August 25, 2020

Чили мўжизаси ва чикаголик болалар

Ўтган асрнинг 70-йилларида чилилик 30 га яқин иқтисодчилар Чикаго университетида таҳсил олишган. Машҳур иқтисодчи "шок терапияси" асосчиси Милтон Фридманнинг бевосита ўзи ва ғоялари орқали малака оширишган. Кейин эса Чилига қайтиб ҳудди шу тарзда бошқа чилилик талабаларга ҳам таълим беришни бошлашган. Шу сабабли уларни "чикаголик болакайлар" деб аташарди. Чикаго мактаби вакиллари эркин бозор тарғиботчилари ва давлатнинг иқтисодиётга аралашувини тубдан(тиббиёт, таълим, ижтимоий соҳаларда ҳам) чеклаш тарафдорлари эди.

Улар ҳарбий инқилоб орқали ҳукуматга келган генерал Аугусто Пиночет режими даврида ўз ғояларини амалда қўллашган. Пиночет олдинги социалистик режимни ағдарган эди. Шавфқатсизлиги билан машҳур диктатор унга қарши минглаб кишиларни стадионларга йиғиб қийнагани, ўлдиргани билан ҳам танилган. Ўша даврда 3200 одам йўқолган ёки ўлдирилган, 80 000 одам турмага ташланган, 200 минг одам сиёсий сабабларга кўра мамлакатни тарк этган.

Чикаголик болакайлар Пиночетни агар у турли соҳалардаги ҳукумат аралашувини кескин қисқартирса, иқтисодиётнинг "табиий" қонунлари ўз-ўзидан мувозанатни тиклашига ишонтиришди. Инфляция эса бу бозордаги носоғлом организмларнинг мавжудлиги туфайли келиб чиқадиган иқтисодий иситма экани ва у ҳам ўз ўзидан "табиий" тузалишини айтишди. Давлат иштирокини чеклаш ҳаракатлари амалга ошира бошланди. Аммо улар адашганди.

1974 йилда инфляция 375 фоизга этди, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич эди. Нон ва шу каби асосий зарурий маҳсулотлар нархи ҳаддан зиёд кўтарилди. Шу билан бирга, чилиликлар ишларидан ҳам айрилишди, чунки Пиночетнинг "эркин савдо" тажрибалари мамлакатни арзон импорт моллари билан босиб кетишга олиб келди. Маҳаллий корхоналар рақобатга бардош бера олмай, ёпилди, ишсизлик рекорд даражага этди ва аҳоли очлик таҳдиди остида қолди.

Чикаголик болаларнинг ўйлаганлари амалга ошмагач улар ўз раҳнамоси Милтон Фридмандан ёрдам сўрашди.1975 йилда Чилига келган Фридман шаҳсан Пиночет билан учрашиб янги кўрсатмалар ва ҳақиқий "шок терапиясини" таклиф қилди. Агар уни маслаҳатларига амал қилинса "Чили мўжизаси" юз беришига ишонтирди.

1975 йилда улар давлат харажатларини бир уринишда 27 фоизга камайтиришди ва яна қисқартиришда давом эттиришди. 1980 йилга келиб соғлиқни сақлаш ҳаражатлари 1970 йилга нисбатан 17,6 фоизга, таълим ҳаражатлари эса 11,3 % га қисқарди. The Economist журнали буни "ўз ўзини яксон қилиш" деб атаганди. 500 дан ортиқ компания ва банклар ҳусусийлаштирилди, шунчаки пули борларга тарқатиб юборилди. 173 минг иш ўрни қисқарди.

Шок терапиясининг дастлабки йилида иқтисод 15%га қисқарди. Ишсизлик эса 20% га етди. Эксепериментлар давом этди. Давлат мактаблари ўрнини ҳусусий мактаблар эгаллади. Соғлиқни сақлаш тизими пуллик бўлди. Боғчалар ва қабристонлар ҳам ҳусусий қўлларга берилди. Чили неолибералистларнинг ҳақиқий тажриба майдонига айланганди.


"Чили мўжизаси" эса 80-йилларнинг иккинчи ярмида, оҳирида "юз бера бошлади". Инфляция жаҳон даражасига яқинлашди: 9-15%. ЯИМ ўсиши 8% га етиб, ишсизлик 9% га етди. Ташқи қарзлар ҳам қисқарди. New York Times ва Washington Post бу ҳолатни "эркин бозор сиёсати орқали юзаган келган иқтисодий мўжиза" деб атади.

Аммо бу "мўжиза" аҳолига ўта қимматга тушганди. Макроиқтисодий кўрсаткичлар ошгани билан, ижтимоий ҳаёт оғир аҳволда эди. 40% дан ортиқ чилиликлар қашшоқлик даражасида(кунига 1,9 доллардан кам пулга) ҳаёт кечиришарди. 30% аҳоли 70-йилдагиданда камроқ ойлик оларди. 80% аҳоли даромади ўртача жаҳон даражасига(ўртача 1510$ йилига) етмасди. 17 йиллик диктаторликдан кейин Аугусто Пиночет ҳам 1990 йилда президентликдан кетди.

П.С: асосий фикрлар Наоми Кляйннинг "Доктрина шока" китобидан олинди. Китобни барчага тавсия қиламан.

Канал: @kitoblog