Seminar
July 13, 2022

Қарши шаҳридаги “IT-Technopark”да етакчи IT компаниялари раҳбарлари иштирокида “Meetup” тадбири ташкил этилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан IT-Парк Қашқадарё вилояти филиали ҳамда “IT city Academy” билан биргаликда ёшларнинг IT соҳасида ўз бизнесларини бошлашга ўргатиш ва хаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш мақсадида мамлакатимизнинг етакчи IT-компаниялари раҳбарлари иштирокида MeetUP тадбири ташкил этилди.

Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳодими Ш.Шермаматов, спикерлар Алишер Таджиев ва Муродхўжа Муратов

Мазкур тадбирда ахборот технологиялари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган спикерлар Алишер Таджиев (IT Doctor) – Project Managers компанияси асосчиси ва раҳбари, Муродхўжа Муратов – UIC Group компанияси раҳбари ва ходимлари, Ахборот технологиялари вазирлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси, IT-Парк Қашқадарё филиали вакиллари, IT тадбиркорлар ҳамда 250 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар.

Спикерлар ўз чиқишларида ахборот технологиялари соҳасидаги энг долзарб жумладан, “Лойиҳа менежери хаётидан бир кун”, “Дастурчиларнинг реал хаёти”, “Сифатли лойиҳа ўзи қандай бўлади?” ва Дизайнер дастурлашни билиш керакми ёки дастурчи дизайнни?” каби мавзуларида тақдимотлар қилдилар.

Ушбу мавзулар бўйича тадбир иштирокчилари таклиф этилган спикерларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Тадбир жуда қизғин ва савол-жавобларга бой ҳолда бўлиб ўтди.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги ахборот асрида шундай кўринишдаги тадбирлар, юртимизда ахборот технологияларини янада ривожланиши учун муҳим муҳит бўлиб, кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар ва дастурлашни энди ўрганишни бошлаган ёш дастурчилар ўртасида зарурий кўприк сифатида хизмат қилади.