Касса атрофидаги хаёллар ёхуд яна чипта мажароси
Иш билан “Бунёдкор” стадиони яқинидан ўтаётгандим. Метрода тушадиган “ер ости йўли”нинг шундоқ ёнгинасида “Чиптахона” деб ёзилган бино олдида бир тўп оломоннинг “бақир-чақир”ига кўзим тушди. Билдимки, 23 ёшли футболчилар ўртасида Осиё Кубоги финал босқичи “Ўзбекистон U-23” — “Саудия арабистони U-23” ўйинининг чипталари сотувга чиққан. Сал нарироқда эса бир нечта хавсизлик ходимлари ҳам ўтиришибди. Менимча улар мана шу тала-тўп қилаётган одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида келган.
Шунда хаёлимда турли фикрлар кела бошлади. Бир-бирини суриб, “нари тур”, “бир ўзингга нечта оласан”, “навбатингга қарасангчи” деган ҳайқириқлардан қандайдир ачиниш пайдо бўлди ичимда.
Ўйлаб қолдим. Биз қайси асрда яшаяпмиз? Наҳотки, ҳалиям ХVIII асрдамиз?! Тарақиёт, илм фан, технология, интернет соҳалари ривожланиб бораётган айни дамда наҳотки шунақа талатўп қилиб касса атрофида талашсак?! Қачон биз ҳам чипта сотувида Европа даражасига чиқамиз? Қачон уйдан туриб электрон усулда харид қиламиз? Бу каби саволлар навбатма-навбат келаверди хаёлимга.
Албатта, терма жамоамизга мухлислик қилиш учун чипта олиш илинжида талашиб-тортишиб касса атрофини ўраб олган инсонларни кўриш қувонарли. “Наҳотки футболимиз мухлислари шу даражада ишқибоз” деб ўйлайсан. Аммо улар ҳақиқий мухлис эмас, фойда кўриш мақсадида жон куйдириб, харид қилаётган олиб-сотарлар бўлса-чи? Буниси энди, аламли. Давлат томонидан белгиланган 15-20 минг сўмлик чиптани олиб, ўйин бошланаётган вақтда 50 – 60 мингдан пулласа, бу адолатданми? Ким кафолат бера олади кассадан 5-10, ҳатто 15 донагача чипта харид қилган “мухлис”ни чипталари ўзи айтган “ўртоқлари”, “амаки, акалари” учун хизмат қилишига? Ҳеч ким, ҳа ҳеч ким кафолат бера олмайди!
Энди тасаввур қилинг, республикамизнинг олис вилоятидан ҳақиқий мухлис футбол томоша қиламан деб, узоқ йўл босиб пойтахтга келсаю, чиптахонадан билет тополмаса, бу адолатданми?! “Шунча йўлни босиб келдим, футбол кўриб кетай энди” дея белгиланган нархдан 2-3 баравар қимматига “олиб сотарлар” қўлидан чипта олиб, стадионга кирса, хўш буниси адолатданми?! Унда айтингчи, олис вилоятдагилар севимли жамоасини қўллаш, ўйинидан завқ олиш учун уч-тўрт кун олдин келиб, чиптахонага навбатда турсинми, ёки ишхонадаги, уйидаги ишларига қарасинми?
Менимча, бу ҳолат билан янада жиддийроқ шуғулланиш фурсати келди. Биласизми, нимани истардим — футбол чипталари мутлақо кассада сотилмаслигини, ҳа кассада сотилмаслигини! Бу қандай беъманилик деяпсизми? Ҳозир тушинтираман.
Бугун сир эмаски, уйида телефони йўқ хонадон бўлмаса керак юртимизда. Албатта бунга шукрона айтсак арзийди. Шунингдек, пластик карточка ишлатмайдиган хонадон кам бўлса керак. Демак, пластик карточка ёки телефон бор экан бунинг ечими бор. Айнан шулар орқали чипта сотувини жорий этиш мумкин. Ҳа топдингиз, бугунги кунда кўпчилик фойдаланаётган “Click” орқали. Ёки интернет орқали сотилган ва бўш “секторларни” кўриб ўзига керакли ўриндиқдан чипта сотиб олиш имконияти яратилса. Фақат бир нарса ҳар бир харидор кўпи билан икки дона чипта харид қила олса. Майли бу иш бир ой, уч ой, борингки бир йил самара бермас. Аммо шуни ишонч билан айта оламанки, шундай қилинганда албатта чипта олаётганлар орасидан ҳақиқий футбол мухлиси ва олиб сотарлар ажралади, аниқроғи давлат белгилаб берган нархга хиёнат қиладиган олиб сотарларнинг “оёғи қирқилади”, улар йўқ бўлади. Ҳақиқий футбол мухлиси эса қандай йўл билан сотилмасин, чипта харид қилиш йўлини излаб топади.
Ўзим ҳам кўпчилик футболимиз ишқибозлари қатори терма жамоамизга мухлислик қиламан. Мен ҳам жамоамизни азалий орзуси жаҳон чемпионатига ўйнашини хоҳлайман. Ўйинларини бориб стадиондан кузатишни истайман. Аммо юқоридагидек, касса олдидаги кўнгилни хира қилгувчи ҳолатларни кўриб нимадир дегим келади, нимадир қилиш керак деб ўйлаб қоламан.
Бу фикрларим билан “ақллилик” қилиш ёки ақл ўргатишдан буткул йироқман. Эҳтимол, мен айтмоқчи бўлган бу таклифларни аллақачон ўйлаб кўргандир ҳам. Балки унданда қулайроқ усулни жорий этишни режалаштираётгандир. Аммо бир нарсани истайман — ҳар бир ишимиз ортида маданиятимиз кўриниб турсин ҳамиша. Талатўп қилиб эмас, уйимиздан туриб харид қилайлик ана шу чипталарни. Бизни кўриб ҳавас қилсин дунё аҳли. Жамоамиз эса ғалабалар қилиб, стадионларимиз тўлиб тошсин чин мухлисларга.