Лаборатория хизмати аутсорсингга ўтказилиши натижасида Қарши тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият кўрсатаётган лаборатория ходимлари ишсиз қолмайди
“ҚАШҚАДАРЁЛИК ЛАБОРАНТЛАР БОТГА ЁЗИШМОҚДА” САРЛАВҲАЛИ МУРОЖААТГА ДОИР
Телеграмдаги “Shokirjonov kanali”да эълон қилинган “Қашқадарёлик лаборантлар ботга ёзишмоқда” сарлавҳали хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги ПҚ-102-сонли қарорининг 6-бандига асосан ҳар бир ҳудуддан биттадан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси муассасаларини марказлаштириш ва давлат-шериклик асосида аутсорсингга бериш чораларини кўриш белгиланган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 16-сонли Қарори 2-иловасининг 3-банди, Республика Президентининг 2022 йил 21-22-апрелда вилоятга ташрифи давомида ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириқлари бўйича 35-сонли йиғилиш баёнининг 137-банди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 11 мартдаги марказлашган лаборатория, стерилизация ва юқори текширувлар тизимини ташкил этишга оид чора-тадбирлар режасининг 7-банди ижроси доирасида 2022 йил 1 сентябрга қадар Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани ва Шаҳрисабз шаҳридаги лабораторияларни марказлаштириш ва давлат-хусусий шериклик асосида аутсорсингга бериш топшириғи берилган.
Шу асосда Қарши туманида ҳам мазкур топшириқ ижроси доирасидаги тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу хусусда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасида лабораторияларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, юқоридаги меъёрий ҳужжатлар талаблари бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилган. Мазкур йўналишдаги ходимларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан тузилган меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хатлари берилган ва бу йўналишдаги ҳуқуқлари тушунтирилган.
Лаборатория хизмати аутсорсингга ўтказилиши натижасида Қарши тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият кўрсатаётган лаборатория ходимлари ишсиз қолмайди. Балки бирлашманинг лаборатория хизмати аутсорсинг шартномаси орқали ўтказилган хўжалик юритувчи субъект томонидан қайта танлов ўтказилиб, етарли малакага эга бўлган ходимлар тўлиқ иш билан таъминланади. 2023 молия йилига қадар бирлашманинг лаборатория хизмати ходимларининг иш ҳақлари бюджет маблағлари ҳисобидан ходимлар сонига мутаносиб равишда туман молия бўлимидан тўлаб берилади.
Қайд этиш зарурки, хусусий тадбиркор томонидан шифохона лаборатория хизматининг моддий техника базаси ривожлантирилади, янги тиббий асбоб-ускуналар жалб этилади, беморлар узоқ ҳудудларга қатнаб юришининг олди олинади, янги лабаратория хизмат турлари жорий этилади.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.