November 9

Ассалому алайкум, қадрли шифокорлар, тиббиёт соҳаси фидойилари!

Аввало барчангизни касб байрамингиз ­– Тиббиёт ходимлари куни билан чин дилдан табриклайман. Халқимизнинг соғлигини мустаҳкамлашдаги масъулиятли фаолиятингиздан доим ҳурмат ва эъзоз топишингизни тилайман.

Туманимизнинг 280 мингдан ортиқ аҳолиси соғлигини таъминлашда, уларни даволашда тинимсиз меҳнат қилиб, ҳар бирини ўзининг энг яқин инсонидек кўриб, унга тиббий ёрдам кўрсатаётган Сиз азизларнинг меҳнатингизга қанча тасанно айтсак ҳам шунча кам.

Жаҳон тиббиёт илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино бобомиз айтганларидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир.

Халқимиз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, аҳоли саломатлигини асраш йўлида бор билими, тажрибаси ва истеъдодини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради. Қилаётган машаққатли меҳнатингизни эса доимо муносиб қадрлайди.

Азиз тиббиёт соҳаси вакиллари!

Халқимиз келажагининг фаровон бўлишида ҳар бирингизнинг ҳиссангиз беқиёс.

Чунки буюк мақсадлар жисмонан соғлом, руҳан тетик инсонлар билан забт этилади. Бунда Сизларнинг туманимиз аҳолиси соғлигини мустаҳкамлаш, уларнинг дардига даво топиб, давлат сиёсатидан, тиббиёт тизимидан рози қилишингиз муҳим аҳамият касб этади.

Қадрли тиббиёт ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, улкан зафарлар, оилавий бахт-саодат тилайман. Машаққатли меҳнатингиз ортидан доимо эъзоз топиб, эл ардоғида бўлинг.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Зоир Аликулов, Қарши тумани ҳокими.