October 17, 2020

Ҳаёт сизга бетакрор совға берган

Керакли Пост телеграм канали

Баъзан атрофимиздаги негатив муҳитга жуда киришиб кетамиз. Унга тўлалигича мослашиб қолгандек туюлишимиз ҳам мумкин. Салбий энергия билан ўралган ҳолда яшаш, ҳар куни бу энергияни ичимизга қабул қилишимиз соғлом турмуш тарзига тўғри келмайди. Aтрофдагиларнинг сиз ҳақингиздаги ёқимсиз фикри, ёки ўзингизнинг ташқи муҳитга нисбатан душманлик характеридаги муносабатингиз тушкунлик ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Бу, айниқса, ҳозирги карантин даврида кўпроқ намоён бўлиши табиий. Чунки одатий бизни чалғитган фаол ҳаёт чекланди, баъзиларимиз учун эса муаммолардан қочишга арзирли бирор жой қолмади ҳам. Ўзини ҳаётда арзирли ўрнига эга эмасдек ҳисоблаб, тушкунликка тушаётганлар учун ҳаёт уларга берган бетакрор совға ҳақида эслатиб ўтмоқчиман.

“Юмалоқ тешикдаги тўртбурчак тўнка”
Жамият ўзига ўхшамаганларни “ғалатироқ” деб ҳисоблашга ўрганган. Кўпчиликнинг фикрига кўра оммага ўхшамаган, тўданинг йўлидан юрмаган ҳар қандай киши зудлик билан реабилитация қилиниши керак. Қандай бўлмасин уни ўз фикридан қайтариб, “бошқаларга ўхшамаган” қирраларини олиб ташлаб, ҳамма қатори хусусиятларни сингдириб қўйишга уринишади. Aммо ҳеч ким бу ғалати инсондаги қобилият ҳам балки биз билмаган қайсидир соҳада катта муваффақиятга эриштириши мумкиндир, деб ўйлаб кўрмайди. Мен жамият мухандислигидан йироқ одамман, бунақа нарсаларнинг илмий асосларини тушунмайман. Лекин инсон ўзини юмалоқ тешикдаги тўртбурчак тўнкадек ҳис қилса, атрофидаги муҳитнинг ўзига мос эмаслиги сабабли ўзини ёмон кўрса, унга берилган ҳаётнинг бетакрор совғасидан хабарсиз ўтиб кетиши ҳеч гап эмаслигини биламан.

"Сизнинг ҳаётда ўз ўрнингиз бор"
Сиз жуда қобилиятлисиз. Сиз ҳаётга бекорга келмагансиз ва сизнинг бу дунёда бажарадиган ўта муҳим ишингиз бор. Бу ишни бажариш ва балки инсоният ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориш, дунёни ўзгартириш сизга юклатилган бўлиши ҳам мумкин. Шунчаки буни ҳозирча сиз ва атрофингиздагилар билмайди. Ўз қобилиятларингизни англаш, имкониятларингизни юзага чиқариш эса фақат ўзингизнинг ҳаракатингизга боғлиқ. Aтрофингиздаги ҳар қандай салбий муҳит сизга тўсқинлик қилишига йўл қўймаслигингиз керак.

Яқинда ББC томонидан тайёрланган “Инсоният Марсда. Қизил сайёрага экспедиция” номли филмни кўриб қолдим. Унда айтиб ўтилган бир жиҳат инсонларнинг бир-бирига ўтказадиган салбий таъсири қанчалик кучли эканлигини кўрсатди. Филмда тасвирланишича, ойга учиш учун тайёрланган жамоага кучли, бақувват, фожиали вазиятларда ўзини йўқотиб қўймайдиган чидамли ҳарбийлардан учувчиларни танлаб олишган экан. Ойга уюштирилган экспедиция хусусиятларига кўра фақат жисмоний куч кишини яхши астронавт қила олади, деган хулосани келтириб чиқарган.

Марсга уюштирилган экспедицияда эса кўп нарса инсоннинг психологик тайёргарлигига боғлиқ бўлиб қолибди. Бир ярим йилдан кўпроқ вақт ёлғизлик ва бўшлиқда ўзини тута олиш талаб этиладиган бу экспедицияга энди мушакларидаги кучга қараб эмас, аксинча, ёлғизликда зерикмай китоб ўқиб ўтира оладиган, минглаб филмларни томоша қилиб вақт ўтказа оладиган, ойлаб битта хонада яшашдан зерикмайдиган ва портлаб кетмайдиганларни танлаб олишаётган экан. Марсга саёҳат танлови одамларнинг астронавтлар хусусиятлари ҳақидаги қарашларини ўзгартирди, дейишди. Демак, жамият меъзонлари ўзгариб туради.

Шу ўринда, ҳозир актуал бўлган яна бир ҳазил ёдимга тушди. Қачонлардир дунёни қутқариш учун ота-боболаримиз қўлда қурол билан жанг қилган бўлса, пандемия даврида дунёни қутқариш учун биз уйда қолиб, диванда ётиб олиб ТВ кўришимиз кифоя қилаяпти.

Замон ва шароитга қараб ҳар кимнинг ҳаётдаги ўрни намоён бўлади. Бир хор бўлган касб вақти келиб бир улуғ бўлиши бор нарса. Ҳудди шунингдек, агар сиз атрофдагиларнинг таъсирида, ёки ўзингиздаги тушкунлик ҳолати натижасида ҳаётда ўрнингиз йўқдек, ҳеч нарсага арзимайдигандек ҳис қилаётган бўлсангиз, қайта ўйлаб кўришингизни тавсия қиламан. Сиз жуда кўп нарсага қодирсиз. Ҳаёт сизга бетакрор совға берган. Шунчаки, ҳозирча сизнинг даврингиз келмаган ва қобилиятларингизни намоён қилиш учун қулай муҳит яратилмаган. Сабр билан ҳаракат қилинг ва албатта ҳаётдаги ўз ўрнингизни билиб оласиз.

"Aқлдан озмаслик учун тавсия"
•Ҳали шундай вақт келади-ки, ҳамма сизга ҳавас қилади ва сизнинг ҳар бир ишингиз тўғри ҳисобланади. Aммо ҳозирча сиз ёлғизсиз, ҳамма сизга қаршидек туюлаяпти. Бундай вазиятда энг муҳими – ақлдан озмаслик ва эртанги кун учун ҳаракат қилиш. Вақтингиз ва ҳаракатларингизни тўғри йўналтириган ҳолда қуйидаги усулларда ўзингизни ривожлантиринг:

•Бошқаларнинг дунёқарашини четлаб ўтиб, мустақил фикрлашингизни ривожлантиринг;
•Ўзингиздаги ҳар бир қобилият устида ишлашга вақт ажратинг;
•Ҳар куни ёқтирган ишингиз билан шуғулланиб, ўзингизни руҳлантиришга ҳаракат қилинг;
•Баъзан бошқалардан фарқли бўлиш жуда зўр эканлигини ҳис қилинг;
•Келажак учун ҳатто ўзингиз ҳам ишонмайдиган даражада катта режалар тузинг;
Руҳлантирувчи медиа маҳсулотлардан фойдаланинг;
•Ҳар қанча кичик бўлмасин, қўлингиздан келганча инсониятга яхшилик қилинг.
Сизга берилган бетакрор совға ҳақида ҳар куни эсланг. Қачондир айнан сиздаги қобилият инсониятга керак бўлишини унутманг. Сиз инсониятга кераксиз!

Макола сизга ёққан бўлса бизни телеграм еаналимизга обуна булиб қўйинг!

Керакли Пост - ентернетдаги енг сара мақолалар телеграм канали.