2024 йил 8 май куни Халқ депутатлари Қарши тумани кенгашининг навбатдаги 83-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида туманни ишсизлик ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этишда сектор раҳбарлари томонидан “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш бўйича 2024 йилнинг I чорагида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Ҳар бир сектор раҳбарининг жорий йил якунига қадар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дастурлари тақдимот қилинди.
Шунингдек, танқидий руҳда ўтказилган ушбу йиғилишда тумандаги коммунал соҳа (электр таъминоти, газ, ичимлик суви, йўл) ташкилотлари раҳбарларининг ҳам ҳисоботлари эшитилиб, аҳоли муаммолари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда улар томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Сессия йиғилишида электр, газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва тупроқ йўлларни шағаллаштириш юзасидан ушбу ташкилотларнинг жорий йил якунига қадар ҳар бир маҳалла кесимида режа-жадваллари муҳокама қилинди ва тасдиқланди.
Йиғилишга юқоридаги соҳалар бўйича энг кўп мурожаат қилган фуқаролар таклиф этилиб, уларга маҳаллаларида амалга ошириладиган ишларнинг режа-жадваллари тушунтирилди.
Сессия кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда тасдиқланган режа-жадвалларни тумандаги ҳар бир маҳалла биносида барча кўринарли жойларга илиб қўйиш белгиланди.