“Ёшлар ва қонун” Республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари ҳамда коллежлар ва техникумлар ўқувчилари (кейинги ўринларда – ўқувчилар) ўртасида “Ёшлар ва қонун” Республика танловини (кейинги ўринларда – танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида ўтказилади.
II. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш
3. Танловда 9-11 синф ҳамда 1-3 курс ўқувчиларидан иборат 8 кишилик гуруҳлар иштирок этишлари мумкин.
Таълим муассасаларининг танловда иштирок этувчи гуруҳларини шакллантириш тегишлича таълим муассасалари ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Гуруҳлар фақатгина танловда қатнашаётган таълим муассасаси ўқувчиларидан иборат таркибда тузилади.
4. Танловни ўтказиш муддатлари, жойи, тақдирлаш босқичлари ҳамда танлов билан боғлиқ бошқа турдаги ташкилий-ҳуқуқий масалалар масъул ташкилотчиларнинг вакилларидан таркиб топган ташкилий ишчи гуруҳ зиммасига юклатилади.
5. Танлов тўрт босқичда ўтказилади.
Танловнинг биринчи босқичи саралаш, иккинчи туман (шаҳар), учинчи ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри), якуний тўртинчи (республика) босқичлари апрель-июнь ойларида ўтказилади.
6. Танлов босқичлари қуйидагича ташкил этилади:
саралаш босқичини ташкил этиш ва ўтказиш ҳар бир таълим муассасаси ҳузурида тузилган ташкилий ишчи гуруҳи томонидан белгиланади ва 5 кун олдин таълим муассасаси ҳамда масъул ташкилотлар вакилларига маълум қилинади. Саралаш босқичи апрель ойида ўтказилади;
туман (шаҳар) босқичини ташкил этиш ва ўтказиш санаси 5 кун олдин туман (шаҳар) ташкилий ишчи гуруҳи томонидан белгиланади. Туман (шаҳар) ташкилий ишчи гуруҳ таркибига ҳудуддаги таълим муассасалари, Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) бўлимлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) Кенгашлари ва масъул ташкилотлар ходимлари киритилади. Туман (шаҳар) босқичи май ойи давомида ўтказилади;
ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) босқични ташкил этиш ва ўтказиш жойи ҳамда санаси 5 кун олдин Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармалари, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари, Халқ таълими бошқармалари, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари, адлия, ички ишлар органлари ва бошқа масъул ташкилотлар вакилларидан иборат ташкилий ишчи гуруҳи томонидан белгиланади. Ҳудудий босқич май ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар марказларида ўтказилади;
танловнинг якуний (республика) босқичи бўлиб ўтадиган жой ва санаси республика ташкилий ишчи гуруҳ томонидан белгиланади ва 10 кун олдин ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) босқичида ғолиб бўлган (1-ўринни қўлга киритган) таълим муассасалари ва масъул ташкилотларга маълум қилинади. Республика босқичи июнь ойида ўтказилади.
III. Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари
7. Танлов 4 та шарт асосида ўтказилади.
8. Танловнинг 1-шарти “Суд мажлислари модели” деб номланган бўлиб, унда гуруҳлар мамлакатимизда суд ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, одил судлов тизимини амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришлари, бунда ёшлар томонидан суд мажлислари моделини кўрсатиб беришлари, бунда ёшлар ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар, шунингдек маиший муаммоларга тегишли бўлган фуқаролик ишлари, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида судларнинг адолатли фаолиятни такомиллаштиришга оид амалий таклифларини тақдим этишлари шарт.
Ушбу шартга 7 дақиқа вақт ажратилади ва 5 баллик тизимда баҳоланади.
9. Танловнинг 2-шарти “Ҳуқуқий ислоҳотлар босқичи” бўлиб, унда ҳар бир гуруҳнинг сардори танловнинг ташкилий ишчи гуруҳи томонидан гуруҳлар сонига мос равишда тайёрланган махсус конвертлар ичидан биттасини танлайди. Конвертларда
5 та саволдан иборат билет бўлади. Саволлар сўнгги беш йилда (2016-2021 йиллар) мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари мазмун-моҳияти ёритишга қаратилган мавзулардан иборат тартибда тузилади.
Билетдаги саволларнинг барчасига гуруҳнинг бир нафар иштирокчиси ёхуд ҳар бир саволга гуруҳнинг бошқа иштирокчиларидан бири жавоб бериши мумкин. Қўшимча жавоблар берилишига йўл қўйилмайди.
Саволларга тайёрланиш учун гуруҳларга 1 дақиқа, жавоб бериш учун эса 3 дақиқа вақт ажратилади ва 5 баллик тизимда баҳоланади.
10. Танловнинг 3-шарти “Ёшларга оид қонунчилик – ёшлар нигоҳида” шарти бўлиб, унда гуруҳлар ёшларга оид давлат сиёсати ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавзулар асосида тайёрланган ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган видеоролик тақдимотини намойиш этадилар.
Ҳакамлар ҳайъати видеороликни баҳолашда унинг сифати, сўнгги 5 йилда ҳуқуқий соҳада юз берган ўзгаришлар, қабул қилинган қонунчилик базасининг ёритилиши, мазмундорлиги ҳамда профессионал даражада тайёрланганлигига алоҳида эътибор қаратадилар. Гуруҳлар видеороликни тайёрлашда мутахассислар ва ижодкорлар ёрдамидан фойдаланиши мумкин. Бироқ, роликни яратишда бошқа роликлардан кўчириб олиб фойдаланиш тақиқланади.
Видеоролик учун 5 дақиқа ажратилади. Видеоролик кадр ортидан шарҳлаб борилиши мумкин. Шарт 5 баллик тизимда баҳоланади.
11. Танловнинг 4-шарти “Ҳуқуқингни англа!” деб аталади. Гуруҳлар жамиятда учрайдиган айрим ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликлар, ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни саҳна кўринишлар орқали намойиш этиш билан биргаликда ушбу ҳолатларни бартараф қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдиришлари лозим.
Ушбу саҳна кўриниши учун 7 дақиқагача вақт ажратилади ва 5 баллик тизимда баҳоланади.
12. Гуруҳларнинг бадиий чиқиши ва саҳна кўринишининг ўзига хослиги, миллийлиги, мазмундорлиги, янгилиги, гуруҳларнинг ўзини таништириши ва саҳна кўринишлари жараёнида мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни инобатга олиши ҳамда улар моҳиятини оддий ва халқчил тарзда очиб бериши, белгиланган вақтга қатъий риоя қилиши, кийими, ижодий, бадиий ҳамда воқеа-ҳодисаларни халқчил асосда тайёрлаши – баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.
Гуруҳлар ўз бадиий чиқиши ва саҳна кўринишининг сценарийсини танловдан уч кун аввал ташкилий ишчи гуруҳга тақдим этади.
13. Танловдаги саволлар “Конституциявий ҳуқуқ” ҳамда “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари, шунингдек, “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳуқуқшуносликка ихтисослашган таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда тузилади.
Танлов саволлари тузиладиган қонунчилик ҳужжатлари рўйхати Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига жойлаштирилади.
Саволлар ташкилий ишчи гуруҳ томонидан сараланиб, танлов кунидан бир кун олдин махсус пакетларга жойлаштирилиб, муҳрланади ва Ёшлар ишлари агентлигида сақланади.
Шунингдек, гуруҳлар ҳуқуқий билимларини юксалтириш ҳамда суд жараёнларида амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида суд залларида танлов юзасидан тайёргарликлар кўриши, белгиланган тартибда машғулотлар олиб боришлари мумкин.
14. Танлов шартларини баҳолаш, ғолиблар ва бошқа иштирокчиларни тақдирлаш ташкилий ишчи гуруҳ томонидан тузиладиган ҳакамлар ҳайъати зиммасига юкланади.
Ҳакамлар ҳайъати таркибига Ёшлар ишлари агентлиги, Олий суд, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг масъул ходимлари киритилади. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати таркибига қўшимча равишда таълим, маданият ва санъат, ҳуқуқ-тартибот соҳаси вакиллари ҳам киритилиши мумкин.
15. Танловда I, II, III ўринлар таъсис этилган бўлиб, барча шартлар бўйича умумий баллар қўшиб ҳисобланганда, энг юқори балл тўплаган гуруҳ танловда I ўринни,
ундан кейингиси II ва III ўринни эгаллаган ҳисобланади.
Агарда гуруҳлар ўртасида умумий тўпланган баллар тенг келиб қолса,
I, II, III ўринларни белгилаш сардорлар беллашуви орқали ҳал этилади.
Бунда умумий баллари тенг бўлган ҳар бир гуруҳ сардорига ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан 10 та блиц саволи берилади. Жавоб бериш учун 1 дақиқа вақт ажратилади. Саволга тайёрланишга эса вақт берилмайди.
Сардорларнинг берган жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан 1 баллик тизимда баҳоланади. 10 та савол натижасига кўра ғолиб белгиланади.
Танловнинг барча босқичларида қабул қилинган қарорлар бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан шарҳ берилмайди ва шикоят қилиш мумкин эмас.
16. Танлов ғолиб ва иштирокчиларини тақдирлаш Ёшлар ишлари агентлиги, Олий суд, Адлия, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг I, II ва III даражали дипломлари билан тақдирланадилар.
17. Танлов якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан рағбатлантирилади.
18. Давлат ва нодавлат ташкилотлари танловда ҳомийлик қилишлари мумкин.
19. Мазкур танловнинг ҳудудий босқичлари билан боғлиқ барча ҳужжатлар (материаллар) Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларида, якуний (республика) босқичи бўйича ҳужжатлар (материаллар) Агентликнинг марказий аппаратида сақланади.