September 30, 2022

Қарши тумани ҳокими Бехзоджон Юсуповнинг байрам табриги

Муҳтарам устоз ва мураббийлар! 

Аввало, сиз азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Биз яхши биламизки, муаллимлик дунёдаги энг шарафли касблардан биридир. Шунинг учун ҳам дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчиликдир.

Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта.

Ўқитувчи Мустақиллик йилларида янада қадр топди, эъзозланди, ижтимоий ҳимояга олинди. Чинакам шарафли касб эгасига айланди. Мамлакатда таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилди. Ўқитувчи, устоз эътиборда бўлди, эъзозланди.

Сизга яхши маълумки, Президентимиз томонидан халқ таълимини ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. 1 октябрнинг Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши уларнинг қадр-қимматини янада оширди.

Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга беъзавол етказиш йўлида чинакам фидоийлик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос яхши тарбия.

Шу боис бугун сизларнинг шаънингизга билдираётган олийжаноб истакларимиз, ташаккурларимизни бутун эл-юртимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этгайсиз.

Ҳурматли устозлар!

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолат ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.

Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таьлим масканлари ташкил қилинди, жумладан туманимиздаги Президент мактаби агентлиги қошидаги ихтисослашган мактабда 42нафар ўқитувчилар фаолият юритиб келмоқда ва жами 336нафарга яқин ўқувчилар таълим олмоқда.

Бугунги кунга келиб туманимизда умумий ўрта таълим мактаблари сони 69 тага етиб, ўқувчилар сони 45039 нафарга етди.

Ушбу мактабларда 245 нафар олий тоифали, 669 нафар   1-тоифа,  1339 нафар  2-тоифа ва 1305 нафар мутахасис жами 4532 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Туманимизда фаолият кўрсатаётган 420 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан 48 нафари чет тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эгадирлар.

Бугунги шиддатли замон олдимизга қандай мураккаб вазифаларни қўяётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Уларни ҳал этиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак.

Айни шу мақсадда таълим мазмунини тўлиқ янгилаш учун мамлакатимиз олимлари тажрибали педагоглар ва хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, Миллий ўқув дастури яратилиб, босқичма-босқич амалиётга тадбиқ этилмоқда.

Ҳурматли устозлар ва мураббийлар!

Президентимиз ҳам “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман” деган гаплари билан жамиятимизда устозларсиз бирор бир соҳани ривожлантириб бўлмаслигини яна бир бор тасдиқладилар.

Қадрли устозлар, барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман! Яна бир бор Сизларни, Сизлар орқали барча таълим ходимларини қутлуғ байрам билан чин дилдан қизғин ва самимий табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ҳамиша соғ бўлинг, муҳтарам устозлар!

Бехзоджон Фарходович Юсупов,

Қарши тумани ҳокими.