August 11, 2020

Санъатда, адабиётда аҳлоқ бўлиши керакми?

Сўнгги пайтларда китобларда фаҳш, интим саҳналар ва муносабатлар тасвирланиши борасида турлича фикрлар янграмоқда. Айниқса танқидлар, қарши чиқувчилар кўп. Бу борада Х. Йўлдошевнинг қуйидаги "Санъатда ахлоқ бўлиши шартми?” мақоласини бироз қисқартириб бермоқдаман. Жуда адекват, ўринли фикрлар билдирилган. Кўринг:

‟Санъат доимо мафкуранинг ва диний тажрибанинг ифодаси бўлган, у айни пайтда сиёсий иродани ҳам намоён қилади”, деган эди Адольф Ҳитлер.

Ҳар қандай санъат асарида, дейлик, қўшиқда албатта насиҳат бўлиши керак, ҳечқурса унда миллий ахлоқий қадриятларимизга зид элемент бўлмаслиги шарт; адабиётда, кинода албатта адаб, ахлоқ бўлиши, ҳатто ҳажвия ҳам шунчаки ҳажвия бўлмаслиги, одамларга ахлоқодоб ўргатиши керак, умуман санъат санъат учун бўлолмайди, у албатта қандайдир ахлоқий, ғоявий аҳамиятга эга бўлиши шарт – ана шу бизнинг санъат фалсафамиз.

Менинг таҳминича бу фалсафамизнинг илдизи санъатни мафкуралаштирадиган советча марксизмга бориб тақалади. Совет давлатида санъат муайян ижтимоий ғояга хизмат қилиши шарт, деган қараш бор эди. Яъни санъат одамларнинг мафкуравий оқартуви билан шуғулланиши, унинг ижтимоий миссияси бўлиши керак, қандайдир ижтимоий аҳамияти бўлиши шарт, акс ҳолда, у ахлоқсизликка, бузғунчиликка, жуда бўлмаса, вақтни беҳуда совуришга сабаб бўлади, деб ишонилган. Айни шу қараш адабиётшунослик, кинотанқидчилик, умуман, санъатшуносликнинг қонига сингдирворилган. Бирор бадиий асар ёзилса, аввало унинг ғоясини текширганлар. Муаллифнинг ғоявий қарашлари унда бўртиб туриши, илғор, бунёдкор совет кишиси фазилатлари ифодаланиши, совет жамияти эришаётган ютуқларни баралла куйлаши, ва албатта, мафкурага хизмат қилиши шарт бўлган.

Шундай қилиб, зиёлиларимизнинг, хусусан, санъат соҳаси мутахассисларининг онгида “санъат мафкурага хизмат қилиши шарт”, деган ишонч сақланиб қолди. Санъат, адабиёт вакилларини ҳукумат назорат қиладиган псевдонодавлат ижодий уюшмаларга бириктириб, ижодкорларни тизгинда тутиш, муайян қолипларга тушмаган асарларга қарши курашиш, ижодкорларнинг ўзини эса, дейлик, лицензиядан маҳрум қилиш, ўз ишини оммага намойиш қилишига тўсиқ қўйиш, гапга кўнадиганларини мукофотлаш каби амалиётлар бизнинг қанчалик “собиқ” коммунистлар эканимизни эслатиб туради. Коммунистик ёки умуман тоталитар ўтмишга эга бўлмаган бирор юртда адабиётга, санъатга бундайин талаб қўйилмайди, бундай таснифланмайди.

Хўш, бугун нимани кўряпмиз? Қўшиқчилар ахлоқсизликда айбланади, ҳажвчилар жамиятга ахлоқодоб ўргатадиган дастурлар тайёрлаш ўрнига ғоявий пуч чиқишлар қилаётгани айтилади. Бирор бадиий асар ҳақида сўз кетса, унда қандай ахлоқий ғоя ифодалангани, кино ҳақида сўз кетса, бу фильм ёшларнинг ёмон йўлларга кириб кетмаслиги учун уларга йўл кўрсатиши ҳақида гапирилади. Хориж кинофильмларидан интим саҳналар қирқиб ташланади. Бадиий асарларда бирор шундай “бепардароқ” ифодалар бўлса, ёшларни бузади, ахлоқсизлик бу деб дод-вой солинади. Санъатга, адабиётга унинг ўз ички қонуниятларидан келиб чиқиб эмас, қандайдир ижтимоий талабдан келиб чиқиб баҳо берилади.
Бу санъат эмас, бу санъатшунослик ҳам эмас. Бу морализм. Шундай морализмки, бунинг оқибатида муқаддас қадриятлар қадрсизланади. Мажбуран едирилган “маънавият” сабабли одамларнинг маънавият деса кўнгли айнийдиган бўлди, “ватанпарварлик” деб маддоҳлик қилинаверганидан бунинг ҳам қадри кетди. Бугун ватанпарварлик ҳақида гапирилса, ё бирор ерда ниманидир ўғирлаяпти ёки бирор лавозим ёки мукофотга кўз тиккан деб гумон қиладиган бўлиб қолдик.
Афсуски, морализм ахлоқни чиндан исташ ёки ахлоқлилик маҳсули эмас, балки ахлоқсизликни пана қилиш учун ниқобдир. Маънан таназзулга кетган, мунофиқлик илдиз отган жамиятларда ахлоқ ҳақида кўп гапирилади. Ҳа, айнан гапирилади, тамом.

Жамиятда тафаккур тарзи ўзгариши керак. Аммо бундай ўзгариш тепадан бошланади, пастдан эмас.

Канал: @kitoblog