June 22, 2020

Фалсафа ва ёшлар

Бугун ёшлар орасида фалсафага қизиқиш, ўзгача фикрлаш, воқеаларга фалсафий нуқтаи назардан қараш авж олгандек кўринади. Айниқса Фейсбукда псевдофайласуфлар, фалсафий шоирлар кўпайгандек, кўринади. Лекин, Платоннинг 25 аср илгари ёзган асарини ўқиб тушундим-ки,бу бугунги эмас доимий тенденция экан.

Платон "Давлат" асарида ёзади: "Бугунги вақтда фалсафа билан эндигина болалик билан хайрлашаётган, ҳали рўзғор ва ишига эга бўлмаган ёшлар шуғулланмоқда. Кейин эса улар ҳали фалсафанинг қийин қисмларига етиб келмай туриб фалсафани ташлаб кетишади. Аммо ўзларидан гўёки донишмандни ясаб олишади. Якунда ҳудди Гераклит қуёшидек сўниб қолишади."

Дарҳақиқат ўсмирлик ёшидаги бундай фалсафий қарашлар, экзистенциал фикрлар ёшлар катта бўлиб, турмуш, рўзғор гарданига тушиши биланоқ уларни кўпинча тарк этади. Бу кўпинча ўсмирлик максимализми билан ҳам боғлиқ. Ёшлар барча ишда максимум натижага интилишгани учун ҳам оддий кўнгилсизликдан ҳам тез тушкунликка тушиб қолади. Шўнга "ўсмирлик депрессияси" га ҳам йўлиқиб туришади.

Шу асарда Суқротга савол беришади: "Ҳўш, унда фалсафа билан қандай шуғулланиш керак?"
У эса одатий катта авлод вакилларидек шундай жавоб беради: "Ўсмирлар, ёшлар дастлаб тарбия олиши керак ва ўз ёшига мос фалсафа билан шуғулланиши керак. Улар ўсиб, ривожланиб бораркан фалсафа уларга кўмакчи бўлади. Ёш ўтгани сари руҳи ҳам сайқалланиб боради ва улар янада кўпроқ босим билан шуғулланишлари мумкин."

Ўзи кўпчиликда савол туғилиши керак "фалсафа билан нега шуғулланиш керак, мана бошқалар фалсафасиз яшаб юрибди-ку?" деб. Албатта киши фалсафа билан шуғулланмай ҳам яшайверади, аммо ким-ки ўз соҳасида етук мутаҳассис бўлишни хоҳлар экан озми-кўпми фалсафага дуч келаверади. Чунки, илгари турли туман фанлар бўлмаган, фақат фалсафа бўлган. Кейин у ривожланиб сиёсат, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, психология, физика, математика фанлари ажралиб чиққан. Шундай экан сиз ўз соҳангиз туб тубига кириб борар экансиз бугунги назариялар, қарашларни яхшироқ англаш ва улар сабабини тушуниш учун уларнинг фалсафий асосига мурожаат қилишингизга тўғриғ келади. Агар бу фалсафани яхши эгалласангиз кўпчилик ўйлагандек тушунарсиз фикр юритмайсиз, аксинча кўпчиликка бирор масалани ипидан игансигача содда тушунтириб беришга қодир бўлсасиз. Шундай экан, фалсафадан қочманг, у сизни барибир таъқиб қилиб юраверади.🙂

Канал: Китоблог