдобида ишлаганликларини биламан. Ҳар қандай шароитда ҳам Тўлқин Омоновичда ўзига бўлган ишонч, эътиқод, эртанги кунга бўлган умид сўнмасди.
Тўлқин ака нафақат Бешкентнинг, қолаверса бутун элнинг фахрли инсони, қалби синиқ одамларнинг дардкаши, дилкаши эди. У кишини сўнгги йўлга кузатиш кезларини ҳеч унутолмайман. Бутун Бешкент кўчиб келди. Одамлар кўнгиллари ўксиб, ич-ичдан йиғлади. Ҳа, Тўлқин Омонович яхши амалларни, савоб ишларга катта эътиборини қаратганди. Бугун у кишининг савобли ишларини фарзандлари ҳамда шогирдлари ишонч билан давом эттиришмоқда.
Полвонқул ТЎЛИЕВ,
Қарши туман "Нуроний" жамғармаси раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.