May 1

Суд халқ маслаҳатчилари сайлови

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддасида ўта оғир жиноятлар судларда халқ маслаҳатчилари иштирокида кўрилиши белгиланган.


Иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради.


Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 59-моддасига кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.


Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.


Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.


Халқ маслаҳатчилари одил судловни амалга оширишда судьянинг ҳуқуқларидан фойдаланади.


Халқ маслаҳатчилари судлардаги ўз вазифаларини бажаришга бир йилда кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, бундан уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади

О.Шукуров,

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси