July 31, 2020

Дориан Грей: агар кўзгу қалбимизни кўрсатганда, унга қарай олмасдик

"Дориан Грей портрети" асари ҳақиқий адабиёт иҳлосмандлари, саънатсеварларни кириш қисмиданоқ ўзига ошуфта этади. Оскар Уайльднинг тасвирлаш услуби ва Лорд Генри фалсафаси эса ўқувчини янада асарга маҳкам боғлаб қўяди.

Одамлар болагида ҳали пок қалбли бўлади. Улар ҳали ҳаёт паст-баландини кўрмаган, яхши ва ёмон каби тушунчалардан ҳам йироқ бўлади. Дориан ҳам қисман шундай қалбли йигит эди. Одам феъл атвори шаклланишида ташқи омиллар, атрофимиздагилар асосий рол ўйнаганидек, унинг катта бўлиб дунёқараши шакланишига Лорд Генри ва рассом Безил катта таъсир ўтказишди.

Безил доим уни кўкларга кўтарса, аксинча Генри ундаги энг тубан истакларни, ҳайвоний ҳис туйғуларни намоён этишга уринди. Безилни доим ёрдам ва мададга тайёр фариштага қиёсласак, Гарри эса иблисдек инсоннинг ич ичидаги ўзи ҳам тан олишга қўрқадиган фикрларини қўрқмай юзага чиқара оларди. Айнан Лорд Генрининг таъсири эса якунда залворлироқ бўлиб чиқди, зеро одам ўзини қанчалик аҳлоқий, эзгу деб баҳоламасин лорд айтаётган гаплар ҳақлигини тан олмай иложи бўлмасди.

"Ёшлик асрашга арзимайдиган ягона нарса" дейди Лорд Генри. Дориан эса бу ёшликни сақлаб қолишга уринарди, зеро у ёшлиги ва гўзаллиги эвазига барчани ўзига ром этганди. Аммо, одамнинг кўриниши чиройли бўлиб қолсада, қалби у қилган гуноҳлар, шафқатсизликлар, разилликлар эвазига бужмайиб, хунук ҳолатга келиб қолиши мумкин. Агар қалб, виждон ўрнига қилган ёвузликларимиз юзимизда намоён бўлсачи, унда ҳам ёмонликларни қила олармидик? Кишилар бир бирига қарай олармиди ё дунёни тасқара чеҳралар босиб кетармиди? Кўзгуга қараш эса энг севимли эмас энг оғир иш бўларди. Аҳир тасқара юзимизга қарай олмаймиз, аммо айни дамда юрагимиз қанчалик соф, унга боқа олармикинмиз?

Биз-ку балки йўқ, аммо бош қаҳрамонимизда бу имконият бор эди. Унинг виждони, қалбини ўз портрети намойиш қиларди. Шунинг учун Дориан портретни бошқалардан ҳа, ўзидан ҳам яширарди.

Кўпинча бу асарга таърифларда Дориан Грей ва асосий персонаж Лорд Генрини салбий қаҳрамонлар дея эътироф этишарди. Аммо, бундай яхши ёки ёмон деб ажратиш ноўрин, қаҳрамонларнинг ўз ҳақиқатлари, позициялари доимо ўзгариб туради. Аслида бундай асарларда салбий ёки ижобий персонажлар бўлмайди. Чунки уларнинг ҳаракатлари ўз фалсафаси ва асосларига эга. Биз буни ўз қаричимизда ўлчаб, бир томонлама баҳолаб аксинча персонажларни чеклаб қўйган бўламиз. Уларга ҳукм ўқишимиз керак эмас, аксинча уларни ўрганиш, таҳлил қилиш керак ҳолос.

Агар ўзимиз Дорианнинг ўрнида бўлиб қолсак, ёшлик ва гўзалликни сақлаб қолишга уринмасмидик? Имкониятимиз бўлганида Генридек гедонистик ҳаётни афзал кўрмасмидик? Кўрардик албатта, лаззатланиш одамлар учун бахтданда устунроқ тушунча. Биз доим бахтли бўлмаслигимиз мумкин, аммо ҳаётдан мамнун яшашни, ҳотиржамликни ҳис қилиш қанчалар ёқимли. Гедонизм фақат кайфу сафодан иборат эмас, у ҳаётнинг ҳар бир онидан шунчаки лаззатланиб яшашга ундайди бизни. Уайльд пайтида ҳам гедонизм ҳали янги тушунча эди ва жамиятнинг кескин танқидига учраган. Муаллиф Генри фикрлари орқали гедонизмни кўпчиликка тушунтиришга урингани ҳам шундан. Умуман Оскар Уайльд зодагонлар ҳаётини реал тасвирлай олади, зеро ўзи ҳам шундай ҳаётда катта бўлган. Асарда турли тарихий фактлари, воқеаларнинг тасвирланиши, қимматбаҳо тошлар, мусиқа, матолар ва саънат ҳақидаги фикрлар эса Оскар Уайльд ҳақиқий интеллектуал бўлганини кўрсатади.

Асарда Сибила ва Дориан ўртасидаги "муҳаббат" га тўҳталиб ўтирмадим, бу ўсмирларга ҳос оддий ҳавас эди ҳолос. Дориан Сибиланинг ролларини, Сибила эса Дориандаги жозибани ёқтириб қолганди ҳолос. Аммо, шу вазиятдаги фожеани ҳам Дориан ўз манфаати йўлига бура олди. Гўё ўзи учун дастлабки тақдир зарбасини кутиб олганига ишонтириб, ўзини овунтира олди.

Психолог Карл Юнг кишида нафақат онгости истаклар, балки кишида аҳлоқий маданият борлигини эътироф этган. Бу маданият киши ўша онгости истакларига бўйсиниб бузуқликлар, аҳлоқсизликлар қилганида қийналади, уни йўлдан қайтаришга уринади. Дорианнинг умри оҳирида ҳам шу аҳлоқий морал уйғонган назаримда. Унинг виждони қилган ишларидан росмана афсус чекишни бошлаганди. Бутун умр ўзига андармон бўлган одам, якунда ўзига ёқмай қолганди. Энди ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлганида эса афсуски кеч эди. Қилинган барча разилликлар портрет акс этсада, унинг ҳаётига ҳавф солмасди. Унинг танаси аллақачон бундай ҳаётдан ўлиб бўлганди. Ўзининг чиркин қалбини буткул йўқотмоқчи бўлган "гўзал шаҳзода", портретни йўқотиб аслида ўз умрига зомин бўлди ҳолос.

Канал: @kitoblog