September 7, 2022

Қашқадарё вилояти прокурори С.И.Самадовнинг вилоят аҳолисига мурожаати

Қадрли ҳамюртлар!

Вилоятда 6 199 та фермер хўжаликлари ва 18 та пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 136 минг гектар ер майдонида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мавсуми бошланмоқда.
Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар натижаси ўлароқ мамлакатимиз халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммасига мажбурий меҳнатга ва айниқса болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича олган мажбуриятларига собит қолмоқда.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганлиги, бу борада амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар алоҳида эътироф этилиб, Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан талаб ошиб, илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди.
Таъкидлаш жоизки, қонунларимизда мажбурий
меҳнатнинг ҳар қандай шакли ва болалар меҳнати тақиқланган бўлиб, бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари мустаҳкамланган.
Хусусан, 18 ёшга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига
ва хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш 6 млн. сўмгача миқдорда жарима солишга
сабаб бўлади.
Шунингдек, меҳнатга бирор - бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун 30 млн. сўмгача миқдорда жарима белгиланган.
Агарда бундай мажбурлаш вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, айбдор шахс жиноий жавобгарликка
тортилиб, 60 млн. сўмгача жарима ёки уч йилгача ахлоқ
тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳокимлик идоралари, барча қишлоқ хўжалиги, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш
соҳаси, давлат идоралари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотлар мансабдор шахсларини қўл остидаги шахсларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик ёхуд болалар меҳнатига йўл қўйганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантираман.
Шуни таъкидлаш жоизки, вилоятимизда бу йилги пахта терими мавсумини болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Вилоятдаги меҳнатга лаёқатли, вояга етган иш билан
банд бўлмаган аҳоли туман бандликка кўмаклашиш марказлари орқали мавсумий меҳнат шартномалари тузиб, терим отрядларига бириккан ҳолда ихтиёрий равишда теримда қатнашишлари
мумкин.
Жорий йил терим мавсумида адолатли меҳнат шароити яратилиб, меҳнатингиз моддий рағбатлантирилади.
Азиз ҳамюртлар, халқимиз миллий бойлиги бўлган пахта йиғим-терими мавсумини кўтаринки руҳда, юртимизнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузига путур етказмаган ҳолда ўтказайлик, фарзандларимиз соғлигини асрайлик, уларни таълим олишига бефарқ бўлмайлик !