«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун тарғиботи ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали ташаббуси билан Қарши тумани ҳокимлиги биносида туманда фаолият олиб борадиган барча давлат ташкилотлари раҳбар ҳамда масъул ходимлар учун тарғибот семинари ташкил этилди.
Семинарда мутахассислар томонидан 4 август санасида Президент ҳузурида бўлиб ўтган “Давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорликни таъминлаш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда 8 августда юртбошимиз томонидан имзоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги, мазкур қонун билан давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ-мажбуриятлари, вазифалари ҳамда уларнинг мақоми аниқ белгилаб берилганлиги таъкидланди.
Семинар якунида эса иштирокчиларнинг қонун борасидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари тингланди. Семинар иштирокчиларига қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини давлат хизматчиси сифатида аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш борасида тавсиялар берилди.