ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ
Шуайб алайҳиссалом қиссаси турли сураларда ҳикоя қилинади. Жумладан, Аъроф сурасида шундай дейилган:
“Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан очиқ ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозини тўла тортинг ва одамларнинг нарсаларидан уриб қолманг ҳамда Ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда бузғунчилик қилиб юрманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга имон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирманг! Озчилик бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган динга имон келтириб, бошқа бир тоифа эса имон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқармагунича сабр қилинг! У ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидир” (Аъроф сураси, 85-87-оятлар).
Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадян аҳлига пайғамбар қилиб юборди. Мадян қабила номи бўлиб, у Мадян ибн Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Мадян аҳли Ҳижоз ва Шом ҳудуди оралиғидаги “Маон” деб аталадиган минтақада истиқомат қилишарди. Аллоҳ таоло уларга Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.
Шуайб, Ибн Майкийл ибн Яшжар ибн Мадян ибн Иброҳимдир. Шуайб Мадян аҳлининг насабдаги биродарлари саналади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шуайб алайҳиссаломни зикр қилсалар: “У қавмига чиройли мурожаат қилгани ва ҳужжатининг кучлилиги сабаб анбиёлар хатибидир”, дердилар.
Мадян аҳли куфру исёнда эди. Хусусан, улар тарозидан уриб қолиш, бир-бирларининг ҳаққини ноҳақ йўллар билан ейиш сингари гуноҳларга мубтало бўлишган эди. Шуайб алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди. Уларни хиёнатдан ва ёмон хулқлардан қайтарди.
Суддий ва Икримадан ривоят қилинишича, Шуайб алайҳиссалом икки умматга юборилган. Биринчиси, Мадян аҳли. Улар кучли овоз билан ҳалок қилинганлар. Иккинчиси, Асҳобул айка. Уларни Аллоҳ соялар кунидаги азоб билан жазолаган. Шуайб алайҳиссаломдан бошқа бирон пайғамбар икки умматга юборилмаган.
Лекин муҳаққиқ уламоларга кўра, улар бир умматдир. Яъни, Мадян аҳли бу, Асҳобул айкадир. Улар қаттиқ зилзила, кучли овоз ва соялар кунидаги азоб билан жазоланганлар. Бу азоблар олдинма-кетин содир бўлган.
Шуайб қавмини Аллоҳнинг ваҳдониятига чақириб, уларга хитобан шундай деди:
– Сизларга Парвардигорингиз томонидан очиқ ҳужжат келди.
Яъни, мен сизларга пайғамбар эканимни тасдиқловчи очиқ мўъжизалар келтирдим. Бу сизларни мен келтирган нарсага ишонишга, буюрганларимни олиб, қайтарганларимдан қайтишга ундайди.
Шундан сўнг у Мадян қавмини ораларида кенг тарқалган бир иллатдан қайтарди:
“Бас, ўлчов ва тарозини тўла тортинг ва одамларнинг нарсаларидан уриб қолманг”.
Яъни, тарози ва ўлчовларни тўғри тортинглар, ҳақ эгаси ўз ҳақини тўлиқ олсин, бирон нарсани камайтирманглар, олаётган одам кўпайтириб ҳам олмасин! Адолатли бўлинглар! Ораларингиздаги ўзаро муомала вақтида одамлар ҳақидан уриб қолманглар!
Шундан сўнг Шуайб уларни умумий бузғунчиликдан қайтарди:
“Ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда бузғунчилик қилиб юрманглар!”
Яъни, ер юзида зулм ва босқинчилик қилиш билан, куфру исён билан фисқу фасод қилманглар! Ваҳоланки, ер юзи пайғамбарлар ва уларнинг солиҳ издошлари тарафидан ислоҳ қилинган, обод этилган. Сизлар обод маконни вайронага айлантирманглар!
Шундан кейин қавми қалбида имон келтириш туйғусини уйғотиш учун шундай мурожаат қилди:
– Агар мўмин бўлсаларингиз, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир.
Яъни, мен сизларга буюрган ва қайтарган нарсалар дунёю охиратингиз учун яхшидир. Бас, агар айтганларимни тасдиқласангиз, Аллоҳ тарафидан юборилган ҳукмларга амал қилсангиз, менга ижобат қилинглар!
Шуайб шу гапларни айтганидан кейин қавмини ҳаётининг бир қисмига айланиб қолган бошқа разолатлардан қайтарди:
“Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга имон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирманг!”
Яъни, одамлар ўтадиган ҳар бир йўл четига ўтириб олиб, менга имон келтирган кишиларни ўлдириш билан таҳдид қилманглар, одамларга озор берманглар! Менга имон келтириш умидида бўлганларни: “Шуайб ёлғончи. У сизларни тўғри йўлдан оздирмоқчи”, деб кишиларни ҳақ динни қабул қилишдан чалғитманглар! Уларнинг кўнглига турли шубҳа-гумонларни солманглар!
Кейин уларга Аллоҳнинг неъматлари эслатилди: “Озчилик бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини эсланг”.
Яъни, авваллари сизлар камчилик эдингиз, Аллоҳ сизларнинг сонингизни кўпайтирди. Илгари молу давлатингиз оз эди. Аллоҳ сизларга кўп давлат ҳадя қилди. Бу неъматлар эвазига Аллоҳга имон келтириб, У Зотга шукр қилишингиз керак. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Аллоҳ буюрган йўлдан юриш билан неъматлар шукри адо этилади.
“Ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!”
Яъни, аввалда ўтган қавмлар ҳаётига бир назар ташланг, Лут, Солиҳ қавмининг бошига не кунлар тушганига ибрат кўзи билан боқинг! Улар ер юзида бузғунчилик қилганлари сабаб балога гирифтор бўлдилар, қилмишларига яраша жазосини олдилар.
Бас, шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар ва менга итоат этинглар! Аввал ўтган ва туғёнга кетган қавмлар йўлидан юрманг. Акс ҳолда ўша бузғунчи қавмлар каби ҳалок қилинасизлар!
Шундан кейин уларни адолат қилишга, бағрикенг бўлишга, ўзига итоат этганларни тинч қўйишга чақирилади:
“Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган динга имон келтириб, бошқа бир тоифа эса имон келтирмаса, у ҳолда то Аллоҳ ўртамизда Ўз ҳукмини чиқармагунича сабр қилинг! У ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидир”.
Яъни, сизлардан баъзилар мен келтирган нарсаларни тасдиқлади. Баъзилар эса ўз куфрида оёқ тираб туриб олди. Бас, шундай экан, Аллоҳ икки тоифа ўртасида адолатли ҳукм чиқаргунича кутиб туринглар. Бу мўминларга нусрат бериш ва золим кимсаларни ҳалокатга учратиш билан бўлади. Зеро, Аллоҳ энг адолатли ҳукм қилувчи Зотдир!
Шуайб алайҳиссалом даъват қилишда энг ҳикматли услубни қўллади. У киши залолатдаги қавмни биринчи навбатда Аллоҳга имон келтиришга, куфрдан, ширкдан бутунлай воз кечишга чақирди. Зеро, бу Ислом ақидасининг асоси, диннинг рукнидир. Ақида масалалари баён қилингач, Мадян қавми орасида жуда оммалашиб кетган ижтимоий иллатлар зикр қилиниб, уларни ўнглаш лозимлиги баён қилинди. Жумладан, ўзаро муомалада адолатли бўлиш, тарози ва ўлчовларни тўғри тортиш, одамлар ҳақидан уриб қолмаслик, ер юзида бузғунчилик қилмаслик лозимлиги, йўл четига ўтириб олиб, турли ёмон ишларни қилмаслик кераклиги уқтирилди.
Шунча таъсирли ваъз-насиҳатларни эшитган қавм дарров имон келтириб, қилиб юрган разил ишларидан тийилишлари керак эди. Аммо қалби тошдан қаттиқ, маънан сўқир қавм учун бу насиҳатлар қумга сепилган сувдек бесамар кетди.
Қуйидаги оятларга қулоқ солайлик. Бунда қавмнинг Шуайб алайҳиссаломга қай тарзда муомала қилганлари келтирилади:
“(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: “Эй Шуайб, ё сени ё сен билан бирга имон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар”, дейишди. У айтди: “Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз – Аллоҳ хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримиз илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Биз Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидирсан”. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўрувчи бўласизлар”, дейишди. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар. Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, деди: “Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг вазифасини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди кофир қавмга қандай қайғурай?!” (Аъроф сураси, 88-93-оятлар).
Мадян аҳлининг мутакаббир ашрофлари Шуайб алайҳиссаломнинг таъсирли насиҳатларига жавобан:
– Қасамки, эй Шуайб, биз сени ва сен билан бирга бўлган одамларни қишлоғимиздан ҳайдаймиз. Сизларни ёмон кўрамиз. Кўргани кўзимиз йўқ. Шу йўл билан фитналарингиздан бошимиз тинчийди. Ёки сизларни ота-боболаримиздан мерос қолган динимизга қайтарамиз. Эй Шуайб, сизлар бу икки ишдан бирини танланглар: ё қишлоғимиздан чиқиб кетинглар, ё бўлмаса, бизнинг динимизга қайтасизлар! – деб дағдаға қилишди.
Молу давлати ва обрўсига ишониб ғурурга кетган кимсалар Шуайб алайҳиссалом ва у кишининг издошларига шундай таҳдид қилишди. Уларнинг қасам ичишлари ният қилган ишларини амалга оширишга қатъий ҳаракат қилганларини кўрсатади.
Уларнинг “динимизга қайтасизлар” деган гапи Шуайбга имон келтирган кишилар аввал қавмнинг динида бўлганлари, кейин ундан чиқиб, Аллоҳга имон келтирганларини билдиради. Шуайб алайҳиссалом эса пайғамбарликдан олдин ҳам, кейин ҳам ширкдан маъсум бўлган. Аллоҳ таоло у кишини катта гуноҳлардан сақлаган.
– Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? – деди.
Яъни, биз сизлар кетаётган йўлдан юришни истамасак, буни ёмон кўрсак ҳам бизни ўз йўриғингизга солишга мажбур қиласизларми? Ишонамизки, сизларнинг динингиз ботил, соғлом ақлга, юксак хулқ-одобларга зиддир. Йўқ, сизларнинг ботил эътиқодингизга қайтмаймиз!
“Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку?”
Яъни, Аллоҳ бизни ҳақ динга йўллаганидан кейин, бизларни ширк иллатидан халос этиганидан сўнг ҳам била туриб сизларнинг ботил динингизга қайтадиган бўлсак, у ҳолда Аллоҳ шаънига энг қабиҳ ёлғонни тўқиган, ҳақни инкор қилган бўламиз!
“Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз – Аллоҳ хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримиз илми ҳамма нарсани қамраб олгандир”.
Яъни, биз ҳеч қачон сизлар эътиқод қилган нарсага ишонмаймиз. Магар Аллоҳ хоҳласагина, шундай бўлади. Зеро, барча нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир. Сизлар ва бошқалар бизни мажбурлаб ўзга эътиқодга бўйсундиролмайсизлар. Динингиз ботил, бизнинг ақидамиз ҳақ эканига ишончимиз комил. Ҳамма нарса ишларни тасарруф этувчи, илми барча нарсани тўлиқ қамраб олган Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқдир.
Қуръони карим ҳикоя қилаётган юксак одоб намунасини қаранг: Шуайб алайҳиссалом куфр ва ширк иллатига зинҳор қайтмаслигини гўзал суратда, одоб билан билдирмоқда. Шу билан бирга қавмнинг ашрофлари тарафидан таҳдид бўлиб турган таҳликали пайтда ўзи ва бошқа мўминлар имон йўлидан зинҳор қайтмасликларини, ишларини Аллоҳга ҳавола қилишини билдирмоқда.
Шуайб алайҳиссалом қавмининг таҳдидига парво қилмай, Аллоҳга дуо қилишга чоғланди:
“Биз Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидирсан”.
Яъни, биз ёлғиз Аллоҳга таваккул қилдик, ишларимизни У Зотга топширдик. Сизларнинг дўқ-пўписаларингизга Аллоҳ кифоя қилувчидир. Ким Аллоҳга таваккул қилса, У Зот унга кифоя қилади. Ё Аллоҳ, биз билан зулм қилиш пайида турган қавмимиз орасида ҳақ ила ҳукм чиқар! Зеро, Сен ҳақ ила ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисисан. Сенинг ҳукминг жабру зулмдан холидир.
Мана шу ўринда ўзимиз учун оладиган бир қанча ибратлар бор. Жумладан, Шуайб алайҳиссалом мутакаббир қавм аъзоларига нисбатан ўта одоб билан муомалада бўлди. Уларнинг сўзларига ҳикмат билан жавоб қайтарди. Ортиқча тортишиш ва мужодаладан юз ўгириб, Аллоҳга юзланди ва улар ўртасида ҳақ ила ҳукм қилишни дуо қилиб сўради. Ҳа, бундай қийин вазиятда Шуайб алайҳиссалом фақат Аллоҳга суянди, бошқалардан умид қилмади.
Шуайб алайҳиссаломнинг бундай қатъиятини кўрган кофир қавм уларни ўз динларига қайтаришдан умидларини узишди ва Шуайбга эргашларни қўрқита бошлади. Қуръони карим буни ўз ҳикматли услуби билан қуйидагича баён қилади:
(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Қасамки, агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиён кўрувчи бўласизлар”, дейишди.
Яъни, Шуайб қавмининг ашрофлари унга эргашаётганларга хитобан:
– Сизлар ота-бобонгиз эътиқод қилиб келган диндан юз ўгириб, Шуайбнинг йўлига кириб кетсангиз, моддий бойликлардан қуруқ қоласизлар, ҳолингиз чатоқ бўлади. Чунки у сизларни тарозидан уриб қолишдан қайтаради. Агар бунга кўнсангиз, сувдай оқиб келаётган даромаддан қуруқ қоласиз, – дейишди.
Золим кимсалар нима қилиб бўлса ҳам одамларни Шуайбга итоат этишдан тўсмоқчи бўлдилар. Қавмини ўзлариниг азалий эътиқодларига содиқ қолишга чақирдилар. Улар ўзлари залолатга кетганлари етмаганидек бошқаларни ҳам жаҳолат қаъри томон судрамоқчи бўлдилар.
Шуайб ва у кишига қарши бўлганлар орасида кечган қизғин мужодаланинг оқибати нима билан тугагани қуйидагича зикр қилинади:
“Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар”.
Кечагина молу давлатига суяниб кўкрак кераётган золимлар қилмишларига яраша жазо олишди. Уларни қаттиқ зилзила тутиб, ер билан битта бўлдилар. Улар орасида қимирлаган жон топилмади.
Улар: “Шуайбга эргашгандар зиён кўради”, деб такрорлашдан чарчамаган эдилар. Уларни ўз динларига қайтаришга жуда кўп уриндилар. Бугун эса ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар. Улар фаровон ҳаёт кечириб турган бир паллада устларига бало ёғилди ва олдинги турмуш тарзларидан асар ҳам қолмади. Худди аввал яшамагандек, дунё ҳаёти лаззатидан баҳраманд бўлмагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончига чиқариб, унинг даъватидан бўйин товлаган кимсалар дунё ва охиратда зиён кўрувчи бўлдилар. Улар айтганларидек, Шуайбга эргашганлар зарар кўрмади, балки уларнинг ўзлари зиён кўрдилар, қилиб юрган гуноҳлари бошларига етди.
Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, деди: “Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг вазифасини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди кофир қавмга қандай қайғурай?!”
Қавмнинг исёнкор ашрофлари бошига бало тушиб, буткул ҳалок бўлганларидан кейин Шуайб улардан юз ўгирди ва издошларини огоҳлантириб:
– Эй қавмим, мен сизларга Парвардигоримнинг рисолатини етказдим, ақида масалалирини тушунтирдим, ҳукмларни баён қилдим, ваъз-насиҳат қилдим. Сизларни ислоҳ қилиш йўлида саъй-ҳаракат қилдим. Шундай экан, мен кофир қавмнинг бошига келган фалокатдан маҳзун бўлмайман. Мен уларнинг ҳидоятга келишлари ва азобдан омон қолишлари учун бор кучимни сарфладим. Аммо улар насиҳатни хушламадилар, ҳидоят нуридан залолат зулматини афзал билдилар. Йўқ, мен уларга ачинмайман, улар ҳалокатга йўлиққанлари сабаб қайғурмайман. Чунки ўша золим кимсалар бунга муносиб эдилар.
Ҳуд сурасида Шуайб алайҳиссалом ва қавм ўртасида кечган қизғин баҳс-мунозаранинг бошқа жиҳатлари ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уринг қолманглар! Мен сизларнинг яхшиликда эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен сизларнинг устингизга ўраб олувчи кун – қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман. Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинглар! Одамларнинг нарсаларини уриб қолманглар ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳ қолдирган нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман”. Улар дедилар: “Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!” У айтди: “Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса... Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўламан. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қиламан. Эй қавмим, тағин менга бўйсунмаслигингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин! Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир. Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта Парвардигорим марҳамат қилувчи ва дўст тутувчидир”. Улар дедилар: “Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаяпмиз ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлар эдик. Сен бизлар учун мўътабар киши эмассан”. У айтди: “Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз? Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб турувчидир. Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб оласизлар. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутувчиман”. Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида, Шуайбга ва у билан бирга имон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингларки, худди Самуд ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради” (Ҳуд сураси, 84-95-оятлар).
Аллоҳ таоло Самуд қабиласига Солиҳ алайҳиссаломни юборгани каби Мадян аҳлига Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Шуайб ҳар бир пайғамбар ўз қавмига айтган гапларни Мадян аҳлига айтди:
– Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар. Ҳақиқатан сизлар учун Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Аллоҳ сизларни яратган, У Зот сизларни ризқлантиради ва фақат Унинг ҳузурига қайтиб борасизлар.
Аллоҳга ихлос билан ибодатга даъват қилингач, одамлар ҳақини уриб қолишдан қайтарилди:
– Ва ўлчов ва тарозидан уринг қолманглар!
Ўлчовдан уриб қолиш икки хил бўлади. Биринчиси, агар бирон нарса сотаётган бўлса, харидор ҳақидан уриб қолиш, уларга кам миқдорда тортиб бериш. Иккинчиси, бирон нарса сотиб олаётганда келишилган миқдордан кўпроқ қилиб олиш.
Шуайб алайҳиссалом ана шундан огоҳлантирди:
– Эй қавмим, сизлар олишда ҳам, сотишда ҳам ўзгалар ҳақини уриб қолманглар! Агар нарса сотсангиз харидор ҳақидан камайтирманглар. Агар ўзингиз бирон нарса сотиб олсангиз, ҳақингиздан зиёда қилиб олманглар!
Мана шу икки ишга қуйидаги оятларда ишора қилинган: “(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир[1]”.
Шундан сўнг уларга нима сабабдан амру маъруф, наҳий мункар қилинаётгани айтилади:
“Мен сизларнинг яхшиликда эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен сизларнинг устингизга ўраб олувчи кун – қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман”.
Яъни, сизлар Аллоҳга холис ибодат қилинглар, ўзаро муомалангизда адолатли бўлинглар! Мен сизлар ўта фаровон ҳаёт кечираётганингизни кўряпман. Бундай кенг ризқ ва тўкин-сочин турмуш эвазига уни сизларга ато қилган Аллоҳга шукр қилишингиз лозим. Бунинг учун сизлар молу давлатингизни фақат Аллоҳ рози бўладиган йўлларда сарфланг ва ҳар бир ҳақдорга ўз ҳақини тўлиқ қилиб беринглар!
Агар сизлар мен буюрган ишларни қилмасдан, қайтариқларга қулоқ солмасангиз, устингизга қаттиқ азоб келишидан қўрқаман. У азобдан биронтангиз ҳам қочиб қутулолмайсизлар.
Шундан сўнг таъкид билан яна бир бор бировлар насибасини ноҳақ ейишдан қайтарди:
“Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинглар! Одамларнинг нарсаларини уриб қолманглар”.
Яъни, муомалада адолатни лозим тутинг. Одамларнинг зиғирча ҳам ҳақига хиёнат қилманглар!
Айтилишича, Мадян қавмида тарози ва ўлчовлардан уриб қолиш авжига чиққан, бу иллат уларнинг қон-қонига сингиб кетганди. Шу сабаб Шуайб алайҳиссалом қавмни такрор ва такрор ўлчовларда адолатли бўлишга чақирмоқда. Шундай қилинса, айтилаётган гап одамлар зеҳнига яхши ўрганашади, бир марта айтилганда тушунилмаган жиҳатлари аниқ бўлади.
“Ва ерда бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар!”
Яъни, ер юзида фисқу фасод ишларни қилманглар, Аллоҳ берган ҳисобсиз неъматларга шукр қилиш ўрнига У Зотга осийлик қилманглар! Акс ҳолда, бу неъматлар сизлардан олиб қўйилади!
Шундан сўнг улар ҳаром йўл билан тўплаётган бойликларидан кўра Аллоҳ даргоҳидаги нарса яхшироқ ва боқийроқ экани таъкидланди:
“Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳ қолдирган нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман”.
Яъни, Аллоҳ сизларга қолдирган ҳалол ризқ, хотиржамлик, яхшилик билан эсланиш, хайр-барака сизлар одамлар ҳақидан уриб қолиб йиғаётган ҳаром давлатингиздан яхшироқдир. Агар адолат ила иш тутсангиз, Аллоҳ сизларга ҳалол ва покиза ризқ ато этади.
Агар мўмин бўлсаларингиз, мен олиб келган нарсаларни тасдиқланг! Аллоҳ ато этадиган ҳалол ризқ сизлар учун яхшироқдир. Зеро, бу фақат мўминларгагина хосдир. Бас, дунё ва охиратда саодатманд бўлиш истагида бўлсангиз, менинг насиҳатларимга қулоқ тутинг, унга ижобат қилинг!
Эй қавмим, мен сизларга қўриқчи эмасман. Сизлар нима амал қилаётганингизни кузатиб, билиб туролмайман. Сизларни ҳисоб қилиш ҳам, унга мукофот ё жазо бериш ҳам менинг ишим эмас. Мен сизларга Парвардигорим буйруқларини етказувчи, сизларни огоҳлантирувчиман, холос. Сизларни кузатиш, ҳисоб қилиш ва муносиб тарзда мукофот ё жазо бериш Аллоҳнинг ишидир.
Муҳтарам ўқувчилар, кўриб турганингиздек, Шуайб алайҳиссалом аввало, қавмининг ақидасини тўғрилаш учун ҳаракат қилди. Кейин уларнинг ижтимоий иллатларини ислоҳ қилиш учун уларни муомалада адолатли бўлишга чақирди. Бу насиҳатларга қулоқ тутиб, уларни амал қилган одамнинг саодат сари одимлаши шубҳасиз. Аммо Мадян қавми бу таъсирчан насиҳатларга беписандлик билан қараб, Шуайбни масхара қилишди, унинг устидан кулиб шундай дейишди:
– Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!
Улар Шуайб алайҳиссалом жон куйдириб қилган насиҳатларини енгил санашди ва:
– Парвардигоринг сенинг зиммангга юклаган ва сен жуда кўп ўқиётган мана шу намозинг бизларнинг ота-бобларимиз сиғиниб келган бутларга ибодат қилишни тарк этишга чақирмоқдами?! Балки бизларни тарозидан уриб қолишдан қайтаришга ундаётган ҳам мана шу намозинг бўлса керак?! Агар ўқиётган намозинг сени шунга чақираётган бўлса, у ҳолда у ботил намоз экан. Унинг зиғирча ҳам қиймати йўқ. Биз буни сенинг мажнунлигингдан ва валдирашингдан бир кўриниш, деб ҳисоблаймиз.
Қавм бошқа ибодатлар орасидан айнан намозни хослашларига сабаб, Шуайб алайҳиссалом кўп намоз ўқир, золим кимсалар унинг намоз ўқиётганини кўрсалар, устидан кулишарди.
Уларнинг “Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан – ҳалим ва рашид кишисан-да!”деган сўзлари Шуайб алайҳиссалом устидан баттар мазах қилишлари учун айтилган. Гўё улар:
– Эй Шуайб, сен бизларни бутларга сиғиниш ва тарозидан уриб қолмасликка қандай буюрмоқдасан? Зеро, ҳаётимиз мана шу икки муҳим омилга асосланганини биласан-ку! Сен ҳалим, мулойим ва тўғри йўлдан юрувчи одам бўлсанг, у ҳолда бизлар учун фойдали бўлган ишни қилишимизга қўйиб бер, – дейишаётгандек.
Қавм қанча жоҳиллик қилса-да, Шуайб алайҳиссалом метин ирода ва кучли сабр-тоқат билан уларнинг азиятларига бардош берди. Қавмдан содир бўлган бу муомалага эътибор бермади. Чунки уларнинг жоҳилликларини, илмсиз эканларини яхши биларди.
Шуайб қавмига шундай хитоб қилди:
– Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса...
Яъни, менга айтинглар-чи, агар мен Парвардигорим томонидан берилган очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва Аллоҳ мени ҳалол ризқ билан таъминлаган, менга гўзал ва осуда ҳаёт ато этган бўлса, энди мен сизларнинг ҳойи ҳавасингиз деб Парвардигорим амрига зид иш қилишим тўғри бўладими?! Йўқ, мен таҳдидларингизга парво қилмасдан Парвардигорим менга юклаган вазифани адо этаман, Унинг буйруқларини одамларга етказаман!
“Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман”.
Яъни, сизларни яккаю ягона Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга, одамлар ҳақидан уриб қолмасликка чақирдим. Энди мен дунёвий манфаат илинжида ўзим айтган гапларга хилоф иш қилишни, бир ишга буюриб туриб, уни қилмасликни, бирон нарсадан қайтариб туриб уни ўзим қилишни истамайман! Зеро, мен айтган сўзи қилган амалига мувофиқ келувчи бир инсонман. Мен ўзимга нимани раво кўрсам, сизларга ҳам шуни раво кўраман!
“Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос”.
Яъни, сизларни нимага буюрган ва қандай ишлардан қайтарган бўлсам, фақат оралангизни ислоҳ қилиш, бахту саодатга эришишингиз учун шундай қилдим. Имконим борича, Аллоҳ қодир қилганича ораларингиз ислоҳ бўлишига ҳаракат қиламан.
Шуайб алайҳиссалом шундай кейин барча ишларини Аллоҳга ҳавола қилади:
– Ва Ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўламан. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қиламан.
Яъни, сизларни яхшиликка буюришим ва ёмонликдан қайтаришим фақат Аллоҳнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши билан бўлади. Мен фақат Ёлғиз Аллоҳга таваккул қиламан, У Зотга суянаман.
Шуайб алайҳиссалом қавмига насиҳат қилишда давом этиб, аввалги ўтган қавмлар бошига тушган мусибатларни эслатди ва улар каби бўлиб қолишдан огоҳлантирди:
– Эй қавмим, тағин менга бўйсунмаслигингиз сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин!
Яъни, эй қавмим, менга бўлган адоватингиз, мени ёлғончига чиқаришингиз, исён қилишингиз сизларни худди Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ қавми бошига тушган мусибатларга мубтало қилмасин!
“Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир”.
Агар сизлар Нуҳ қавмининг сувга ғарқ қилинганидан, Ҳуд қавмининг кучли шамол сабабидан ҳалок бўлганидан, Солиҳ алайҳиссалом қавмининг кучли овоз туфайли маҳв этилганидан ўзларингиз учун ибрат олмасангиз, ҳеч бўлмаса, Лут қавми бошига тушган кўргиликдан ибратланинг! Уларнинг ҳовли-жойлари остин-устин бўлиб кетганди. Лут қавми замон ва макон жиҳатидан сизлардан узоқ эмас, ахир.
Шундай сўнг Шуайб алайҳиссалом қавмини Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш сари ундаб, Аллоҳга тавба-тазарруъ қилишга чақиради:
“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта Парвардигорим марҳамат қилувчи ва дўст тутувчидир”.
Яъни, сизлар барча қилган гуноҳларингиздан қайтиб, Аллоҳга чин дилдан тавба қилинглар. Зеро, Аллоҳ тавба қилувчи бандаларига меҳрибон ва Ўзига итоат этганларни дўст тутувчидир.
Шундай қилиб Шуайб алайҳиссалом турфа йўллар билан қавмини тўғри йўлга солишга ҳаракат қилди. Баъзида руҳлантириш, баъзида азобдан қўрқитиш орқали ҳақ динга киришларидан умид қилди. Аммо бузғунчиликка муккадан кетган, жаҳолат зулмати қаърига ботган қавм Шуайбнинг насиҳатларига қуйидаги сўзлар билан жавоб қайтаришди:
– Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаяпмиз.
Яъни, қавм Шуайб айтган гапларни енгил санаб, у айтаётган гапларни инкор қилиш учун:
– Эй Шуайб, айтаётган кўп гапларингни ҳеч тушуна олмаяпмиз. Чунки уни нафсимиз қабул қилмаяпти. Сен бизни Аллоҳга ибодат қилиш ва тарозидан уриб қолмасликка кўп даъват қилдинг. Сенинг даъватингдан зерикдик. Айтган гапларинг қулоғимизга ёқмаяпти. Ақлимиз уни тушунишдан ожиз қолмоқда, – дедилар.
Улар бу билан Шуайб алайҳиссалом гапларини менсимасликка олиб, уни инкор қилиш пайида бўлдилар. Худди бир одам ўзга кишининг гапига эътиборсиз оҳангда: “Гапингга тушунмадим”, деганидек улар ҳам Шуайб алайҳиссалом насиҳатларини эшитишни, тушунишни истамадилар.
“Ва сени орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта сени тошбўрон қилган бўлар эдик. Сен бизлар учун мўътабар киши эмассан”.
Яъни, сенинг куч-қувватинг йўқ, бир ожиз кишисан. Бизга қарши чиқишга мадоринг йўқ сенинг. Хоҳласак сени қишлоғимиздан бадарға қилиб юборамиз. Агар бизнинг динимизга мансуб яқин қариндошларинг бўлмаганида, ўлгунингча тошбўрон қилган бўлардик. Мана шу яқинларинг сабабли сенга омонлик беряпмиз! Эй Шуайб, сен биз учун мукаррам, маҳбуб эмасман. Биз сени ёмон кўрамиз. Бизлар учун сен ожиз бир одамсан, деб таҳқирлади нобакор қавм.
Ана энди Шуайб алайҳиссалом мулойимликдан қаттиққўлликка, лутф кўрсатишдан шиддат ила муомала қилишга ўтди:
– Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз?
Яъни, мени улар сабабидан тошбўрон қилмаяпсизми? Менинг қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан кўра азизроқми?! Ваҳоланки, Аллоҳ сизларни яратган, ризқлантираётган, сизларни ўлдирувчи ва қайтар тирилтирувчи Зот-ку?!
Сизлар Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини куфру исёнингиз сабаб бепарво ташлаб қўйдингиз, унга эътибор бермадингиз!
“Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб турувчидир”.
Яъни, албатта Парвардигорим Ўз илми билан сизлар айтаётган гапларни, қилаётган қабиҳ амалларингизни билиб туради ва шунга қараб сизларга муносиб жазо беради.
Шундай сўнг уларга таҳдид оҳангида шундай дейилди:
– Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб оласизлар. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутувчиман.
Яъни, сизлар менга нисбатан қўлингиздан келган ҳамма ишни қилинг, хоҳлаганингизча қўрқитинг, таҳдид қилинг, буларнинг ҳеч бири менга зарар келтиролмайди. Мен Аллоҳнинг мададига суянсам, сизлар қандай қилиб менга шикаст етказа олардинглар!
Мен сизларнинг бу қилмишларингга жавобан чиройли амал қиламан, одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва гўзал хулқ-одоб эгалари бўлишга чақираман.
Хоҳлаган ишингизни қилинг, ихтиёрингиз ўзингизда. Яқин орада орамиздан кимнинг бошига хор қилувчи азоб тушишини, ким ёлғончи эканини билиб оласизлар! Бас, ҳақиқатни инкор қилишингиз оқибати қандай бўлишини кутинглар! Мен ҳам Аллоҳ сизларга қандай ҳукм қилишини кутиб тураман!
Шуайб алайҳиссалом қавми қилаётган ишлари сабабидан не кўйга тушишларини кутиши узоққа чўзилмайди. Улар туғёнда давом этишгач, Аллоҳнинг жазоси уларнинг бошига жуда тез суръатда келди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
“Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида, Шуайбга ва у билан бирга имон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик”.
Яъни, уларни азоблаш ҳақида амримиз келганида, Биз пайғамбаримиз Шуайб ва у билан бирга имонларида содиқ қолган мўминларни қутқардик. Бу Биз тарафимиздан улар учун раҳматдир.
“Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар”.
Яъни, Шуайб қавмидан золим бўлган кимсаларни кучли қичқириқ тутди ва уларни ҳалок қилди. Золимлар ўз масканларида ҳалок бўлдилар, ҳаракат қилувчи бирон тирик жон қолмади, пичирлаган овоз ҳам эшитилмади.
Шуайб алайҳиссалом қавми бу аянчли ҳалокатдан сўнг илгари ўз юртларида фаровон ҳаёт кечирмагандек, ҳеч ҳам хотиржамликда умргузаронлик қилмагандек бўлиб қолдилар.
“Огоҳ бўлингларки, худди Самуд ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради”.
Яъни, сизлар огоҳ бўлинглар! Илгари Самуд қабиласи қандай ҳалок қилинган бўлса, Мадян аҳли ҳам шундай ҳалок қилинди. Улар Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этилдилар, лаънатга гирифтор бўлдилар.
Шу зайл Мадян аҳлининг имондан бўйин товлаган мутакаббир кимсаларининг ҳаёт саҳифаси аянчли суратда ёпилди.
Шуаро сурасида Шуайб алайҳиссалом қиссасининг яна бошқа жиҳатлари ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Дарахтзор эгалари пайғамбарларини ёлғончи қилдилар. Ўшанда Шуайб уларга айтган эди: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат оламлар Парвардигори зиммасидадир. Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортувчилардан) бўлманглар! Ва тўғри тарози билан тортинглар! Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Ҳамда сизларни ҳам, аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот – Аллоҳдан қўрқинглар!” Улар дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган – ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қиламиз. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!” У айтди: “Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билувчидир”. Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни “соябон” кунининг азоби билан ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди. Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи Ғолиб, Меҳрибондир” (Шуаро сураси, 176-191-оятлар).
Сурада “дарахтзор” деб айтилаётган минтақа дарахтлар билан тўла жой бўлиб, у Ҳижоз ва Фаластин ўртасида эди. У “Амон” деб аталадиган минтақа бўлса, ажаб эмас.
Ибн Касир айтишича, саҳиҳ қавлга кўра, “дарахтзор эгалари” Мадян аҳлидир. Аллоҳнинг пайғамбари Шуайб уларнинг ўзларидан эди. Аллоҳ бу ерда “биродарлари Шуайб” деб айтмади. Сабаби улар дарахтларга ибодат қилишарди. Шунинг учун “дарахтзор эгалари пайғамбарларни ёлғончи қилдилар” деганида, “уларга биродарлари Шуайб” эмас, балки “уларга Шуайб айтди”, деди. Шу билан улар орасидаги биродарлик кесилди. Гарчи Шуайб насаб жиҳатидан уларга биродар бўлса-да, аммо дин йўлида биродар эмас. Одамлардан баъзилар бу нуқтани яхши тушунмасдан дарахтзор эгалари (Асҳобул айка) Мадян аҳли эмас, деб айтишади. Уларнинг даъвосига кўра, Аллоҳ Шуайб алайҳиссаломни икки хил умматга юборган. Саҳиҳ қавл шуки, улар бир умматдир. Улар ҳар бир мақомда бирон нарса билан васф қилинганлар. Шу сабаб, худди Мадян қиссасида бўлгани каби уларни тарозидан уриб қолмасликка чақирган. Булар бир-бирига жуда ўхшаш[2].
Шуайб алайҳиссалом қавмини Аллоҳга тақво қилишга буюриш, Аллоҳнинг буйруқларини етказиш учун ишончли пайғамбар эканини ва қилаётган насиҳатлари учун фақат Аллоҳдан мукофот умидида эканини таъкидлаш билан даъватини бошлади.
Шундай кейин Мадян аҳли орасида жуда кенг тарқалган ижтимоий иллат ислоҳи йўлида қуйидагиларни айтди:
– Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортувчилардан) бўлманглар! Ва тўғри тарози билан тортинглар! Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар! Ҳамда сизларни ҳам, аввал яралган умматларни ҳам яратган Зот – Аллоҳдан қўрқинглар!
Яъни, Шуайб алайҳиссалом қавмига насиҳат қилиб:
– Эй қавмим, ўлчовни тўғри қилинглар! Тарозидан уриш йўли билан одамлар ҳақини еманглар! Ўлчаш ва тарозида тортишда адолатли бўлинглар! Одамларнинг зиғирча ҳам ҳаққидан уриб қолманглар! Ер юзида қотиллик, йўлтўсарлик ва тинч аҳолига ваҳима солиш билан бузғунчилик қилманглар. Эй қавмим, сизларни ва сизлардан олдин ўтган куч-қувват соҳиблари бўлган кимсаларни бир томчи сувдан яратган Аллоҳдан қўрқинглар! Аввалда ўтган Ҳуд ва уларга ўхшаш қавмлар сизлардан куч-қувват ва молу давлатда устун эдилар. Шундай бўлса-да, Аллоҳ уларни куфру исёнлари сабаб ҳалок қилди.
Қавм аъзолари Шуайб алайҳиссалом қалбидан отилиб чиққан насиҳатларни эшитди, аммо ундан таъсирланмадилар. Балки Шуайб алайҳиссаломга тик боқиб: “Ақлдан озгансан, сеҳрлангансан”, деб таъна тошларини отишди. Қуръони карим уларнинг бу бўҳтонларини ва ҳеч нарсадан тап тортмай бошларига азоб туширишни сўраганларини қуйидагича баён қилган:
Улар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган – ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қиламиз. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!” дедилар.
Мадян аҳли ўзларига бино қўйиб, ғурур ва мақтанчоқлик билан:
– Эй Шуайб, сен сеҳрлангансан. Нима деётганингни билмаяпсан. Сен бизга ўхшаган одамсан, таом ейсан, ичимлик ичасан. Пайғамбарлар каби алоҳида ажралиб турадиган жиҳатинг йўқ сенинг. Шу сабаб, биз сен даъват қилаётган нарсалар ёлғон деб гумон қиляпмиз. Агар даъвоинг рост бўлса, бас, бошимизга осмондан азоб ёғдир-чи! – дедилар.
Улар Шуайб алайҳиссаломни оддий одамлар каби ҳаёт кечиришини рўкач қилишди. Сеҳрланган мажнунсан, деб бўҳтон қилиб, унинг пайғамбарлигини тан олгилари келмади. Улар Шуайбга мана шу икки “иллат”ни хослаб, ўз ҳавойи нафслари истаган нарсада бардавом бўлдилар.
Шуайбни ёлғончига чиқаришлари етмаганидек, яна устиларига азоб туширишини ҳам талаб қилдилар. Худди улар ҳақлар-у, Шуайб пайғамбар ноҳақдек! Ҳа, қалб эшиги ёпиқ қавм аъзолари ўзларини осмонда деб билиб, Шуайбни масхара қилишар, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, деб ўйлашарди.
Бироқ, Шуайб алайҳиссалом бундай абадсизликларга қуйидаги сўзи билан муносабат билдирди:
– Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билувчидир.
Яъни, Парвардигорим Аллоҳ сизлар қилаётган ҳар бир амал ва оғзингиздан чиқаётган ҳар бир сўзни билиб туради. Шунга қараб сизларни муносиб тарзда жазолайди.
Шундан сўнг пайғамбарларини хўрлаганлари, унга нисбатан ҳурматсизлик қилганлари сабаб, бошларига не азоблар тушгани баён қилинади:
“Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни “соябон” кунининг азоби билан ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло уларнинг устига қаттиқ жазирамани юборди. Бу уларни қаттиқ қийнаб қўйди. Улар уйларининг энг ичкарисига кириб олдилар. Иссиқ ҳаво ўша ергача кириб борди. Улар уйларидан қочиб чиқиб кетдилар. Шунда Аллоҳ таоло Мадян қавми устига қуёш тиғидан тўсиб турувчи бир булутни юборди. Улар ўша булут остида салқинлик ва роҳатни ҳис қилишди. Бир-бирларини чақириб, ҳаммалари булут остига тўпланишди. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг устига олов туширди ва барчалари ҳалок бўлишди[3].
Шундан сўнг Шуайб алайҳиссаломнинг қавми билан бўлган қиссасига якун ясалади:
“Албатта бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи Ғолиб, Меҳрибондир”.
Пайғамбарларнинг ҳаммаси бир рисолат билан Аллоҳ таоло томонидан юборилганлар. Улар қавмларини аввало, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга чақириб, мақталган одоб-ахлоқлар билан хулқланишга чақиришган.
Шуайб алайҳиссалом қиссасидан олинадиган бу ибратлар ҳам ҳар бир ақл эгаси учун манфаатлидир.
[1] Мутаффифин сураси, 1-3-оятлар.
[2] “Тафсиру ибни касир”, 6-жуз, 168-бет.
[3] Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган.