January 17, 2023

Қарши тумани ҳокимининг туман аҳлига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, азиз туманимиз аҳолиси!

Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг 9-10 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмида шаклланган совуқ ҳаво оқими кириб келиши билан кўплаб ҳудудларда қалин қор ёғди.

Совуқ ҳарорат ҳозирга қадар аста-секинлик билан чекинишда давом этмоқда. Юртимизга кириб келган ушбу совуқ иқлим сабабли Қарши тумани ва қолаверса бутун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида совуқ тушиши билан аҳолининг газга бўлган талаби ошиши натижасида газ босими кескин пасайиб кетди. Газ босимининг пастлиги боис аҳолининг электр энергияга бўлган талаб ва эҳтиёжи ошиб кетмоқда. Юзага келган электр энергия ва газ инқирозини юмшатиш учун аксарият саноат корхоналари ва газ қуйиш шахобчалари фаолиятига чеклов ўрнатилди.

Вужудга келган электр-энергия ва газ таъминотидаги узилишлар, шунингдек, бошқа аниқланган носозликларни тезкор бартараф этиш бўйича мутасадди корхона ҳамда ташкилотлар мутахассислардан (туман газ корхонаси – 75-572-20-56, туман электр тармоқлари – 75-572-14-63, туман сув таъминоти – 75-572-15-36, туман маҳалла бўлими – 75-572-10-43) иборат бўлган “Тезкор штаб” (75-572-11-21) тузилиб, хизмат кўрсатиш бўйича ташкил этилган штабнинг телефон рақамлари туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқларида ёритилди.

Туман Ички ишлар бўлимида ташкил этилган “Тезкор штаб”да узлуксиз туну-кун 24 соатлик хизмати амалга оширилиб, маҳаллаларда содир бўлган газ ва электр таъминоти билан боғлиқ аварияларини бартараф этиш ҳамда оғир аҳволда қолган хонадонларга ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.

Фуқароларнинг газ, электр-энергияси таъминоти ва кўмир ёқилғисини етказиб бериш бўйича мурожаатлари тезкорлик билан ишчи гуруҳи томонидан ўз ечимини топмоқда. Қолаверса, тумандаги 58 та маҳалла фуқаролар йиғинида етарли миқдорда кўмир захиралари мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда жамғарилган кўмир ёқилғисидан эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилмоқда.

Ҳурматли туманимиз фуқаролари!

Туманимизда табиий газ таъминоти Қарши-Ғузор йўналишидаги 6 км да “АГРС-1” тармоғи орқали етказиб берилмоқда. Бу туманнинг марказигача 19 км масофани ташкил этади. Аномал иқлим ўзгариши, яъни ҳаво ҳароратининг кескин 20-22 даража совуқ тушиши ҳолати яқин йиллар давомида такрорланмаганлигини ҳамда бугунги кунда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида темир қувурларидаги табиий газ оқимининг ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатиб газ босими пасаймоқда ва газга бўлган талаб ортиб бормоқда.

Аҳоли уй-жой хонадонларни иситиш мақсадида электр-энергиясидан фойдаланмоқда. Электр-энергиясининг белгиланган кучланиш режасига нисбатан қувватнинг ортиб бориши оқибатида электр-энергия етказиб берувчи электр станцияларда авария ҳолатлари вужудга келмоқда. Қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳамда аҳолини ҳозирги кундаги электр-энергиясига нисбатан бўлган юқори талабини инобатга олиб, ҳудудлар кесимида белгиланган вақтбай чекловлар ўрнатилган. Бу албатта ҳар биримизга ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.


Шу боис, Сизлардан барча чекловларни тўғри қабул қилишингизни сўраб қоламан!

Ўз навбатида, мен ва сектор раҳбарлари ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорликда зиммамизга юклатилган жавобгарликни тўла ҳис этиб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришлари учун доимий хизмат қиламиз.

Ҳурматли нуронийлар, ҳожи оталар, ҳожи оналар, оқсоқоллар, ака-укалар ҳамда опа-сингиллар!

Юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга, иситиш учун фойдаланиб келаётган ҳар хил турдаги иситиш мосламаларидан белгиланган техник хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиб ишлатишингизни ҳамда табиий газ ва электр энергия ресурсларидан самарали фойдаланиб, ис гази, ёнғин ва бошқа фавқулоддаги вазиятларни олдини олиш бўйича оиламизга тарғиботлар ўтказишни илтимос қилиб қоламан.

Иссиқ кунлар олдинда, туманимизни аҳил фуқаролари билан синовли кунларни ҳам ортда қолдирмоқдамиз.


Халқимизнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши юртимиздаги осойишта ҳаёт ва тинчликнинг самарасидир. Юртимиздаги ана шу хотиржамлик ва барқарорлик неъматларига чин маънода шукрона қилиш ва унинг қадрига етиш керак.

Бир неча кунлик табиатнинг қиш мавсумидаги иқлим ўзгаришидан, яъни бу синов давридан эсон омон ўтишимизга Аллоҳнинг ўзи қўлласин.

ҚАРШИ ТУМАНИ ҲОКИМИ Б.ЮСУПОВ.