Зукколар ва ландовурлар
Малколм Гладуэлл журналист, социолог бўлиб кўплаб тадқиқотлар, статистик маълумотлар асосида ўзининг "Зукколар ва ландовурлар" китобни ёзган. Китоб биз кўрадиган дунёга, воқеаларга буткул бошқа кўз билан қарашга ундайди. Одатий хулосалардан қочиб, вазиятларга бошқача баҳо беришга ундайди.
Китобдаги асосий ғоялардан бири бу кишиларнинг муваффақияти фақат уларнинг ўз салоҳияти, иқтидорига эмас балки улар яшайдиган, фаолият кўрсатадиган ижтимоий муҳит, давр ва демографияга боғлиқлигини уқтиради.
Биз етук, иқтидорли ҳисобловчи кўплаб шахслар Бил Гейтс, Стив Джобс ёки Моцарт ҳам нафақат салоҳияти балки тинимсиз меҳнати ва қулай шароити сабабли шу даражага етиб келган. Хусусан, Билнинг ота онаси даврнинг обрўли кишилари эди, бобоси эса банкир бўлгани маълум. Бил энг яхши лицей ва университетда ўқиган. Бунда ўзининг ҳам технологияларга қизиқиши сабаб бўлиб у компьютерлар оламида ҳақиқий инқилоб қила олди.
Моцартни эса биз вундеркинд деб биламиз, аммо аслида у ўзининг машҳур асарларни 20 ёшдан бошлаб яратган. Бу ҳам ёш пайт-ку, дейсизми, албатта аммо Моцартнинг отаси ҳам бастакор бўлгани ва у 4-5 ёшидан отаси билан шуғулланишни бошлаганини айтсам-чи. У деярли 15-20 йиллик машғулотлардан сўнг шедевр асарларини ярата бошлаган холос. Айни шу ўринда Гладуэлл, 10000 соат қоидаси ҳақида ҳам айтиб кетади. Унинг фикрича бир соҳада етук шахс бўлиш учун шу соҳада камида 10000 соат шуғулланиш керак. Агар кунига 2-3 соатдан шуғулланса, соҳада етук шахсга айланишга 10 йилча вақт кетади. Моцартда ҳам шундай бўлган.
Ёки муваффақиятнинг даврга боғлиқлиги айтиларкан, масалан Америкада иқтисод, саноат ривожи 1860-70 йилларга тўғри келган. Ҳар томонлама саноат ривожига эътибор берилган. Айни шу пайтда фаолиятларини бошлаш пайтига тўғри келганлар ҳам мос равишда кўп имкониятларга эга бўлган. Дастлабки миллиардерлар ва нефт магнатлари Д. Рокфеллер ва Э. Карнеги кабилар ҳам айни шу пайт ўрта ёшда, ўз фаолиятни бошлаш бўсағасида бўлган.
Шунингдек муваффақият кишиларнинг омади, бошқалар билан тил топишиб кета олишлари, қўллаб- қувватловчиси бўлишига ҳам боғлиқ. Крис Ланган дунёнинг энг IQ баланд инсони. Агар Эйнштейн IQ 150 бўлса, Ланганда 195 (!) ҳисобланади. Хўш аммо сиз Ланган ҳақида, китобда ёзилмагунча эшитганмисиз? Йўқ албатта. Ўзингизни айбламанг Ланган машҳур шахс, олим эмас, у ранчода отбоқарлик қилиб оддий кун кечиради. Туғри у ёшлигидан жуда билимли, салоҳиятли бўлган аммо одамлар билан чиқиша олмаслиги, оиладаги ёмон муҳит ва керак пайтда ўқиши учун пул топа олмагани учун у катта муваффақиятга эришмади.
Амалда, IQ ҳам кишининг туғма қобилияти, мантиқий фикрлашини кўрсатсада, унинг амалий ақли, зукколиги ёки эмоционал интеллектини билдирмайди.
Китобда шунга ўхшаш зукколар ва ландовурларнинг турли қизиқарли хусусиятлари ва ҳайрон қоларли жиҳатлари кўрсатилсада, асарни скептик бўлиб ўқиш лозим. Чунки, муаллиф статистик маълумотларга хулоса ясаркан, жуда умумлаштириб фикр чиқаради. Ўз фикрини келтириш учун баъзан кучсиз аргументларни келтирган.
Ёки бойларнинг фарзандлари камбағалларга нисбатан мустақилроқ, вақти ҳам эркинроқ бўлиши ҳақида фикрлар эса жуда оддий, одатий факт ҳисобланади.
Шунга қарамай китоб ўқувчини одатий вазиятларга бошқа нуқтадан қарашга мажбур этади. Бу нуқтаи назар қанчалик тўғрилигини баҳолаш эса китобхоннинг ўзига боғлиқ.