August 28, 2022

Қарши туман ҳокими Юсупов Беҳзоджон Фарходовичнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан туман фуқароларига йўллаган табрик сўзи

Бехзоджон Юсупов

Ҳурматли ва қадрли тумандошлар!

Авваламбор, бугунги қувончли айёмда бутун туманимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий табриклайман.

Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана–Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамини туманимиз халқи катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.

Айниқса, сўнгги олти йил мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда.

Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган шиор асосида нишонланмоқда.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, туманимизда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманимизда 27 та 1подъездли 5 қаватли  уй-жойлар барпо этилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, жорий йилда Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий меъморчиликнинг ва техналогиясини сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган 10 та 1 подъездли 5 қаватли уй-жойларнинг қурилиш ишлари бошланди.

Жорий йилда таълим сифатини ривожлантириш учун
7 та мактабни 26 млрд сўмлик, тиббиёт соҳасини ривожлантиришда 2 та қишлоқ врачлик пункти ва туман марказий поликлиникасини таъмирлаш учун 10 млрд сўмлик, мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш учун 2 та мактабгача таълим ташкилотини 10 млрд сўмлик реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Болалар қамровини ошириш учун Пахтазор маҳалла фуқаролар йиғинида 6 млрд сўмлик янги мактабгача таълим ташкилоти қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари Янги Батош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 660 ўринли 15 млр. сўмлик замонавий лойиҳа асосида янги мактаб биноси қурилиши ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар ҳудудларда 27 км. ичимлик суви тармоқларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари,19 км. электр тармоқларида янги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, 38 та трансформатормукаммал таъмирланди ва 620 дона бетон устунлар ўрнатилди.

Обод қишлоқ ва обод маҳалла давлат дастури доирасида тумандаги Мирмирон ва Ўзбекистон Мустақиллиги маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб борилмоқда. Жумладан, дастур доирасида мазкур маҳаллаларда 33 км ички йўлларни таъмрланди, 26 км электр тармоқлари тортилди, 4 та трансфарматор ва 425 дона бетон устун ўрнатилди, 7 км оптик толали алоқа тизими тортилди, 2 км пиёдалар йўлаклари таъмирланди. Бундан ташқари Мирмирон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 65-мактабга 3 млрд сўмлик 330 ўринли қўшимча бино қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шуни мамнуният билан айтишим керакки, узоқ йиллардан буён эътибордан четга қолган Бешкент марказий ўйингоҳи ва Бешкент истироҳат боғини таъмирлаш учун 2 млрд сўм ташаббусли бюджетдан ажратилиб таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Туманимизда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари меҳрибон ва олижаноб халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги барчамизни қувонтиради.

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб, 17 иш кунида 38 минг тонна сара дон ўриб олиниб, вилоятда биринчи бўлиб белгиланган режа 104 фоизга уддаладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги 308-сонли қарорига асосан Қарши тумани Республикада пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича 13 туманлардан бирига киритилди. Ҳозирги кунда туманимиз пахтакорлари томонидан 15 минг гектар ер майдонида пахта экиб парваришланмоқда. Пахта ҳосилини етиштиришда пахтакорларимизнинг ишларига ҳам улкан зафарлар тилаб, етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан хирмонга киритиб, вилоятда биринчилардан бўлиб белгиланган режани бажаришларида омад тилаб қоламиз.

Бундан ташқари чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштиришда ҳам салмоқли натижаларга эришмоқдалар.

Имкониятдан фойдаланиб, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимизга, ернинг ҳақиқий эгасига айланаётган кластер хўжаликлари ходимларига, барча дала меҳнаткашларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилиш борасида Туркия, Хитой Россия федерацияси, Ҳиндистон давлатлари инвесторлари томонидан жами 13 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар жалб қилинди.

Бундан ташқари туманимизда ҳудудий инвестиция дастури доирасида 86 млрд. сўм маблағ ҳисобига 22 та лойиҳалар амалга оширилиб, 217 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек 64 млн. долларлик саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлариэкспорти амалга оширилди. Бу борада барча соҳаларда белгиланган режа ортиғи билан бажарилди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Қарши тумани инновацион туман деб эълон қилинди. Бу Республика бўйича 200 дан ортиқ туманлардан 28 та туман танлаб олинганлиги учун алоҳида туман ҳокимининг ўринбосари лавозими жорий этилди. Бунинг натижасида туманимизда Рақамли ҳокимият, Ақлли тиббиёт, Ақлли таълим, Хавфсиз ҳудуд лойиҳалари жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
29 июндаги ПФ-6013-сонли Фармонига кўра, Республика Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан “Қарши тумани коррупсиядан холи ҳудуд” деб тасдиқланди. Бу борада туманда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда туманда ушбу чораларини тўлақонли амалга ошириб бу лойиҳани тўлиқ ижросини таъминлаймиз ва ИСО сертификатига сазовор бўлиш учун ишлар олиб бормоқдамиз.

Қадрли дўстлар!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан аҳолининг даромади ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб бориш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жорий этилди.

Туманда ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлаш ва ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида “Аёллар дафтари”га 6 та тоифага ажратилган ҳолда 5033 нафар хотин-қиз киритилди ва уларнинг 1164 нафарига 1 млрд. 200 минг сўм бир марталик моддий ёрдам, тадбиркорлик қилиш истаги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 199 нафарига кредит олишларига ёрдам кўрсатилди. Ҳозирги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг 2780 нафарини бандлиги таъминланди, ажрим ёқасига келиб қолган 123 нафар оила яраштирилиб, 176 нафар болалар ярим етим бўлишдан сақлаб қолинди.

2022 йилнинг 1-ярим йиллигида “Ёшлар дафтари”га 1875 нафар ёшлар киритилган бўлиб, улардан
1362 нафари (73%) бандлиги таъминланиб дафтардан чиқарилди. Жумладан, 81 нафар ёшларга сафарбарлик чақирув резерви тўлови, 269 нафар олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг тўлов контраклари, 156 нафар ёшларга бир марталик моддий ёрдам, 138 нафар ёшларга ўзини ўзи банд қилиш мақсадида субсидия асосида асбоб ускуна ва меҳнат қуроллари олиб бериш учун жами 720 нафар ёшларга 2 млрд сўм маблағ ажратилди. 310 нафар ёшларга эса “Деҳқон хўжалиги” ташкил қилиш учун ер ажратиб берилди ва бандлиги таъминланиб “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

Тумандаги кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 290 нафар фуқароларга 446 млн сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари берилди.

Туманда туризмни ривожлантириш мақсадида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлардан 400 нафар, Кекса-нуронийлардан 180 нафар, “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшлардан 150 нафарини Шахрисабз, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатга олиб борилди.

Жорий йилда ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун сув бориши қулай бўлган 604 гектар ер майдони заҳира қайтарилиб, савдога чиқарилди. Е-АУКЦОН электрон савдосига 853 нафар фуқаролар иштирок этиб
30 сутихдан 1 гектаргача бўлган ерларга эгалик қилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этдилар.

Кичик бизнес субъектлари ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида жорий йилнинг август ойигача 1689 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан, 1159 та янги субъектлар, 720 та якка тартибдаги тадбиркор ва 439 та кичик бизнес субектларидир. Тадбиркорлик қилиш истаги билдирган 915 нафар фуқароларга 20.7 млрд сўм кредит ажратилди, 284 нафар фуқароларга 331.1 млн сўм субсидия берилиб фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Жорий ўқув йилида 11-синфни 3018 нафар ўқувчилар тугатиб 38 нафари олтин, 12 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Бугунги кунда 35 нафар мактаб ўқувчиларимиз IELTS сертификатини олишга мушарраф бўлдилар.

Шуни фахр билан айтишим керакки, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 26-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Исматова Дилрухсора Дилшод қизи 10 баллик IELTS сертификатига эга бўлиши, биз учун қувонарли.

Жорий йилда битирувчиларимиздан 27-мактабнинг битирувчиси Ражабов Фирдавс Исроилович Лондон халқаро иқтисодиёт университетига, 59-мактаб битирувчиси Нормуродов Жаҳонгир Нормурод ўғли СЭУЛ шаҳридаги Корея иқтисодиёт университетига, 12-мактаб ўқувчилари Тўлқинов Ҳасан ва Ҳусан Умиджоновлар Дубай менежмент институтининг талабаси бўлдилар. Худди шундай туманимиз мактаб битирувчиларидан 45 нафари муддатдан олдин турли хорижий олийгоҳларга талаба бўлишга сазовор бўлдилар.

Бундан ташқари вилоятда ўтказилган фан олимпиасига туманимизнинг 13 нафар ўқувчилари, Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Отажонова Дилнура Отажон қизи тарих фанидан ва Холбоев Иззатбек Дилшод ўғли математика фанидан, Чаман маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Халимова Шахризода Нусрат қизи она тили ва адабиёти фанидан, Хонобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Бўриев Асилбек Ғиёсиддин ўғли биология фанидан биринчи ўринни эгалладилар.

Файзобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси 6 ёшли Муҳаммадиев Хушнидбек Элбек ўғли Республикада ўтказилган шахмат мусобақасига иштирок этиб, фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Шунингдек Поштон маҳалла фуқаролар йиғинидан волейболчи қизлар жамоаси Қўқон шаҳрида Республика биринчилиги учун ўтказилган мусобақада иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгалладилар.

Сўзимни якунида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, туманимиз аҳолисининг ҳаёти, бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашимиз, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бизнинг асосий вазифамиз бўлмоғи зарур.

Сиз, азиз ва муҳтарам тумандошларимни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.

Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!

Хонадонларингизда тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, барчангизга жонажон Ўзбекистонимизнинг мустақиллик байрами муборак бўлсин.

Эътиборларингиз учун рахмат!