Неча йилда профессионал дастурчи бўлиб етишиш мумкин?
Дастурчи қайсидир дастурлаш тили ёрдамида дастурлар ярата оладиган иqжодкор ҳисобланади. Профессионал дастурчи бўлиб етишиш ўз касбининг энг юқори даражасига чиқиш, соҳани мукаммал эгаллаш ва касбига доир ҳар қандай ишни осонлик билан бажара олиш демакдир. Тажрибали ва билимли дастурчи бўлиб етишиш машаққатли вазифа бўлиши билан бирга узоқ вақт талаб қиладиган тизимли ўрганиш, меҳнат ва изланиш йўлидир. Неча йилда профессионал даражадаги дастурчи бўлиб етиша олиш масаласи ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ ҳисобланади.
Профессионал дастурчи ким?
Дастурлаш деганда “Ҳелло wорлд”ни тушунмаслигимиз керак. Қайсидир тилда жуда содда амални бажариб қўйиб, ўзини дастурчи ҳисоблаш тўғри эмас. Киши дастурчи мақомига эга бўлиши учун қайсидир дастурлаш тилида энг камида битта мукаммал жараённи тўлиқ автоматлаштира олган, амалий фойдаси бўлган ва хатоликларсиз ишлай оладиган дастур ярата олиши керак.
Фикримга кўра, қуйидаги хусусиятларни ўзида мужассамлаштира олган кишини профессионал дастурчи, десак бўлади:
• Дастурлаш тилини мукаммал даражада билади;
• Муаммоларга кам код билан ечим топа олади;
• Энг замонавий дастурлаш услубларидан фойдаланади;
• Дастурлаш ва тил янгиликлари, трендларидан хабардор;
• Ўз устида ҳар куни ишлайди ва замондан ортда қолмайди;
• Жамоа бўлиб ишлай олади ва бошқаларга ёрдами тегади;
• Фаолияти давомида бир неча ўнлаб дастурлар яратган;
• Бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммо билан ишлай олади;
• Соҳаси доирасидаги бошқа дастурлаш тилларини осон ўрганади;
• Ҳар қандай масалани дастурлаш орқали ҳал қилади олади.
Дастурчи ҳеч қачон дастурлаш ёки дастурлаш тилини тўлиқ билиб олиши мумкин эмас. Муаммо ва ўрганилиши керак бўлган масала ҳар доим топилади. Шу сабабли дастурчи доимий изланишда бўлишга мажбур. Дастурчининг ҳар бир куни ўрганиш билан ўтади.
Неча йилда ўрганиш мумкин?
Профессионал дастурчи бўлиб етишиш учун йиллар талаб этилади. Aйнан неча йил талаб этилиши, албатта, кишининг ўзига боғлиқ. Дастурлаш тили синтаксисини ўрганиш, қайсидир тилда код ёзишни бошлаш иккинчи даражали иш. Энг муҳими – дастурчидек фикрлаш. Дастурчидек муаммонинг энг оптимал ечимини топа олиш кишининг қачон, ёки қанчалик тез профессионал дастурчи бўлиб етиша олишини аниқлаб беради.
“Дастурчиликни 10 йилда ўрганинг” номли машхур мақола бор. Уни турли тилларга таржима қилишган. Вақти келиб мен ҳам бу мақолани ўзбек тилига таржима қила оларман. Aйнан шу мақолада мукаммал ва етук дастурчи бўлиб етишиш учун 10 йил талаб этилиши уқтирилган. Aлбатта, мантиқий фикрлашингиз қанчалик яхши ёки ёмон ривожланганлиги, мантиқий масалаларга қай даражада ёндоша олишингизга қараб сиз учун бу йиллар камроқ ёки кўпроқ бўлиши мумкин.
Aслида, дастурчилик доимий изланиш ва ўрганишдан иборат касб. Шундай экан, бу касбга меҳр қўйдингизми – унинг неча йил талаб қилишига эътибор бермасдан ўрганишни бошланг. Қанча кўп ишласангиз, тажрибангиз шунча юқори даражага кўтарилади. Билимингиз ошгани сари дастур ёзиш қобилиятингиз оддийдан мураккабга қараб ўзгаради.
Сиз неча йилда мукаммал ва етук дастурчи бўлиб етишишингизни фақат ўзингиз ҳал қиласиз. Ҳеч ким сизга аниқ муддатни айта олмайди. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Меҳнат қилинг, мантиқий фикрлашни машқ қилинг, кўпроқ тажриба йиғишга ҳаракат қилинг. Қисқа фурсат ичида, ўзингиз хоҳлагандек, мукаммал дастурчи бўлиб етишасиз!
Керакли Пост - мен сизга керакли маколаларни тавсия қиламан.
Админ Сардор Келдимуродов.